4-боб. УМУМИЙ ХАРАКТЕРИСТИКА
Ушбу бобдаги материалларнинг мақсади ўқувчиларни давлатлараро муносабатларнинг ҳозирги замондаги тизими билан, унда халқаро ҳуқуқ меъёрлари белгиловчи аҳамиятга эга эканлиги билан таништиришдан иборат. Ўқитувчи бобдаги мавзуларни тушунтираётганда “Ҳуқуқшунослик” ва “Энг янги тарих” фанлари материалларига таяниши (ёки улар билан қиёслаши) керак. Бу фанлардаги материалларда халқаро ҳуқуқ тизими ва ҳозирги замон халқаро муносабатлар тизимининг вужудга келиш тарихи тўғрисида умумий тушунчалар берилган. Бобда давлатларнинг, хусусан, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг вазифалари тўғрисида ҳам умумий тушунча берилган.
Бу мамлакатимизнинг ёш фуқаролари учун айниқса муҳим, чунки давлатимиз ўзининг жаҳон ҳамжамиятининг аъзоси эканлигини ва ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажаришга интилиши ҳақида аниқ баён қилди.
Мавзулар материалларини ўрганаётиб, “жаҳон ҳуқуқий тартиботи” тушунчасига ҳам тўхталиб ўтиш зарур. Бундай тартибот – кишилар ҳаётий фаолиятининг хилма-хил соҳаларида самарали халқаро ҳамкорлик қилишнинг шарти ва кафолати, давлатлар ва халқларнинг манфаатларини келиштириш натижаси, турли давлатлар, халқаро ташкилотлар, ижтимоий ва миллий бирлашмалар ўзаро муносабатларининг мураккаб ва ўзгарувчан тизимидир.
Давлатлараро муносабатларда ва жаҳон ҳуқуқий тартиботининг амалий хусусиятида халқаро ҳукуматлараро ташкилотлар алоҳида ўрин тутади, улар дунёдаги барча воқеаларнинг кечишига сезиларли таъсир кўрсатган ва кўрсатмоқда. Шунинг учун уларнинг таърифи ва вазифалари учун алоҳида ўрин берилган.
Бобдаги материаллар ўқувчига яқинда суверенитетга эришган давлатларнинг жаҳон ҳамжамиятига қўшилиши муаммолари ва имкониятларининг аҳамиятли эканлигини англаб етишга имкон беради. Ушбу мавзуни “Давлат ва фуқаро мажбуриятлари” мавзуси бўйича 6-амалий машғулот давомида ўқувчиларнинг мулоҳаза юритишлари давом эттиради.
10-мавзу. Халқаро муносабатлар – жаҳон тараққиётининг кўзгуси
Халқаро ҳуқуқ халқаро муносабатларни тартибга солувчи тамойиллар ва меъёрларнинг мажмуи сифатида таърифланади. Халқаро ҳуқуқ унинг моҳиятини белгиловчи камида учта ўзига хос хусусиятга эга:
Халқаро ҳуқуқ тартибга соладиган объект давлатлараро муносабатлардир. Бу муносабатлар халқаро ҳуқуқнинг объектив чегараларини белгилайди. Албатта, миллий ҳуқуқий тизимлар давлатларнинг суверен тенглиги тамойили сабабли ҳам, ҳуқуқий тизимларнинг ўзи турли-туманлиги сабабли ҳам давлатлараро муносабатларни бошқариш имконига эга эмас. Бундан халқаро меъёрлар (нормалар) тизимининг энг муаммоли масалаларидан бири келиб чиқади: миллий ва халқаро ҳуқуқ нормалари қай тарзда ўзаро алоқада бўлади? Монист2лар ҳар қандай ҳуқуқий меъёрлар табиатан бир хил бўлгани учун миллий ва халқаро ҳуқуқ ажралмасдир, деб ҳисоблайдилар. Айни пайтда дуалистлар миллий ва халқаро ҳуқуқни бир-биридан ажратадилар: улар бошқарадиган объектлар ҳар хил ва ҳуқуқий таъсир воситалари бир-биридан фарқ қилади. Миллий ҳуқуқнинг халқаро ҳуқуқдан устунлиги3 тарафдорлари миллий ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари ўртасидаги қарама-қаршиликлар миллий ҳуқуқ фойдасига ҳал қилиниши лозим, деган нуқтаи назарни илгари сурадилар.
Бугунги кунда энг кенг тарқалган нуқтаи назар халқаро ҳуқуқнинг давлатнинг ички ҳуқуқидан устунлиги ҳақидаги қарашдир: давлатлар ўз ихтиёрларига кўра халқаро шартномалар тузадилар ва халқаро одатларни тан оладилар, шунинг учун миллий ҳуқуқ меъёрлари халқаро андазаларга мос равишда ўзгартирилиши лозим. Бу нуқтаи назарга ҳозирги замон давлатларининг аксарияти амал қилади. “Барча томонидан тан олинган халқаро ҳуқуқ нормаларининг” устуворлиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Муқаддимасида ҳам мустаҳкамланганлигига эътибор беринг.
Халқаро муносабатларнинг иштирокчилари, халқаро ҳуқуқ бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга оширувчилар халқаро ҳуқуқ субъектлари ҳисобланадилар. Халқаро ҳуқуқнинг турли субъектларидаги халқаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар кўлами бир-биридан анча фарқ қилганлиги сабабли, улар асосий ва махсус субъектларга ажратилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |