Юридик фанда ҳуқуқнинг моҳияти юзасидан турли хил назариялар мавжуд.
Табиий ҳуқуқ назарияси (Локк, Руссо, Монтескье, Радишчев (XVII–XVIII асрлар)). Илмий йўналиш сифатида ушбу назария узоқ тарихга эга. Унинг асосий қоидалари қадимги даврдаёқ шаклланиб улгурган. Ушбу назариянинг моҳияти шундан иборатки, давлат томонидан яратиладиган позитив (ижобий) ҳуқуқдан ташқари барча учун умумий бўлган ва позитив ҳуқуқдан устун турувчи табиий хуқуқ ҳам мавжуд. Позитив ҳуқуқ табиий ҳуқуқ талабларига, яъни яшаш ҳуқуқи, эркин ривожланиш, меҳнат қилиш, жамият ва давлат ишларида қатнашиш ва бошқа ҳуқуқларга асосланади. Қадимги Рим ҳуқуқшунослари табиий ҳуқуқни фуқаролик ҳуқуқлари ҳамда халқлар ҳуқуқлари билан бир қаторда табиат қонунлари ва нарса-ҳодисаларнинг табиий тартиби ифодаси сифатида алоҳида ажратиб кўрсатган. Шунингдек, инсоннинг табиий, туғма ҳуқуқлари кўпчилик давлатларда конституциявий тарзда мустаҳкамлаб қўйилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасида яшаш ҳуқуқи “ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи” сифатида мустаҳкамланган. Юксак маданиятли жамиятда табиий ва позитив ҳуқуқларни бир-бирига қарама-қарши қўйишга ҳеч қандай асос йўқ. Чунки табиий ҳуқуқ ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ягона умуминсоний тизимини ташкил этиб, инсоннинг табиий ҳуқуқларини мустаҳкамлайди ва муҳофаза қилади.
Реалистик ҳуқуқ мактаби (Р.Иеринг, С.Муромцев в.б.). Мазкур йўналиш вакиллари ҳуқуқнинг тадрижий тарзда ривожланиши ҳақидаги тарихий тасаввурлардан фарқли ўлароқ, ҳуқуқ ташқи омиллар таъсирида юзага келади ва ривожланади деб ҳисоблайди. Ҳуқуқшунос Рудольф Иеринг ушбу назариянинг мазмун-моҳиятини ўзининг “Рим ҳуқуқи руҳи”, “Ҳуқуқ учун кураш”, “Ҳуқуқда мақсад” каби асарларида баён қилган. Иерингнинг таъбирича, ҳуқуқ – ҳимояланган давлат манфаатидир. У шахс манфаатларини кафолатлайди, одамларнинг турли хил эҳтиёжларини қондиришга ёрдам беради. Ҳуқуқнинг вазифаси ҳуқуқдан фойдаланишни кафолатлашдан иборат. Ҳуқуқнинг мазмун-моҳияти замирида қонунсизликка қарши халқлар кураши, давлат ҳокимияти, индивидлар кураши ётади. Шу муносабат билан Иеринг ҳуқуқ тарихидаги барча улкан ютуқлар – қулликнинг, крепостнойликнинг барҳам топтирилиши, ер мулки эркинлиги, ҳунармандчилик, эътиқод ва ҳоказолар эркинлиги – буларнинг ҳаммаси шафқатсиз, кўпинча асрлар оша давом этадиган курашларда қўлга киритилиши лозимлигини, бундай ҳолларда ҳуқуқнинг йўли ҳамиша ҳуқуқлар қолдиқлари орқали белгиланишини алоҳида таъкидлаган.
Унинг эътироф этишича, мутлақ адолатли ҳуқуқ йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, ҳуқуқнинг қиммати унинг асосида ётган мақсадни амалга оширишдан иборатдир. Манфаатлар кураши асосида дунёга келган ҳуқуқ жамият ҳаётида адолат принципига, албатта, риоя қилиш шарти билан муайян бир шахслар иродасини бошқаларнинг манфаатларига бўйсундирувчи куч сифатида майдонга чиқади.
Мазкур илмий йўналиш намояндалари ҳуқуқ учун курашиш қонуний ҳуқуққа эга бўлган шахснинг ўз олдидаги мажбуриятидир, зеро ҳуқуқни ҳимоя қилиш, яъни ҳуқуқбузарликка қарши ҳаракат қилиш эса фақат ўз-ўзига нисбатангина эмас, балки умуман жамиятга, давлатга нисбатан ҳам мажбуриятдир: ҳар бир шахс ҳуқуқни ҳимоя қилар экан, аввало, ўзининг субъектив ҳуқуқи асоси бўлган объектив ҳуқуқ нормаларини муҳофаза этади деб ҳисоблайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |