Рухсатнома берилиши ва ҳаракат йўналишини келишиш тартиблари Жисмоний ёки юридик шахс – юк ташувчи ёки юк жўнатувчи (ёхуд уларнинг вакиллари) юкни ташишни амалга оширишидан 10 кун олдин махсус рухсатнома ва ҳаракат йўналиши схемасини олиш учун, маркаси, тури, транспорт воситасининг давлат рақами белгиси ҳамда юкнинг ўлчамлари, ҳайдовчининг исми шарифи ва юкни ташишга жавобгар шахсларнинг исми шарифларини кўрсатиб ўтиш билан, йўлнинг эгаси – юридик шахсга ёзма равишда ариза бермоғи лозим.
Ҳозирда амал қилинаётган қонунчиликга асосан йўлнинг эгаси томонидан юкни ташишга махсус рухсатнома ва йўллари аниқ кўрсатилган ҳаракат йўналиши схемаси берилади.
Юкни ташишга бир марталик рухсатнома берилади. Бир хил турдаги, маълум ҳажмдаги юкларни бир йўналишда ташишда рухсатнома маълум муддатга берилиши мумкин (бу ҳолда юкнинг ҳажми, объектнинг қурилиш муддати ва бошқа шартлар кўрсатилади). Махсус рухсатнома юкни бўлиш ёки бошқа хилдаги транспорт воситаларида ташишнинг иложи бўлмаган ҳолдагина берилади.
Расм 11. Махсус рухсатнома намунаси.
Расм 12. Катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташиш.
Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм назорати.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2020 йил 28 майдаги «Транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилишни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 337-сонли қарорига мувофиқ Республика умумфойдаланувдаги йўлларида транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини назорат қилиш тартиби жорий қилинди.
Мазкур назорат тизимини жорий қилишдан мақсад - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомобиль йўллари тармоғини сақлаш ва автомобиль транспортининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, автомобиль йўлларида катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланишида вазн ва ҳажм параметрларини самарали назорат қилишни ташкил этиш орқали автомобиль йўлларининг таъмирлараро муддатларгача бузилишининг олдини олиш.
Вазн ва ҳажм параметрлари назорати пунктлари уч турга бўлинади: вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар пункти;
вазн ва ҳажм параметрлари назорати кўчма пункти;
вазн ва ҳажм параметрлари назоратининг автоматлаштирилган пункти.
Расм 13. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати стационар пункти.
Расм 14. Вазн ва ҳажм параметрлари назорати кўчма пункти.
Расм 15. Вазн ва ҳажм параметрлари назоратининг автоматлаштирилган пункти. Автомобиль йўлларида назоратни амалга ошириш бўйича асосий иш жараёнлари қуйидагилардан иборат:
транспорт воситасини тўхтатиш;
вазн ва ҳажм параметрларини аниқлаш билан боғлиқ транспорт ҳужжатларини текшириш;
транспорт воситаларининг вазн ва ҳажм параметрларини аниқлаш, шу жумладан, автоматлаштирилган тизим орқали;
катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситалари эгаларида (фойдаланувчиларда) махсус рухсатномаларнинг мавжудлигини ва махсус рухсатномада белгиланган йўналишга ҳамда йўл ҳаракати шартларига риоя этилишини текшириш;
назоратдан ўтиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқалар.