Иккинчи босқич ижтимоий босқич бўлиб, бу босқич чегарасида инсонда ўзига ва оламга нисбатан онгли муносабат элементлари шаклланади (тахминан етти яшарлик пайтида), бу элементлар унга (оилада, ҳунар эгаллашда, дўстликда, муҳаббатда ва ҳ.к.) турли хил ижтимоий вазифаларни бажаришга, уларнинг фикрига қулоқ тутишга, атрофдаги одамлар билан ўзаро муносабатларга киришишга имкон беради.
Учинчи босқич – шахснинг маънавий мавжудот сифатида шаклланиш босқичи бўлиб, у шахс бўлиб етилиш жараёнининг энг юқори нуқтасидир. Бу нуқтага эришиш (ижтимоийдан фарқли ўлароқ) ҳамма одамга ҳам насиб қилавермайди. Маънавий потенциалнинг мавжудлиги бизни ўз ҳатти-ҳаракатларимизни энди ўзимиз аъзо бўлган ижтимоий гуруҳда қабул қилинган меъёрлар билан эмас, балки умуминсоний ўлчамларда баҳолашга мажбур қилади, бу ўлчамлар эса кўпинча бизнинг одатий манфаатларимиз чегарасидан ташқарида бўлади.
Инсон шахс сифатида шаклланишнинг қандай босқичида турган бўлмасин (бу босқичларга бўлиш шартлидир), унинг (ижтимоий мавжудот сифатида) шахсга мансуб эканлигининг кўрсаткичи атрофдаги оламга ва ўз-ўзига нисбатан, уларни фаол ўзгартириш ва мукаммаллаштириш мақсадида, онгли муносабатда бўлишидир.
Шахсга берилган кўплаб таърифлар мавжуд. Уларни “шахс” тушунчасида, энг аввало, инсоннинг ижтимоий-маданий муносабатлар ва ҳаракатлар субъекти сифатидаги ижтимоий ва руҳий хислатлари ҳамда унинг муайян даражадаги мустақиллиги ва эркинлиги мужассам эканлиги бирлаштириб туради. Шахс – бу жамиятда яшовчи ва ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли белгилар, хислатлар ва сифатлар тизимига эга бўлган инсондир. Шахс – бу инсоннинг жамият ҳаётидаги иштироки, мазкур ҳаётда эгаллаган ўрни ва бажарадиган вазифаси нуқтаи назаридан тавсифидир.
Шахс инсон ривожланишининг анча кейинги босқичларида вужудга келади ва қуйидаги белгилари билан фарқланади:
қарорлар қабул қилиш вауларни амалга ошира олиш қобилияти;
ҳаётий позицияга айланадиган ўз-ўзини англашнинг мавжудлиги;
муайян вазиятда ўзини жамиятга қарши қўйишга қодирлик.
Бу ҳаётий позицияни амалга ошириш учун ирода зарур бўлади. Шунинг учун иродани тарбиялаш шахс шаклланишининг муҳим шартидир. Шахсга айланиш оилада, мактабда, олий ўқув юртида, ишда, бутун умр давомида ижтимоийлашув жараёнида юз беради. Ижтимоийлашув – бу жамият ва унинг тузилмаларининг индивидга таъсир кўрсатиш жараёни бўлиб, бу таъсир натижасида у ижтимоий тажрибани ўзлаштиради, ўз мавқеи ва вазифаларига эга бўлади ва шу тарзда шахсга айланади.
Шахснинг вужудга келиш жараёни кўп жиҳатдан амалга ошиши одатда инсоннинг руҳий хусусиятлари ҳамда ўзига мутаносиб баҳо бера олиш маҳорати билан белгиланадиган қадрият мўлжалларига (эҳтиёжлар, мотивлар, манфаатларга) боғлиқ.
Инсоннинг шахс сифатида ривожланиши шахслараро муносабатлар жараёнида юз беради ва бу муносабатларнинг хусусиятларига боғлиқ бўлади. Шахс фақат шахслараро муносабатлар шароитида намоён бўлади ва бу муносабатларнинг мустаҳкам стереотипи бўлади. Ўз навбатида, шахслараро муносабатларда шахснинг индивидуал хислатлари (ҳис-туйғулари, иродаси, тафаккури), шунингдек жамиятнинг шахсга оид хулқ-атвор меъёрлари ва қадриятларининг ўзлаштирилиш даражаси намоён бўлади.
Шахслараро муносабатлар турли шаклларда кўриниши мумкин, масалан, ишга алоқадор бўлган (расмий, ишончли, носамимий) ва шахсий (норасмий, самимий) шаклларда. Ишга (хизматга) алоқадор бўлган муносабатлар мансабдор шахслар томонидан ўрнатилган ёки мазкур муҳитда қабул қилиниб, узоқ вақт давом этган анъаналар натижасида шаклланган муайян қоидалар, маросимлар ва расмиятчиликка амал қилиш билан боғлиқдир. Ишга алоқадор муносабатлар мажбурийлик хусусиятига эга. Кишилар ишга алоқадор шахслараро муносабатларда ўз ҳис-туйғуларини очиқ ифода қилмайдилар, одатда бундай муносабатлар характери уларга мос келмаса ҳам, улардан воз кеча олмайдилар.
Шахсий муносабатлар кўпроқ кишиларни ўзаро яқинлаштирадиган ёки узоқлаштирадиган, ёқтириш ёки ёқтирмасликни, яқинлик ёки бегоналикни келтириб чиқарадиган ҳис-туйғулар таъсирида таркиб топади. Шахсий муносабатлар оилавий, дўстона, ўртоқларча бўлиши, муҳаббат, дўстлик ёки нафратга оид бўлиши мумкин.
Инсон ўзини қобилиятлари орқали намоён қилади. Бу қобилиятлар унинг шахсий хусусиятлари бўлиб, унга муайян турдаги фаолият билан самарали шуғулланишга имкон беради. Қобилиятлар муайян табиий истеъдодлар негизида вужудга келади. Истеъдод – бу асаб тизимининг туғма, анатомик-физиологик хусусиятлари бўлиб, қобилиятлар ривожланишининг индивидуал-табиий асосини ташкил этади.
Одатда қобилиятнинг қуйидаги турлари фарқланади: интеллектуал (ақлий, фикрлашга оид), бадиий, ташкилотчилик, коммуникатив (мулоқотга оид) ва ҳоказо. Юқори даражада ривожланган турли қобилиятларнинг йиғиндиси истеъдодлилик дейилади. Қобилият ривожланишининг муайян даражалари бўлган талант ва гениаллик ҳақида ҳам фикр юритиш мумкин. Талант – етук қобилиятлар бўлиб, бунда инсон фаолияти мукаммаллиги, оригиналлиги билан ажралиб туради. Гениаллик – қобилият ва талант ривожининг олий даражасидир. Гениаллик сифат жиҳатидан янги, такрорланмас ижод намуналарини яратиш, ижоднинг аввал маълум бўлмаган йўлларини топиш билан боғлиқдир.
Инсоннинг жинси, ёши, касби, келиб чиқиши, қариндошлик, дўстлик ва бошқа мазмундаги алоқаларига, даромадлари миқдори ва ҳоказоларга мос равишда жамиятда тутган ўрни “ижтимоий мавқе” тушунчасининг мазмунини белгилайди.
Жамият аъзолари у ёки бу мавқеий гуруҳларга бирлашишига асос бўладиган белгилар ҳар хил бўлиши мумкин. Масалан, кишилар туғилганида оладиган белги ёки хусусиятлар этник мансублик, жинс, насл-насабдир. Одам нуфузли оилада туғилиши, туғилган заҳотиёқ маълум унвонга эга бўлиши ва жамиятда муайян ўринни эгаллаши мумкин ёхуд бой савдогар, таниқли артист ёки ёзувчи оиласида туғилиши ҳам, ё бўлмаса, ертулада, оиласиз ҳолатда ва бошқа шароитларда туғилиши ҳам мумкин.
Инсоннинг ижтимоий мавқеи унинг маълумот даражаси, касби, фаолият соҳаси билан ҳам белгиланиши мумкин, бунда нимагадир “эгалик” белгилари (муайян мулки, шахсий бизнеси, даромадларининг миқдори ва олиш усуллари, обрў-нуфузи, устунликлари, ҳокимиятда иштироки ва ҳоказолар) катта аҳамиятга эга бўлади.
Мавқе жамиятдаги тегишли гуруҳларни фақат фарқлабгина қолмасдан, инсоннинг жамиятдаги ўрнига бериладиган баҳо даражасини ҳам акс эттиради. Шунинг учун бу тушунча “нуфуз” ва “обрў” тушунчалари билан яқин алоқададир.
Шахснинг ижтимоий мавқеи – умр давомида эришиладиган (яъни туғма бўлмаган), ўзгарувчан ва “инжиқ” ҳодисани акс эттирувчи тушунчадир. Шахс мавқеининг ўзгарувчанлиги шуни англатадики, масалан, ишчи бўлган киши зиёлига, ақлий меҳнат соҳибига ёки ҳар уларнинг иккаласини ҳам бажарувчи меҳнат ходимига айланиши мумкин (масалан, мураккаб техник жиҳозни созловчи киши). Мавқенинг “инжиқлиги” банкирни банкротга, ўқитувчини у ёқдан бу ёққа мокидек қатновчига, яъни “челнокка”, ишсизни уйсизга айлантириб қўйиши мумкин.
Шахснинг жамиятда муайян мавқега эришиши кўп ҳолларда низолар орқали, яъни кишининг бошлиқлик, мансаб, ҳокимият, обрў, даромад ва ҳоказолар учун курашиши орқали амалга ошади. Шахс ижтимоий мавқеининг барча қирралари кишининг муайян ижтимоий хислатлар, вазифалар ёки ўринларга эга бўлиши (алмаштириши, йўқотиши ва б.) ёки ижтимоийлашув деб аталмиш ҳаётий жараёнда шаклланади, ўзгаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |