Тадқиқотнинг вазифалари:
адабиётшуносликда табиат рамзлари мавзуси ўрганилган тадқиқотларнинг назарий асосларини; адабиётда уларнинг рамзий-тимсолий маъно ифодалаши, халқ лирикаси ва ўзбек мумтоз шеърияти билан боғлиқлигини очиб бериш;
замонавий ўзбек шеъриятида табиат рамзлари тасвиридаги бадиий- тадрижий жараённи Чўлпон, Ойбек, Ҳ.Олимжон, Зулфия, Э.Воҳидов, А.Орипов, Р.Парфи, Усмон Азим асарлари мисолида очиб бериш;
шамол, булут, ёмғир, қор образларининг рамзий-тимсолий маънолари, уларнинг такомил хусусиятларини ўрганиш;
табиат рамзлари тасвири асосида шаклланган бадиий санъатларни аниқлаш; замонавий ўзбек шеъриятида уларнинг уйғунликда келиши ва маъноларини ёритишдан иборат.
Тадқиқотнинг объекти сифатида замонавий ўзбек шеъриятининг Чўлпон, Ойбек, Ҳ.Олимжон, Зулфия, Э.Воҳидов, А.Орипов, Р.Парфи, У. Азим, М.Юсуф, И.Мирзо сингари вакиллари ижодидаги табиат рамзлари ифода этилган шеърлар танланган.
Тадқиқотнинг предметини замонавий ўзбек шеъриятида табиат рамзларининг бадиий талқинлари ташкил этади.
Тадқиқотнинг усуллари. Диссертацияда қиёсий-типологик, аналитик, герменевтик, психологик ва комплекс таҳлил каби усуллардан фойдаланилган.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
адабиётшуносликда қор шоирнинг истак-интилишларини акс этттириши; биринчи қор гўзаллиги табиатнинг сирли ва мўъжизали ҳодисаси эканлиги; совуқ, аёз, қор биргаликда ўлим белгиларини билдириб келиши; ёмғир шеъриятда руҳий таъсир ва покланиш рамзи сифатида талқин этилиши; шамол аччиқ тақдир йўлакларида ҳаракат қилаётган инсон образини ифодалаши аниқланган;
қор ёзда мўл ҳосил учун асос бўлиши, ёмғир экинларнинг гуркираб ўсишига ёрдам бериши (мақолларда); табиат рамзлари предмет номи бўлиб келганлиги, новча йигит ёмғир, оппоқ дастурхон қор рамзи бўлиб келганлиги (топишмоқларда); ёмғир қут-барака, тўкинчилик ва халқ фаровонлиги рамзини, ишқда ўртанган ошиқ руҳиятини билдирганлиги (халқ қўшиқларида) асосланган;
замонавий шеъриятда шамол образи баҳорга интилган лирик қаҳрамоннинг кайфиятини, янги куннинг бошланишини, инсон умрининг ўткинчилигини, бахтдан хабар беришини, кеча ва бугунни боғлагувчи ришта бўлиб келиши, инсон умрининг тез ўтишини ифодалаши очиб берилган;
булут образи “кўк юзидаги қоп-қора кўмир” (Чўлпон), “кумуш булут”, “оқ туя” (Ойбек), “лахча-лахча булут” (Ҳ.Олимжон), “осмон тўла оққув”, “баланд қорли чўққи”, “кўз илғамас оқ барқут”, “тепа-тепа пахта” (Миртемир), “оппоқ булут” (Р.Парфи), “қат-қат булут” (У.Азим) сингари ифодаларда рамзий мазмун касб этганлиги; қора булут кўпроқ ижтимоий мазмун билдирганлиги (Чўлпон) ёритилган;
табиат рамзларининг булут-қор-шамол, булут-ёмғир-шамол, ёмғир-қор-шамол, шамол-булут, ёмғир-булут тарзида уйғун келиши пейзаж тасвирини, лирик қаҳрамон руҳиятини ифодалаши; ижтимоий мазмунни: собиқ тузум манзаралари ва истиқлолга шукроналик туйғусини акс эттириши очиб берилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |