Ҳуқуқнинг тарихий мактаби. Ушбу назария XIX аср юридик фанида сезиларли даражада ривожланган йўналиш ҳисобланади. Ҳуқуқнинг тарихий мактаби намояндалари (Г.Гуго, Ф.Савиньи, Г.Пухта в.б.) табиий ҳуқуқ ғояларига қарши чиққан. Мазкур назарияга кўра
урф-одат ва анъаналар ҳуқуқнинг муҳим манбаидир. Кодификация ва бошқа “сунъий” усуллар рад этилган, ҳуқуқ эса “халқ руҳи”нинг изчил ривожланиши натижаси сифатида ифодаланган ва ҳуқуқнинг ривожланиши тилнинг ривожланишига ўхшатилган. Тарихий мактаб вакиллари урф-одатларни қонундан юқори қўйиб, реал мавжуд ҳуқуқни қонунчилик йўли билан ўзгартириш мумкинлигини инкор этади. Улар ижтимоий муносабатларни норматив тартибга солиш тизимида
урф-одатлар аҳамиятини ғоятда бўрттириб кўрсатади. Бироқ ушбу назариянинг ижобий томонларини ҳам таъкидламаслик адолатдан бўлмайди. Айтайлик, мазкур назарияга кўра қонун чиқарувчи ўзининг субъектив хоҳиши бўйича нормаларни ярата олмайди. Бунинг учун
у ижтимоий ривожланишнинг объектив эҳтиёжларини, алоҳида одамлар манфаатларини билиши ва англаши ҳамда уларни ҳуқуқ нормаларида тўғри ифодалашлари лозим бўлади.
Ислом ҳуқуқ доктринаси. Муайян даражада рухсат бериладиган ва қўллаб-қувватланадиган шаклда диний шаклда ифодаланувчи нормалар тизими сифатида ислом ҳуқуқи VII–X асрларда араб мамлакатларида шаклланган ва у ислом динига асосланган. Ислом ҳуқуқ доктринасига кўра ҳуқуқ Аллоҳ томонидан белгиланади. Аммо ислом ҳуқуқининг шаклланишида Қуръон оятларининг Пайғамбар (с.а.в.), саҳобалар, уламолар томонидан талқин этилиши катта аҳамиятга эга бўлган. Ислом ҳуқуқшунослари бўлган фақиҳларнинг меҳнатлари асрлар давомида мана шу улкан масъулиятли ишга сарфланган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари янги ҳуқуқни яратишга эмас, балки Аллоҳ томонидан берилган ҳуқуқни амалда фойдаланишга мослаштиришга йўналтирилган. Ислом ҳуқуқини белгиловчи фиқҳ соҳаси фақатгина Аллоҳнинг инсонларга қўйган ўзаро ҳуқуқий қонун-қоидаларини акс эттириш билан чекланиб қолмай, балки ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олади.
Мазкур назария вакилларининг фикрича ҳар бир ҳуқуқни қўлловчи, муайян масалани ҳал қилишда асосан қуйидаги манбаларга таяниши лозим: Қуръони карим – мусулмонларнинг муқаддас китоби, мусулмон ҳуқуқи учун раҳбарий қоидалар тўплами (Аллоҳ томонидан Муҳаммад пайғамбар(с.а.в.)га нозил қилинган); ҳадис ёки сунна
– Муҳаммад пайғамбар тўғрисидаги ҳамда унинг панд-насиҳатлари, ўгитлари ва кўрсатмалари билан боғлиқ ахлоқий, диний меъёрлар бўлиб, улар Қуръони каримни аниқлаштиришга ёрдам берувчи, ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга кўмаклашувчи қоидалар тўплами ҳисобланади; ижмоъ – халифалар, билимдон кишиларнинг Қуръон қоидалари асосида турли муносабатлар бўйича чиқарган ҳукмлари, қарорлари; қиёс – аналогия, ўхшатиш йўли билан чиқарилган ҳукм (олдинги манбаларда ўз ифодасини топмаган фикр-мулоҳазаларни қамраб олади). Қуръон, сунна, ижмоъ ва қиёсдан ташқари фиқҳнинг бошқа ёрдамчи манбаларидан фойдаланиш ҳам мустасно этилмаган. Уларга ҳуқуқий одатлар, қонунлар ва фатволар киради.
Юқорида қайд этилган манбалар билан бирга, янги бир
фан – усули фиқҳ, яъни мусулмон ҳуқуқшунослиги вужудга келган. Фиқҳ ўз ичига шахснинг диний расм-русмларни бажариш билан боғлиқ масалаларни тартибга соладиган ибодат нормалари ва шахслар ўртасидаги муносабатларнинг қоидаси сифатида муомалот нормаларини қамраб олади. Ислом назариясига кўра ҳуқуқий масалалар шариатнинг муомалот қисмига тегишли ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |