1-мавзу. Инсон биоижтимоий мавжудот
“Инсон – табиатнинг ўз-ўзини англаб етишга томон беихтиёр, гўзал ва азобли уринишидир”
В.М.Шукшин, рус ёзувчиси,
кинорежиссёр ва актёр
Инсон, унинг моҳияти, пайдо бўлиши, мақсади, дунёдаги ўрни тўғрисидаги масала – ушбу фаннинг асосий муаммоларидан биридир. Турли мутафаккирлар инсондек ажойиб ва ғаройиб ҳодиса ғоят кўп қирралилиги боис унинг ҳар хил, бир-бирига ўхшамайдиган таърифиларни баён қилганлар.
Демокрит наздида инсон – коинотнинг, ягона табиатнинг бир бўлаги, у микрокосмос, Борлиқнинг акси ва рамзидир. Аристотель ва Ал-Форобий инсонга руҳга, тафаккурга ва ижтимоий ҳаёт кечириш қобилиятига эга бўлган тирик мавжудот сифатида таъриф берганлар. Декарт инсоннинг ўзига хос хусусиятини унинг тафаккурида кўради: “фикрлаяпманми, демак, мавжудман”. Б.Франклин инсонга қурол яратувчи ҳайвон сифатида қарайди. И.Кант инсонни икки хил оламга – табиий зарурият ва маънавий эркинлик оламига мансуб мавжудот сифатида кўради.
Инсоннинг анчагина образли таърифлари ҳам мавжуд. Масалан, Ф.Рабле инсонни куладиган ҳайвон, деб атаган. А.Шопенгауэрнинг фикрича, инсон – бу ишончли ва бехато ҳатти-ҳаракатлар учун етарли бўлмаган ақлий билиш ва инстинкт қобилиятига эга фожиавий ҳайвон. Ф.Ницше инсонда муҳими онг ва ақл эмас, балки ҳаётий кучлар ва қизиқишлар ўйини, деган. Шундай қилиб, ҳар бир давр инсон тушунчасига ва таърифига янги элементларни қўшганлиги кўриниб турибди.
Инсоннинг вужудга келиши ва ривожланиши жараёни – антропогенез – узоқ давом этувчи эволюцион характерга эга бўлиб, у жамиятнинг таркиб топиши – социогенез – билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кечган. Ҳозирги даврдаги нсон типи – homo sapiens – онгли инсон – тахминан 50-40 минг йил илгари пайдо бўлган.
Инсон ўз моҳиятига кўра биоижтимоий мавжудотдир. У ҳамиша табиатнинг бир бўлаги бўлган ва айни пайтда жамият билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Инсон биологик мавжудот сифатида юқори сут эмизувчиларга мансуб бўлиб, homo sapiens деб номланувчи алоҳида турни ташкил этади. Инсоннинг биологик табиати унинг анатомияси ва физиологиясида намоён бўлади.
Бошқа томондан, инсон ижтимоий мавжудотдир. У маълум бир миллат, давлат, синф, табақа вакили; у – оила, муайян ҳамжамоа ва коллективнинг аъзоси. Одам ижтимоий муносабатларга, бошқа кишилар билан мулоқотга киришибгина ва амалий фаолият билан шуғулланибгина инсонга айланади. Айнан ана шундай фаолият давомида инсон ижтимоий мавжудот сифатида шаклланади. Муайян сабабларга кўра туғилган пайтидан жамиятдан ажратилган индивид жониворлигича қолади.
Энди инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи асосий фарқларни кўриб чиқамиз:
Инсон юқори даражада таркиб топган мияга, тафаккурга ва бурро-бурро гапириш қобилиятига эга.
Инсон меҳнат қуролини ясашга ва ундан моддий бойликлар яратиш воситаси сифатида фойдаланишга қодир.
У онгли равишда аниқ мақсадга йўналтирилган ижодий фаолият билан шуғуллана олади. Ҳайвон ўз ҳатти-ҳаракатларида инстинктга бўйсунади, унинг ҳаракатлари ирсий жиҳатдан белгиланган (программалаштирилган). Инсон фаолияти аниқ мақсадга қаратилган бўлиб онг ва ирода кучи билан амалга оширилади.
Инсон ўз фаолияти давомида атрофдаги борлиқни ўзгартиради, ўзига зарур бўлган моддий ва маънавий бойликларни яратади. Инсон амалий-яратувчилик фаолиятини амалга ошириб “иккиламчи табиатни” – яъни маданиятни яратади.
Инсон ўз-ўзини англашга қодир, бунда унинг шахсий онги, ички дунёси билиш объектига айланади.
Ҳамма одамлар дунёга индивид ва индивидуаллик сифатида келади (ҳар бир болада биокимёвий реакцияларнинг, физиологик жараёнларнинг кечиши, асаб системаси ва бошқалар билан боғлиқ туғма хусусиятларнинг такрорланмас мажмуи мавжуд бўлади), шахс сифатида эса аста-секинлик билан шаклланади, бунда у бир неча – жисмоний, ижтимоий ва маънавий босқичларни бошдан кечиради.
Шахснинг шаклланиши жараёнидаги биринчи босқич руҳшуносликда уч ёшлилик инқирози (инқилоби) деб аталади ва бу даврда бола ўзини атрофдаги оламдан жисмоний маънода фарқ қилиши юз беради, бунинг кўрсаткичи эса уч ёшли боланинг “Мен” олмошини айтишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |