Энди уруш ҳаракатлари олиб бориш усул ва воситаларини чекловчи баъзи бир шартномаларни (яъни ХИҲ ҳужжатларининг бир қисмини) эслатиб ўтамиз:
- Портловчи ва ёндирувчи ўқлардан фойдаланишни тўхтатиш тўғрисидаги Санкт-Петербург декларацияси (1868 й.);
- Қуруқликдаги уруш қонун ва удумларига тааллуқли Гаага конвенцияси (1899 й.);
- Урушда буғувчи, заҳарловли ёки бошқа шунга ўхшаш газларни ва бактериологик воситаларни қўллашни тақиқлаш тўғрисидаги Женева протоколи (1925 й.);
- Бактериологик (биологик) ва заҳарли қуролларни яратиш, ишлаб чиқариш ва заҳираларини тўплашни тақиқлаш тўғрисидаги конвенция (1972 й.);
- Оддий қуролнинг ҳаддан ортиқ жароҳат етказувчи ёки танламайдиган ҳисобланувчи конкрет турларини қўллашни тақиқлаш ёки чеклаш тўғрисидаги Конвенция ва унинг протоколлари (1980 й.):
“Илғаб бўлмайган осколкалар тўғрисида”ги I Протокол;
“Миналар, тузоқ-миналар ва бошқа қурилмаларни ишлатишни тақиқлаш ёки чеклаш тўғрисида”ги II Протокол;
“Ёндирувчи қуролларни тақиқлаш ёки уларни ишлатишни чеклаш тўғрисида”ги III Протокол;
- Кимёвий қуролларни яратиш, ишлаб чиқариш, тўплаш ва қўллашни тақиқлаш ҳамда уларни йўқ қилиш тўғрисида конвенция (1993 й.);
- Кўзни кўр қилувчи лазер қуролига оид Протокол (1995 й., 1980 йилдаги Ковенцияга IV Протокол ҳисобланади);
- Пиёдаларга қарши миналарни ишлаб чиқариш, бошқаларга бериш, заҳираларини тўплаш ва қўллашнишни тақиқлаш ҳамда уларни йўқотиш тўғрисидаги Конвенция (1997 й.).
Маданият объектлари ва табиий муҳитни уруш ҳаракатларидан ҳимоя қилишга қаратилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар:
- Қуролли можаро юз берганда маданий қадриятларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Гаага конвенцияси ва протоколи (1954 й.);
- Табиий муҳитга ҳарбий ёки ҳар қандай душманларча таъсир қилувчи воситаларни ишлатишни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенция (1976 й.);
- Қуролли можаро юз берганда маданий қадриятларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги иккинчи Протокол (1999 й.).
Анъанавий равишда ХИҲ томонидан белгиланадиган чекловлар ҳақида гапираётиб, энг аввало, рақиб томон жангчиларининг вакили сифатида урушаётган кишини ҳурмат қилишни талаб қилувчи рицарликни ёдга олиш зарур. Рақиб томонда ҳам худди шундай одамлар турганлиги тан олинганлиги сабабли, ҳужум қилишда ўта шафқатсиз қурол ва усуллар қўлланилмаган ва шу тарзда беҳуда азоб-уқубатлар етказилмаган.
Ҳар қандай ортиқча зўравонлик ҳаракати қонуний мақсад доирасидан ташқарига чиқади. Демак, ортиқча шафқатсизлик – бу ваҳшийликдир.
УМУМИЙ УСЛУБИЙ МАСЛАҲАТЛАР
Дарснинг мақсад ва ғояларини эътиборга олган ҳолда, ўқитувчи матндаги ортиқча шафқатсизликнинг оқибатларига алоҳида урғу бериб, уларга ўқувчиларнинг эътиборини жалб қилиши зарур.
Баҳснинг кўпгина жиҳатларини тушунтириш учун XIX асрдаги ўзбек хонликларининг харитаси керак бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |