Бобнинг тўртинчи фаслида қор образида кечинма тасвири ўрганилган. Қор мўъжизакор табиатнинг энг гўзал ҳодисаларидан биридир. У сув зарраларининг совуқдан бирикиши натижасида юзага келадиган оқ пар шаклидаги ёғин43 ҳисобланади. Қор музлаган сувдан бошқа нарса эмас. Унинг совуқлиги ҳам шундан. Қор доналари музнинг кичик кристаллчаларидан таркиб топган ва ёруғлик унинг беҳисоб қирраларидан қайтгани учун ҳам қор доналари шаффоф эмас, оқ бўлиб кўринади. Қор парчалари олти қиррали бўлиб, табиатда иккита бир хил қор донасини топиш қийин. Қор ҳамиша ҳам оқ рангда бўлавермайди. Дунёнинг кўпгина минтақаларида қизил, яшил, зангори ва ҳатто қора қорлар ҳам ёғиб туради. Унинг бундай турфа рангда бўлиши сабаби шундаки, қор доналари ерга тушаётганда, ҳавода мавжуд майда бактериялар, замбуруғлар ва чангни ютади.
Aдабиётда табиат ва у билан боғлиқ ҳодисалар рамзий-тимсолий моҳият касб этади. Замонавий ўзбек шеъриятида қор тасвирига бағишланган асарлар ўзига хос бадиий тизимни ташкил этади. Буни А.Чўлпон, Ойбек, Ҳ.Олимжон, Зулфия, Э.Воҳидов, А.Орипов, Р.Парфи, У.Азим, И.Мирзо сингари шоирлар ижоди мисолида кузатиш мумкин. Жумладан, Чўлпоннинг “Яна қор”, ”Қор”, ”Баҳорни соғиндим”, “Умид”, “Бу ернинг қиши”, ”Ўзбеклар”, каби шеърларида қорнинг поэтик образ даражасига кўтарилганлигини кўриш мумкин. Унинг табиат рамзлари ҳақидаги шеърлари О.Шарафиддинов, Н.Каримов, Б.Қосимов, Д.Қуронов каби адабиётшунослар томонидан ўрганилган.
Чўлпоннинг “Яна қор” шеъри қор мавзудаги асарларнинг гултожи дейиш мумкин:
Яна қор! Оқ кафан ўралди яна,
Яна кўк қўйди ерга парларини
Қарғанинг тиллари буралди яна
Яна қор чорлади “навкар”ларини44.
Чўлпон мураккаб тарихий давр ижодкори эканлиги барчага маълум. Мустамлакачилик занжирлари билан ўралган халқ эса оғир ижтимоий, иқтисодий, маданий шароитда яшаётганди. Халқнинг мана шундай аламли кунларини қаҳратон, совуқ қишга ўхшатади. Большевиклар тузуми ёғдирган совуқ қор маънавияти, маърифати ўлиб бораётган халқ устига ўралган кафан, шўро давлати асосчиларини эса қишни, ундаги қорни яхши кўрадиган қарғага ўхшатади. Демак, қорнинг совуқлиги кафанга қиёсланар экан, шоир яшаб турган тузумнинг ижтимоий манзарасини рамзий ифода этганлигини пайқаш қийин эмас. Қолаверса, кейинги мисрада дастлабки сатрдаги кескинлик руҳи илиқ кайфият билан алмашинади. Энди шоир қор парчаларини парларга ўхшатади. Маълумки, қор қиш гўзаллигини ўзида ифода этади. Бадиий адабиётда у кўпинча беғуборлик, софлик рамзи бўлиб келади. Лекин Чўлпон қаҳратон қишнинг оппоқ қорларини бир неча ўринларда майитга ўраладиган кафанга менгзаган. Шеърдаги яна бир фазилат шундаки, шоир қор ва қарғани ёнма-ён тасвирлайди. Чунки қарға табиатда қорни севувчи қуш. Унинг қордан завқ олиб, тўда-тўда бўлиб ўйин тушиши рамзий маънода болшевиклар тузуми манзараларини акс эттириб келади.
Чўлпон табиат рамзларида ижтимоий ҳаётни акс эттиради. Адабиёшунос И.Ҳаққул айтганидек “Шеърларида у борлиқ-оламдан нусха кўчирмайди. Балки табиат манзараларидан табиат шеърларини яратади”45. Ўзбек шеърияти намуналарида табиат рамзлари (шамол, ёмғир, қор, дўл, сел, довул, чақмоқ, булут)га мурожаат қилиш, улар орқали маълум бир фикрни ифодалаш тажрибаси сезиларли даражада эътиборни тортади ва айтиш мумкинки, улар замиридаги маъно-моҳиятни тўлақонли англаб етиш, табиат рамзлари иштирокидаги шеърий мисраларни таҳлил қилиш орқали уларга юкланган мазмунни англаш мумкин бўлади.
Қор оқ кафанга ўхшатилган, унинг оламни қоплаши ҳурлик ва эркинликни тўсиши тарзида талқин этилган, шу жиҳатдан бунда ижтимоий мазмун англашилади, маҳзунлик кайфиятини ифодалаб келади (Чўлпон); қор янги туғилган чақалоқнинг оппоқ йўргакка боғланишига ўхшатилган, бунда ҳаётсеварлик руҳи кўзга ташланади, лайлакқорлар “пориллаган чироқлар”га, қишнинг оппоқ қанотига қиёс этилган, деҳқон учун мўл-кўл ҳосил асоси бўлиб хизмат қилиши ифода этилган (Ҳ.Олимжон); уруш ёзда ёққан қорга, оқ соч эса қорга (Зулфия) ўхшатилган. Қор пейзаж тасвири сифатида лирик қаҳрамоннинг кўтаринки кайфиятини акс эттиради, ризқ-рўз манбаи, ўтиб бораётган умр рамзи бўлиб келган (А.Орипов); тоғ чўққисидаги эриб тушаётган қорлар баҳорнинг ташрифини ифодалайди (Э.Воҳидов); лирик қаҳрамон гўзалликни туяди, муҳаббатдан озорланган кўнгилнинг эримаган қорга қиёс этилади (Р.Парфи); лирик қаҳрамон туйғу-кечинмаларини, олислаган муҳаббат рамзини ифодалаб келади (У.Азим); лайлакқор образи елдек ўтгувчи умр, шамолдай елиб бораётган ёшликни(М.Юсуф); юракни қор босиши эса рамзий маънода ишқнинг юрак тубига тушганлигини (И.Мирзо) билдириб келади.
Тадқиқотнинг «Замонавий ўзбек шеъриятида табиат рамзлари мавзусидаги шеърлар поэтикаси» деб номланган учинчи боби икки фаслни ўз ичига олади. Дастлабки қисмда табиат рамзларининг бадиий санъатларни юзага келтириши щрганилган. Таъкидлаш керакки, Замонавий ўзбек шеъриятида табиат рамзлари воситасида ташхис, ташбеҳ, истиора сингари санъатларни юзага келганлиги кузатилади. Ҳар бир табиат рамзининг фазилат ва ўзига хос хусусиятлари ташбеҳ, ташхис, сифатлаш, тамсил, аллитерация каби бадиий санъатлар воситасида очиб берилган. Хусусан, ташбеҳ табиат рамзларини ифода этишда энг кўп қўлланилган санъатлардан биридир. Ташбеҳ кўп ҳолатларда ташхис ва метафора билан бирга келиши кузатилади.
Чўлпоннинг «Яна қор» шеъридаги бадиий деталларни ижобий (қуёш, ёз, баҳор, чечак) ва салбий ( қиш, қор, қарға, совуқ тун) каби икки гуруҳга ажратиш мумкин. Шеърда қор – оқ кафанга, қиш булутлари – қоп-қора девга, ўхшатилади.
А.Ориповнинг “Юртим шамоли” шеърида “Дунёдаги бир зори висол” – лирик қаҳрамон қалби Ватан ишқи билан ёнади. Кейинги мисрада бу фикр талмеҳ орқали кучайтирилади. Яъни у ўзини шу жиҳатдан Карбало даштида кезган Мажнунга ўхшатади. “Шамоллар ичидаги бир шамол” дер экан, шоир шамолни рамзий маънода эркинлик тимсоли, ўзини эса унга интилаётган эркинлик эпкини сифатида ифода этади. Шамолни “руҳимнинг мангу хаёли” дея таърифлайди. Шоир юрт шамолида эса дилга яқин бир ҳисни – туғилиб ўсган ўлкага меҳрни туяди.
Қиш бўйи интизор кутган баҳорим.//Баҳор-ку ўтади шамолдек шитоб,
Майли, ўтажак у ва ўтар бўлсин соф,//Умринг шамоллари муаттар бўлсин46.
Юқорида шамол фалсафий мазмун ташийди. Шоир шамолни жонлантиради: шамолнинг ҳар томонга елишида инсондаги “оҳ уриш” руҳий ҳолати монанддир. Бундаги ташбеҳ ҳам ҳаётий. Шамол сокин ва вазмин тоғ бўлишни истайди. Тоғ эса, аксинча, шамол каби мовий кенгликларга қулоч ёзишни истайди. Зеро, инсон ҳаёти ҳам тоғ ва шамолга қиёс. У баъзан тоғ каби сокин, баъзан шамол янглиғ югурик.
Шамол увиллайди,
Қор, бўрон тошиб,
Тепалик тўшига ўзни уради.
У ерда тупроққа бағрини босиб
Танҳо бир сағана маъюс туради 47.
Aбдулла Ориповнинг “Онамни эслаб” шеъридан олинган юқоридаги сатрлар ниҳоятда маҳзун. Бинобарин, ҳар бир табиат ҳодисасининг характерли хусусияти мавжуд. Масалан, шамолда овоз чиқариш хусусияти бўлганлиги учун шоир унга нисбатан “увилламоқ” сўзини қўллайди ва ташхис яратади. Қор ва бўроннинг тошиб, “ҳамма ёқни бошига кўтариши”га қарамасдан қабристон ва ундаги сағаналар жим, сукунатда.
А.Орипов шеъриятида табиат рамзлари: ёмғир, қор, булут, чақмоқ, туман яна бир қанча табиат ҳодисаларининг поэтик рамзийлигини жуда таъсирли ифодалаган.
….Шамол шовуллайди қадим боғларда,
Буюк, кўҳна дунё кўпчийди оғир.
Мен унинг қўйнида кездим сабодай,
Қорлардан лоларанг оловлар ёқдим.
Бир зум шаҳаншоҳлик теккан гадодай, –
Умр ўтар, дедим дунёга боқдим.
Қучоқ оч, дилбарим, шу гул наҳорга,
Туманли туйғулар босмасин оғир.
Илтифот қилмасак жажжи баҳорга,
Нуроний куз бизни сийламас ахир 48.
Ушбу мисраларда ижодкор фалсафий маънодорлик, кичик бир ҳаётий деталдан, олис ўтмиш хотираларидан фалсафий мазмун касб этувчи бадиий умумлашмалар чиқарган. Бу мисралар замирида буюк ижодкор кучли шамол мисоли кўпчийди, улар олдида ижодкор ўзини эрталабки эсган майин сабо каби ҳис этади.
“Эсин”, “шаббода”, “насим” ёки “шабада” сўзлари майин елни билдиради. “Шаббода” аслида кун ботгандан кейин тонггача эсадиган майин елни англатади. Лекин ҳозир кўпчлик кундузги майин елни ҳам шаббода дейди. “Насим” ва “эсин” сўзлари классик адабиётда кўп ишлатилган. “Самум” ва “гармсел” сўзлари иссиқ шамолни, “сарсар”, “изғирин” ёки “изғириқ” совуқ шамолни билдиради. Бир ишни қилаётганда кишига ёрдамлашадиган, масалан, кемани керакли томонга сурадиган ел “шурта” дейилади. Шеърда “шаббода ва ёмғир” майинлик ҳамда муҳаббатга бой ҳиссиётларни рамзи бўлиб келмоқда.
Ивишган новдалар синдилар.
Ёмғир ҳам ёғмади узун кун,
Барглари жон узиб тиндилар.
Самонинг кўксига қоқилса,
Шамолга чиқсайди отилиб.
Майлига ёмғирдек йиқилса,
Шамолга чиқсайди отилиб.
Бағрига олар-ку бўронлар,
Исмсиз ҳасратни ҳайдарлар.
Бир имкон шартини айтарлар,
Бағрига оларку бўронлар.
Ёмғир ҳам тинмади узун кун.49
Шамол, аввало, табиат фаслларига мос равишда турли маъноларни ифодалаб келади. Бинобарин, кўклам шамолидаги майинлик, ўзига хос ифор, ўйноқилик лирик қаҳрамон кайфияти ва руҳиятини кўтарувчи восита сифатида ифода этилган. Шамолнинг эсиши билан боғлиқ ифодалар: қишда “увлаши”, баҳорда “ўйнаши”, “сўйлаши”, “шивирлаши”, кузда “шовуллаши” сингариларда бу образнинг лирик қаҳрамон руҳиятига мутаносиблигини, инсон умри билан боғлиқлик касб этишини кўрсатиб туради. Умуман олганда, шамол Рауф Парфи шеъриятидаги мотив образдир. Чунки шоир ижодида такрорланиб туради ва турли рамзий-тимсолий маъноларни билдириб келади. Шулар асосида айтиш мумкинки, шоир шеъриятининг фалсафий ҳаётий мазмуни табиат рамзларида ёриқн ифода этилган.
Бобнинг иккинчи фаслида табиат рамзларининг шеъриятда уйғун келиши ҳақида фикр юритилган. Бу жиҳатдан образлар қуйидагича тасниф этилган:
Do'stlaringiz bilan baham: |