1. Махсус юридик функцияларнинг қуйидаги турлари мавжуд: тартибга солувчи (регулятив) ва қўриқловчи.
Тартибга солувчи функция – бу шундай ҳуқуқий таъсир қилиш йўналиши бўлиб, унда жамият тараққиёти эҳтиёжларига мос келадиган ижтимоий муносабатлар амалда бўлиши таъминланади ва ривожлантирилади. Тартибга солиш функцияси доирасида икки кичик функция – статик тартибга солиш ва динамик тартибга солиш функциялари ажралиб туради. Ҳуқуқнинг статик тартибга солиш функцияси ижтимоий муносабатларни муайян ҳуқуқий институтда мустаҳкамлаш йўли билан таъсир ўтказишида намоён бўлади. Динамик тартибга солиш функцияси ҳуқуқнинг ижтимоий муносабатлар ҳаракатини, яъни динамикасини расмийлаштириш йўли билан уларга таъсир ўтказишида ифодаланади.
Қўриқловчи функция – бу умумаҳамиятга молик энг муҳим иқтисодий, сиёсий, миллий ва бошқа ижтимоий муносабатларни, уларнинг дахлсизлигини муҳофаза қилиш, шунингдек мазкур жамиятга ёт бўлган муносабатларни сиқиб чиқаришни мақсад қилиб олган ҳуқуқнинг ижтимоий вазифаси билан боғлиқ ҳуқуқий таъсир йўналишидир.
2. Умумижтимоий функциялар орқали жамият ҳаётининг турли хил йўналишларида юзага келадиган ижтимоий муносабатларга ҳуқуқий таъсир ўтказилади. Ҳуқуқнинг умумижтимоий функцияларига қуйидагилар киради: иқтисодий, сиёсий, тарбиявий, экологик ва бошқалар. Ҳуқуқнинг ижтимоий функцияларини ижтимоий ҳаётнинг тегишли соҳаларига ҳуқуқий таъсир ўтказиш йўналиши сифатида таърифлаш мумкин. Жумладан, иқтисодий функция иқтисодий соҳага, сиёсий функция сиёсий соҳага, тарбиявий функция маънавий соҳага ҳуқуқий таъсир ўтказади.
7.8. ҲУҚУҚНИНГ МОҲИЯТИ ҲАҚИДАГИ
НАЗАРИЯЛАР
Ҳуқуқнинг моҳияти деганда унинг мазмуни ва мақсади тушунилади. Ҳуқуқнинг мазмуни ва моҳияти унинг асосий ва барқарор хусусиятларини намоён этади. Шу билан бирга, ҳуқуқнинг моҳиятини белгилашда қуйидаги иккита жиҳат, яъни ҳар қандай ҳуқуқ, энг аввало, ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи восита сифатидаги вазифасини бажариши ҳамда мазкур восита кимнинг манфаатларига хизмат қилиши алоҳида аҳамият касб этади.
Ҳуқуқнинг моҳияти давлатнинг ижтмиоий-иқтисодий тузуми, сиёсати, ахлоқ, маданият ва бошқа ҳодисалар билан ўзаро боғлиқ бўлади. Ўз моҳиятига кўра ҳуқуқ умумижтимоий характерга эга. Бу демократик давлатларнинг моҳиятида қуйидагича намоён бўлади:
ўзаро келишилган умумижтимоий иродани ифода этади;
аҳолининг барча қатламлари манфаатларига хизмат қилади;
ижтимоий алоқаларнинг ташкилийлиги ва ривожланиб боришини таъминлайди;
ҳуқуқий муносабатлар субъектларининг эркинлиги ва жавобгарлигининг ўлчови ҳисобланади;
турли-туман эҳтиёж ва манфаатларни қондириш воситаси сифатида майдонга чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |