БИЛИШ НАЗАРИЯСИ. Плотиннинг билиш ҳақидаги таълимотига кўра, билишнинг икки йўли мавжуд: 1) ҳис-туйғулар орқали; 2) ақлий билиш. Ҳис-туйғулар ибтидони билишнинг воситаси бўла олмайди. Ақл категория ва умумий тушунчаларининг эса, бирликка сира дахли йўқ, чунки у барча тушунчалардан устундир. Ҳатто энг умумий категория – «борлиқ» тушунчасини ҳам бирликка татбиқ қилиб бўлмайди. Агарда Ягоналик барча предикатлардан ажратиб олинадиган бўлса, уни қандай билиш мумкин? Бунинг имкони бор. Ҳар бир мавжудот – бирликдир. Демак, уларнинг ҳар бири ўз руҳига эга. Шу сабабга кўра, руҳ ибтидо даражасигача юксалиши мумкин. Бироқ бунга ҳис-туйғу, фикр-мулоҳаза ёки сўз орқали эмас, балки барча диққат-эътиборни билиш предметига йўналтириш орқали эришиш мумкин. Плотин бирлик табиати ва уни билишнинг усулларини таърифлар экан, барча мавжудотларнинг қандай ва қай тартибда бирликдан келиб чиққанини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Иккинчи ибтидонинг биринчисидан келиб чиқиш усули шундай изоҳланади: борлиқни қамраб олган бирлик тошиб, ўз чегарасидан чиқиб кетади ва бошқа борлиқни келтириб чиқаради. Плотин бу фикрини қуйидаги мисол орқали тушунтиради: Қуёш ўз борлиғини тўлалигича сақлайди, у туфайли ёруғлик ҳосил бўлади, бироқ ундан таралаётган нур ажралиб, атрофни ёритади. Шу тарзда борлиқнинг турли босқичлари вужудга келади. Ибтидодан ташқари барча нарсалар бирлик билан боғлиқ бўлганлари учунгина мавжуддирлар.
Бирликдан келиб чиқадиган дастлабки нарса-Ақлдир. Плотин фикрича, Ақл таркибидаги қуйидаги уч нарсани фарқлай олиши лозим: 1) моддий тушунча; 2) онгли борлиқ; 3) тафаккур.
Ғоялар оламида модда ҳам бўлиши лозим. Ақлнинг таркибий қисмларидан бири бўлган модда абадий бўлиб, шундай абадийлигича қолади. Аксинча, ҳиссий дунё моддаси тирик бўлмаган материядир. Ақл таркибидаги иккинчи нарса онгли борлиқ бўлиб, табиати унинг зарурлигини тақозо этади. Ақлнинг учинчи таркибий қисми, тафаккур бўлиб, унинг ҳам ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Ақлнинг ушбу уч жиҳатига мос келувчи уч босқич мавжуддир. Материянинг (модданинг) асоси бирлик асосидан фарқланади.
Юқорида келтирилган таълимот муаллифи олдида: Нима сабабдан Ақл бирликдан ҳосил бўлади? Қандай қилиб бирликдан кўплик вужудга келади? – каби саволлар пайдо бўлиши муқаррар эди. Ушбу саволларга жавоб берар экан, Плотин Мукаммалликка яқинроқ турган нарса ундан узоқроқ турган нарсага нисбатан мукаммалроқдир, дейди. Мукаммаллик масаласида Ақл фақат бирликдан кейин туради. Ақл бирликдан кейинги мукаммаллик бўлгани учун унда ҳеч қандай мантиқий жараёнлар кечиши мумкин эмас. Ақл соф фикр сифатида фақат ҳақиқатни англай олади. Уни инсон ақли билан қиёслаб бўлмайди, чунки инсон ақли янглишиши мумкин.
Плотин таълимотига кўра, Руҳ бирлик ва Ақлдан кейинги ўрнида туради. Ақл бирликка нисбатан қандай муносабатда бўлса, Руҳ ҳам Ақлга нисбатан худди шундай муносабатдадир. Агар, Ақлда фикр-ўйлар ўз-ўзига, ички томонга йўналтирилган бўлса, Руҳда бу жараён ташқарига йўналтирилган. Бирлик ва Ақл ҳаракатсиздир, Руҳ эса ҳаракатланади.
Бир жиҳатдан Руҳ олий ибтидога қаратилгандир, уни кузатади ва ушбу олий ибтидо қонунига биноан ҳаракат қилади. Иккинчи жиҳатдан, у онгсиз равишда фаол ибтидога айланади ва қисман олам таркибига кириб боради. Руҳ Ақлга ҳам, бирликка ҳам дахлдордир. Ҳатто ҳиссий дунёга кириб борганда ҳам, Руҳ абадий ва илоҳий ибтидолигича қолаверади. Барча руҳлар ягона олий Руҳдан пайдо бўлади. Руҳнинг ягоналиги одамларнинг бир-бирларига хайрихоҳлик билдира олишларида, ўзгалар қувончи ва қайғусига шерик бўла олишларида намоён бўлади.
Афлотун каби Плотин ҳам оламнинг вужудга келишида материя бўлиши лозим эканини исботлашга ҳаракат қилади. Йўқдан бор бўла олмаслиги сабабли, бирор нарса пайдо бўлиши учун у ёки бу хусусиятларга эга бўлган субстрат (жавҳар) бўлиши лозим. Ушбу субстрат жисм эмас, чунки жисм материя ва шаклдан иборатдир. Шу сабабли, материя тушунчасини ҳосил қилиш учун аввало моддий жисмларга хос бўлган барча хусусиятлардан, ҳатто ўлчам ва мураккабликлардан воз кечиш лозимдир. Чунки материя ҳеч бир сифатга эга эмас, у бутунлай ноаниқ, жуда оддийдир.
Материя ўз ибтидосига хос бўлган хусусиятнинг ҳеч бўлмаганида бир томонини мужассамлаштириши лозим. Шу сабабли, моддий оламда юз бераётган ҳодисалар ғоялар оламининг инъикосидир. Шунга асосланиб, Плотин ҳиссий дунёни мукаммал деб ҳисоблайди.
Плотин фикрича, сайёралар оқилона ташкил этилган, чунки улар психиканинг хотира ва идрок каби оддий ва паст фаолиятларидан халос этилганлар, уларнинг фаолияти соф зеҳн билан боғлиқдир. Шу сабабли нажот излаб, сайёраларга мурожаат қилиш фойдасиздир. Плотин таълимотига кўра, моддий дунёда кўзга кўринадиган худолар билан биргаликда, кўринмайдиганлари ҳам бор. Шунингдек, иблислар ҳам мавжуд. Иблислар худолар билан инсон руҳи оралиғидаги мавжудотлардир. Улар инсон руҳига нисбатан кўпроқ кучга эга бўлсаларда, психик ҳаётнинг оддий фаолияти таъсиридан холи эмас. Шу тарзда Плотин таълимотида ягона илоҳ бир қанча илоҳларга бўлиниб кетади.
Плотин инсон руҳига доир мулоҳазалари билан ҳам эътиборни тортади. Унинг фикрига кўра, инсон руҳи илоҳий ва ҳиссий дунё орасида жойлашган. У яна дастлабки ибтидосига қайтиши учун ахлоқий ҳаётни такомиллаштириши лозимдир. Фақат ҳиссий кечинма, эҳтирос ва бошқа шу кабилардан холи бўла олган одамларнинг руҳлари ўлимидан сўнг илоҳга қўшилиб кетади. Шунда идрок, хотира, тасаввур, ҳаяжон каби руҳий фаолиятнинг оддий маҳсуллари барҳам топади. Агарда руҳ илоҳий даражага кўтарила олмаса, унда руҳий фаолиятнинг оддий маҳсуллари инсон ўлимидан кейин ҳам сақланиб қолиб, бир жонивордан бошқасига ўтиб юраверади.
Плотин этикаси руҳнинг покланиши таълимоти билан якунланади. Руҳий покланиш юксак мукаммалликка эришиш йўлидаги зарурий воситадир. Айнан покланиш туфайли Руҳ жисмоний хусусиятлардан, ҳаётий манфаатлардан холи бўлади ва илоҳ даражасига кўтарилади. Бундай ҳолатнинг энг юқори чўққиси – экстаз, илоҳиёт билан қўшилиб кетишдир.
Плотин фалсафий тафаккур тараққиётига катта таъсир кўрсатди. Унинг ғоялари Макробий ва Августин орқали Ғарбий Европа маданиятига кириб борди. Бруно ва Беркли каби мутафаккирлар, немис классик фалсафаси вакиллари, немис романтизми намояндалари унинг таълимоти таъсирида ижод қилдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |