2-мавзу. Инсоннинг вужудга келиши ва ривожланиши ҳақидаги қарашлар.
Ушбу мавзуни тушунтиришда ўқитувчи турли характер ва йўналишлардаги адабиётларга мурожаат қилиши зарур. Яқин ўтмишда педагог ходимларни тайёрлашда эволюцион концепцияни ёки физикавий-кимёвий концепцияни ўрганиш устун эди. Қолган қарашлар ёки умуман ўрганилмасди, ёки ҳисобга олинмасди. Диний қарашлар эса умуман танқид остига олинарди.
Ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ўзгариши, барча соҳаларда, шу жумладан таълим соҳасида ҳам эркинликларнинг кенгайиши, ижтимоий ҳаётда кўпфикрлилик тамойилларининг ўрнатилиши билан ижтимоий-гуманитар фанларда инсон ва жамият муаммоларининг моҳиятини турлича тушунтирадиган нуқтаи назарлар пайдо бўла бошлади.
Ўқув қўлланмасида ушбу муаммо бешта концепция нуқтаи назаридан (эволюцион, креацион (диний), ўз-ўзидан вужудга келиш, стационар ҳолат, четдан кириб келиш) ёритилади.
Диний концепцияларни ўрганишда жуда эҳтиёт бўлиш ва турли диний йўналишларга мансуб вакиллар томонидан билдирилган фикрларни тўғри-нотўғрилиги юзасидан баҳо бермасликка ҳаракат қилиш лозим. Ўқитувчи дунёдаги ҳар хил динлар учун қуйидаги умумий белгилар хос эканлигини доимо ёдда тутиши зарур: биринчидан, инсон ва ҳаётнинг келиб чиқиши илоҳийлик билан боғлиқ эканлигига қатъий ишонч; иккинчидан, руҳнинг ҳаёт манбаи, инсонни “ҳайвонлар дунёси”дан ажратувчи нарса деб тан олиниши. Диний тасаввурларга кўра, инсон ўзининг ўлмас руҳини Худодан олганлиги билан барча ҳайвонлардан фарқ қилади. Ерда биринчи инсоннинг пайдо бўлиши христианларнинг муқаддас китоби Инжилда ҳам, мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръонда ҳам тасвирланган. Худонинг ёруғлик, осмон, ер, ўсимлик ва ҳайвонларни яратишига беш кун кетган. Олтинчи кун – инсоннинг бир парча тупроқдан пайдо бўлган кун. Худо уни ясаган ва жон ато қилган. Бироз вақт ўтганидан сўнг биринчи одам – Одам Атонинг (Адамнинг) қовурғасидан Худо унга хотин – Момо Ҳавони (Евани) ясаб берган. Одам Ато (Адам) ва Момо Ҳаво (Ева) – биринчи инсонлар бўлиб, бутун инсоният оламининг аждодларидир.
Диний таълимотларга кўра, инсон Худога нисбатан қандайдир иккиламчи мавжудот бўлиб, унинг иродасига бўйсунади. Шундай қилиб, инсон вужудга келишининг диний назарияси олам ва инсоннинг табиий ривожланиш жараёни илоҳий белгилангани ва мўжиза ғоясига асосланади.
Табиий фанлар ривожлана бориши билан инсон вужудга келишининг табиий-илмий тасаввурлари пайдо бўлади. Улардан энг таниқлиси эволюция назариясидир.
Ушбу концепцияни очиб беришда ўқитувчи “Умумий биология” фанининг тегишли мавзуларига яна бир бор мурожаат қилиши керак. Бу концепция доирасида энг машҳури Ч. Дарвиннинг эволюция назариясидир. Унинг назариясига кўра, эволюция негизида табиий танланиш ётади. Дарвин организмлар ўзгарувчанлигининг асосий сабабини уларни қуршаб турган ҳаёт шароитларидаги ўзгаришларда деб билган. Яшаш учун кураш жараёнида ўзгарувчан ҳаёт шароитларига энг яхши мослаша оладиган тирик мавжудотларгина енгиб чиқади.
Ф.Энгельс маймуннинг одамга айланишига асосий сабаб сифатида меҳнатни кўрсатган. Меҳнат қилиш, унинг фикрича, фақат одамларга хос бўлиб, кишилик жамияти мавжудлигининг негизидир. Меҳнат инсонни яратган, миянинг ривожланишига, онг ва нутқнинг пайдо бўлишига олиб келган.
Ўқув қўлланмасининг 29-бетида таъкидланганидек, антропогенезнинг меҳнат назариясидан фарқ қиладиган концепциялари ҳам мавжуд. Асосан бу концепциялар умумий тарзда маданиятнинг вужудга келиши концепциялари деб аталади. Бу ҳақда З.Фрейднинг назарияси ёдга олинган эди. Қўшимча тарзда Й.Хейзингининг маданият вужудга келиши ва ривожланиши ҳақидаги фаразини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Бу фараз ўйин модели деб аталиб, унда ўйин (дин, санъат, ҳуқуқ ва фалсафанинг вужудга келиш асоси) инсоннинг ўз эркинлигини амалга оширишига имкон берадиган эркин ижодий фаоллик шакли сифатида қаралади. Ундан ташқари, инсон ва маданият вужудга келишининг семиотик концепцияси (семиотика – кишилик жамиятидаги, табиатдаги ва инсоннинг ўзидаги белгилар ва белгилар тизимининг хоссаларини тадқиқ қилувчи фан) ҳам мавжуд. Бу концепция маданиятга инсон ва олам ўртасидаги асосий ва универсал воситачиси тил бўлган махсус белги-тимсолий воқелик сифатида қараган.
Инсоннинг вужудга келиши билан боғлиқ кўплаб саволларга ҳозирги замон фанида аниқ жавоб йўқ. Турли фаразлар, шу жумладан ҳаёт ва инсоннинг Ердан ташқарида пайдо бўлганлиги тўғрисидаги фаразлар ҳам билдирилмоқда. Хуллас, инсоннинг вужудга келиши муаммоси ҳозиргача сир бўлиб келмоқда ва бу муаммо доирасида яна янгидан-янги концепциялар яратилиши эҳтимолдан холи эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |