Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Мазкур тадқиқот натижа-лари 5 та халқаро, 3 та мақола республика, 1та мақола хорижий журналларда ва 16 тареспублика илмий-амалий конференцияларида маъруза кўринишида муҳокама қилинган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 25 та илмий иш (шу жумладан 3 та мақола республика ва 1 мақола хорижий журналларда) Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг докторлик (РhD) диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда эълон қилинган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация таркиби кириш, учта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат. Диссертациянинг ҳажми 135 бетни ташкил этади.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Диссертациянинг “Кириш” қисмида мавзунинг долзарблиги ва аҳамияти асослаб берилган, республика фан ва технологиялари ривожланишининг асосий устувор йўналишларига мослиги, тадқиқотининг диссертация бажарилган олий таълим муассасасининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги,муаммонинг ўрганилганлик даражаси, тадқиқотнинг мақсади ва вазифалари, объекти, предмети, усуллари ёритилган. Шунингдек, илмий янгилиги, амалий натижалари, тадқиқот натижаларининг ишончлилиги ва илмий-амалий аҳамияти тавсифлаб берилган.
Диссертациянинг «Миллатлараро толерантлик ва унинг ўзбек халқи ижтимоий-аҳлоқий тараққиётига таъсири» деб номланган биринчи боби икки қисмдан иборат. Мазкур бобнинг «Миллатлараро толерантлик тушунчасининг концептуал таҳлили» номли биринчи параграфида “миллат”, “толерантлик”, “миллатлараро толерантлик” тушунчалари ва улар намоён бўлишининг ўзига хослигининг концептуал-методологик таҳлили амалга оширилган.
Ўзбек тилида “толерантлик”нинг ягона маънодош сўзлари мавжуд эмас. Ўзбек халқининг толерантлиги ирқий, этник, ижтимоий мансублигидан қатъий назар одамлар, халқларга ҳайрихоҳлик билдириш, яхшилик исташдан иборат. З.Р. Қодирова Шарқ тилларидаги “толерантликнинг” бир қатор терминологик ўхшашликларига эътиборни қаратади. “Толерантлик”, “миллатлараро толерантлик” тушунчалари маъносини очиб беришда миллат концепциясини четлаб ўтиб бўлмайди. “Миллат” тушунчаси талқинининг асосида бир неча концепциялар ётади, булар: примордиалистик ёндашув, миллатнинг Гумилёв томонидан ишлаб чиқилган концепцияси, шунингдек инструменталистик, ойкуменистик, конструктивистик концепциялари. Мазкур концепцияларни таҳлил қилиб, муаллиф тадқиқ қилинаётган муаммога яқинроқ турганлиги сабабли ойкуменистик назарияга қўшилади. Айни ўрта турк тили турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги мулоқот тили бўлиб хизмат қилади, у миллатлараро муносабатларни ўрнатишнинг ажойиб имконинини яратиб беради.
Шундай қилиб, борлиқ ва хулқ-атвор шаклидаги “миллат”, “толерантлик”, “миллатлараро толерантлик” тушунчаларини тадқиқ қилиш методологияси ички қарама-қаршилиги билан шартланган, мавҳумлик ва аниқлик диалектикасига асосланган. Мавҳумлик ва аниқлик диалектикасидан фойдаланиш, “толерантлик” категориясининг таърифига аниқлик киритиш, шунингдек унинг назарий асосланиши ҳамда толерант қадриятларнинг амалда қўлланиши ва жамиятда тарқалиши ўртасидаги ўзаро нисбатни аниқлаш имконини беради. Тарихийлик ва мантиқийлик бирлиги тамойили мазкур категориянинг замон ва маконда таркиб топиши, шаклланиши ва ривожланиши жараёнларини кузатиш имконини беради. Мантиқийлик воситасида объектив олам идеал образларда акс эттирилади, тарихийлик эса толерантлик ва интолерантликнинг барча шаклларда аниқ намоён бўлишининг зиддиятлилигини очиб беради. Толерантликни тушунишда мантиқийлик ва тарихийликнинг бир-бирига тўғри келмаслиги, номувофиқлиги (инсонпарварлик ва плюрализмларнинг айни вақтда олий қадрият сифатида тан олиниши ҳамда турли тарихий даврларда ўзгача фикрда бўлишнинг бостирилиши) унинг онтологик мавқеини аниқлаш имконини беради.
Толерантлик ва интолерантлик-ижтимоий муносабатлар соҳасида индивидлар хулқ-атвори меъёрларини аниқловчи категориялар. Толерантлик ижобий, интолерантлик эса салбий категория деб бўлмайди.Интолерантлик эса, аксинча, сенинг гуруҳинг, сенинг қарашларинг тизими, сенинг турмуш тарзинг бошқаларникидан юқори туради, деган эътиқодга асосланади. Бундан ўзгани кўриниши, фикр юритиши, ҳаракат қилиши бошқача бўлганлиги учунгина қабул қилмаслик келиб чиқади.
Толерантлик ҳақидаги замонавий тасаввурларни, толерантлик фуқаролар тинчлигини мустаҳкамловчи ва адолатсизликдан ҳимоя қилувчи омил эканлигини тан олиниши кўп жиҳатдан XVII-XVIII асрлар файласуфлари фаолияти тайёрлаган. Виждон эркинлиги ва диний эътиқодлар эркинлиги тамойилини қонуний ишлаб чиқиш ва расмийлаштиришга Уйғониш даври гуманистлари, Маърифатпарварлик даври фан арбоблари, Немис классик фалсафаси мутаффакирлари аҳамиятли ҳисса қўшганлар.
Муртазаева Р.Х., Қодирова З.Р., Мадаева Ш.О. каби мамлакимиз олималари назарий таҳлиллари ва тадқиқот натижалари ўзбек халқи менталитетига яқин бўлган толерантликни таърифлаш имконини берди. Мадаева Ш.О. Ўзбекистон анъанавий жамиятининг Ғарб дунёсидан ўзига хос менталлик муҳити ва стереотиплари билан фарқ қилувчи Шарқнинг бир қисми сифатидаги ўзига хослигини очиб берган. Ғарб ва Шарқ толерантлик тушунчаси талқинига турлича ёндашадилар. Замонавий Ғарб мамлакатлари вакиллари нафақат анъанавий бўлмаган кўринишга, турлича қарашлар ва эътиқодларга эга одамларга, балки ноанъанавий ориентацияга эга одамларга ҳам сабр-тоқат намойиш қиладилар. Шарқ эса, Толерантлик тамойиллари декларациясига амал қилган ҳолда, жаҳоннинг маданиятлар бой хилма-хиллигини, инсон индивидуаллигининг ифодаланиш ва намоён бўлиш шаклларини қабул қилади ва тўғри тушунади.
Мазкур бобнинг «Марказий Осиё тафаккурлари маънавий меросида миллатлараро толерантлик» деб номланган иккинчи параграфи ўрта асрлар Марказий Осиё ижтимоий-фалсафий фикрлари тарихи халқаро тотувлик ва ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик ва ўзаро ишонч, турли динга эътиқод қилувчи мамлакатлар халқлари билан иқтисодий ва маданий ҳамкорликка интилиш орқали диний мутаассиблик ва адоватга қарши ғоявий жиҳатдан муваффақиятли кураш олиб борилганидан гувоҳлик беради. Сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий жабҳаларда маълум натижаларга эришишда ўша даврларда вужудга келган назарий-фалсафий ва маънавий-ахлоқий ғояларнинг ҳиссаси бениҳоя каттадир.
Марказий Осиё халқлари ижтимоий-фалсафий фикрлари тарихида диннинг ижтимоий, маънавий-ахлоқий моҳиятига давр ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маънавий шароити нуқтаи назаридан ёндашиш, унинг қадриятларини реал ҳаёт шароитларига татбиқ қилиш борасида илк ўрта асрлардаёқ бой анъаналарга эга бўлинган. Унда диннинг асосий хизмати, энг аввало, фуқароларни юксак ахлоқийлик руҳида тарбиялаш, ўзаро тотувлик ва ҳамжиҳатликка даъват этиш ва, оқибатда, жамиятда барқарорлик, одамлар ўртасида тинчлик-омонлик ва тотувликни таъминлаш ҳисобланган. Марказий Осиё мутафаккирлари халқлар ва мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончсизлик, адоват ҳис-туйғуларининг кучайишига сабаб бўлувчи диний мутаассиблик ва ғаразни қаттиқ қоралаб, диний бағрикенглик ҳамда муросасозлик ғояларини илгари сурганлар. Динга бундай ёндашув анъаналари ўрта асрларда ушбу ғояларни ижтимоий ва маданий-маънавий ҳаётда амалий қўллашга ҳаракат қилиш билан янада мустаҳкамланган.
Юқорида қайд қилинган бой маънавий меросимиз ғояларининг республикамиз фуқаролари онгига сингдирилиши кўп миллатли мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади, шунингдек ақидапарастлик ва экстремизм ғоялари билан халқ онгини заҳарлашга ҳаракат қилаётган фитначи террористик гуруҳларларга қарши курашда катта ғоявий-сиёсий аҳамият касб этади. Мазкур ҳолда Президентимиз Ш.М. Мирзиёевнинг қуйидаги фикрига эътибор бериш зарур: «Бугунги кунда ён-атрофимизда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, «оммавий маданият» деган бало-қазоларнинг хавфи тобора кучайиб бораётганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу сўзларнинг чуқур маъноси ва аҳамияти янада аён бўлади. Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги вақтда ёшлар тарбияси биз учун ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган масала бўлиб қолмоқда»1.Мутафаккирлар ғоялари кўплаб миллатлар ва элатлар вакиллари ва турли динларга мансуб халқларга бошпана берган мамлакатимиз учун катта ҳамиятга эга.
Марказий Осиё халқлари ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маънавий ҳаётини тартибга солган қадимги анъаналари кейинги Уйғониш даврида Румий, Давоний, Жомий каби мутафаккирлар ижодида акс эттирилган. Улар уша даврда юзага келган ижтимоий-сиёсий ва маданий-маънавий шарт-шароитлар таъсирида инсон жамоаларининг пайдо бўлиши тўғрисидаги аждодлар ғояларини янгича талқин қилиб, аввало, урушларни, халқларни қиришни, динларнинг бир-бирига қарши туришини, одамлар ўртасидаги низолар ва бахсларни тўхтатиш кераклигини тараннум этганлар, шунингдек улар ажойиб бадиий образлар ва намуналар орқали ҳамдўстлик, тотувлик, одамлар ўртасидаги муроса, келишишга асосланган жамиятни тавсифлаб берганлар, унда низолар ва душманлик тўхтатилиб, ижтимоий адолат ҳукм суради.
Диссертациянинг«Ўзбекистоннинг ҳозирги замон ижтимоий- маънавий ҳаётида миллатлараро толерантнликни таъминлашнинг фалсафий-методологик асослари» деб номланган иккинчи боби икки параграфдан иборат.«Миллатлараро толерантлик феномени контекстида Ўзбекистоннинг ижтимоий-маънавий воқеликнинг фалсафий-методологик талқини»номли биринчи параграфида миллатлараро толерантликнинг билишдаги методологик роли, унинг мазмуни ва аҳамияти таҳлил қилинган. Толерантликка ижтимоий аҳамиятга эга қадрият сифатида муносабат билдириш, умуман, инсониятнинг, ижтимоий жамоалар, алоҳида инсоннинг тирик қолиш, бирга яшаш, ривожланиш ва бир-бирини бойитишнинг асосий шартидир. Толерантлик инсоннинг, жамиятнинг қадр-қиммати, ҳаётни сақлаб қолиш ва ривожлантириш билан уйғунлиги унинг қадрият сифатидаги мавқеини, ижтимоий ва шахсий аҳамиятини белгилаб беради.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, геосиёсий мавкеининг тубдан ўзгариши, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий ва ахборот-коммуникация соҳаларидаги ўзгаришлар замонавий дунёнинг глобал ва ҳудудий жараёнларига уйғун тарзда қўшилган. Булар кўп миллатли ҳудуд шароитида таълим тизими вазифаларидан бири миллатлараро мулоқотнинг меъёрлари, намуналарини мақсадга мувофиқ шакллантириш, кўнималарини сингдириш, низоли вазиятларни бартараф этиш қобилиятини шакллантириш, кўп миллатли мамлакатимизда яшаб келаётган халқлар маданий меросига қизиқишни ривожлантириш иборат эканлиги билан тасдиқланадидан.
Президент Ш.М. Мирзиёев томонидан қўйилган салбий маънавий-ижтимоий оқибатларни бартараф қилиш, ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳити мавжудлигидагина ҳамкорликда ҳаракат қилишни талаб қилувчи сиёсий, иқтисодий ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш вазифаси жаҳон ҳамжамиятининг миллатлараро толерантлик муаммоларига қизиқишини янада орттирмоқда. Шунинг учун жамиятимиз ривожланиши жараёнида урф-одатлар ва анъаналар соҳаси кенгайиб бормоқда, унга янги ижтимоий муносабатлар қўшилмоқда. Мустақиллик йилларида республикада диний таълим янги сифат даражасига кўтарилди, унинг тўлақонли тизими шакллантирилди, у бошқа муҳим вазифаларни бажариш билан бирга, диннинг қудратли маънавий-ахлоқий салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, ўзбек халқида ҳозирги замон толерантликни шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган. Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилиниши, Президент Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг ташкил қилиниши, дин соҳасида таълим тизимининг ўзгартирилиши юқоридагиларни тасдиқлайди.
Иккинчи бобнинг “Миллатлараро толерантликка асосланган Ўзбекистоннинг ижтимоий-ахлоқий воқелиги” деб номланган иккинчи пара-графида Ўзбекистонда миллатлараро сиёсат мамлакатда барқарорлик ва тинчиликни тартибга солишнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилиши кўриб чиқилган. Бутун Марказий Осиё буйича аҳолининг барча қатламларини ижтимоий-сиёсий ва маънавий-ахлоқий шаклланиши билан бирга уйғун тарзда қўшиб олиб борувчи давлатимиз ички ва ташқи сиёсати мазкур жараённинг ижтимоий-сиёсий ҳамда маънавий-ахлоқий мазмунида толерантлик омилининг амалга оширилишига ёрдам беради.Ўзбекистонда эришилган ижтимоий ва сиёсий барқарорлик мамлакатда халқаро тинчлик ва фуқаролар ўртасида тотувликни таъминлашга қаратилган, чуқур уйланган сиёсатнинг натижасидир. Индивидлар ва ижтимоий гурҳлар ҳамда бутун жамият миқёсида толерантлик қадриятларининг шаклланганлигини жамиятимиз келажагига эришиш, унинг жаҳон ҳамжамиятига кириб бориши учун асосидир.
Ўзбекистон миллатлари ва халқлари ўз маданиятларини ўзбек ва жаҳон маданияти билан биргаликда ривожлантирган ҳолда, ягона менталлик,ўзини тутишнинг ягона фалсафасига эга бўладилар, ягона ахлоқий негизни шакллантирадилар, ва у мустаққиллик йилларида миллатлараро тотувлик манбаси бўлиб келмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда миллатлараро тотувликни шакллантиришга қаратилган шарт-шароит яратилганлиги туфайли амалга ошмоқда.
Миллатлараро муносабатларни шакллантиришда миллий маданий марказлар тармоғи, улар фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мувофиқлаштиради, шунингдек дин ва республика миллий кутубхоналари муҳим роль уйнамоқда.
Шундай қилиб, буларнинг барчаси Ўзбекистон халқларининг ҳозирги замон воқелиги тизимини ва маънавий анъаналарини ташкил қилади, улар толерантлик меъёрлари ва қадриятларига асоланган бўлиб, шахсни маънавий -ахлоқий тарбиялаш ва толерантлик диний бағрикенглик рухида шакллантиришнинг мустаҳкам асосини яратади.
Диссертациянинг «Миллатлараро толерантлик ўзбек халқининг ижтимоий - маънавий ривожланишининг асосий омили сифатида» деб номланган учинчи боби икки қисмдан иборат.«Миллатлараро толерантлик контекстида ўзбек халқининг ижтимоий-маънавий ривожлантиришнинг асосий йуналиш ва тамойиллари» деб номланган биринчи параграфида фуқаролик жамиятининг қадрияти ва меъёри, ўзбек халқининг ижтимоий-ахлоқий ривожланиши омили сифатидаги толерантлик жамият аъзоларининг ҳар хил бўлиш ҳуқуқи, улар ҳуқуқларининг тенглигини таъминлаш, жаҳон маданиятлари, цивилизациялари, халқларининг хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, ташқи кўриниши, тиллари, эътиқодлари, урф-одатлари ва динлари билан фарқланувчи одамларни тушуниш ва улар билан ҳамкорлик қилишга тайёрликда намоён бўлади, ва ёшлар ижтимоий фаоллигининг маънавий-ахлоқий жиҳатлари билан чамбарчас боғлик. Толерантликка асосланган тарбия кечиктириб бўлмайдиган императив сифатида кўрилиши керак, шу билан бирга у айни пайтда қўрқинч ҳиссини ва ўзга одамлардан бегоналашувни туғдирувчи турли таҳдидларга қарши туришга ундайди, ва ёшларда мустақил фикрлаш, танқидий англаб етиш ва ахлоқий қадриятларга асосланган ҳукмлар ишлаб чиқишни шакллантириш билан боғлиқ.
Миллатлараро толерантликни шаклланиши учун шарт-шароитлар яратиш бўйича ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида таълим-тарбия жараёнида “Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи бандидан фойдаланиш зарур. “ҳаракатлар стратегияси” ёшларни тарбиялашнинг янги ижтимоий давлат тизимини шакллантириш заруриятини кўзда тутади, у ёшларнинг ижтимоийлашишини, юқори даражали фуқароликни, ватанпарварликни, қонунга риоя қилишни таъминлайди. Мазкур “Стратегия” экстремизм, миллатчилик мафкурасига, ксенофобия, ижтимоий келиб чиқиши, дини, ирқи, миллатининг камситилиши, дискриминация этилишига ва бошқа салбий ижтимоий ҳодисаларга қарши туриш имконини берувчи шахс аҳлоқий установкаларининг (мъёрларининг) шаклланишини кўзда тутади.
Буларга эришиш мақсадида ёшларда толерантликка тегишли онг ва хулқни шакллантириш самарадорлиги кўп жиҳатдан мазкур жараёнда субъектив ёндашув, адекватлик, идивидуаллаштириш, рефлексив нуқтаи- назар, толерант муҳитни яратиш, ёшга тегишли ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олиш каби ёшларни толерантлик контекстида ижтимоий-ахлоқий ривожлантириш тамойиллари қанчалик муваффақиятли амалга оширилишига боғлиқ.
Мазкур бобнинг “Ўзбекистоннинг ҳозирги замон ижтимоий-маънавий ҳаётида миллатлараро толерантнликни таъминлаш муаммолалари ва ечимлари” номли иккинчи параграфида муаллиф ҳозирги вақтда жаҳон ижтимоий фикрининг глобал муаммоларидан бирига айланган миллатлараро толерантлик муаммосини кўриб чиққан. Ҳарқандай муаммо сингари миллатлараро толерантлик муаммоси одамларнинг муайян тажрибасида етилади ва жаҳон ҳамжамиятини ҳам,Ўзбекистон Республикаси жамиятини ҳам ташвишга солаётган жараёнлар билан шартланган, дастлабки шартлар хусусиятлари ва тамойилларга эга бўлади, у реал қизиқиш таъсиридагина, кўп қиррали мазкур тажриба доирасида ҳал қилиниши мумкин. Бу, аввало, турли хил экстремизм, тажовузкорликнинг, низолар ва низоли вазиятларнинг кенгайиши. Бунда глобал хафсизлик ва барқарор тараққиётни алоҳидалик, хусусийлик ва умумийлик фалсафий категориялари нуқтаи назардан таҳлил қилиш, яъни уларни мазмунан маҳаллий, миллий, минтақавий, халқаро ёки глобал даражаларга ажратган ҳолда таҳлил қилиш,уларнинг ривожланиш тенденцияларини аниқлаш имконини беради.
Шуни таъкидлаб ўтиш зарурки, халқимизнинг маънавий-тарихий анъаналарини ҳозирги замон Ўзбекистон ижтимоий воқелигини шакллантиришда муҳим роль уйнайди ҳамда миллатлараро толерантлик, унинг миллий ва умуминсоний ўзига хос хусусиятларининг таркиб топишида, ижтимоий-ахлоқий жараёндаги энг муҳим назарий-методологик жиҳатлардан бири ҳисоблананди. Айни пайтда ҳозирги замон дунёсида миллатлараро толерантлик муаммосига нисбатан янги ёндошувлар, унинг кенгайиб бораётган умуминсоний, минтақавий ва миллий ижтимоий- маънавий жараёнлар билан уйғун боғлиқлиги, мазкур ҳодисанинг шаклланиши ва ривожланишнинг таҳлили билан боғлиқ бир қатор назарий- методологик муаммоларни кўриб чиқишни тақозо қилади. Ўзбек халқининг миллатлараро толерантлигининг шакллантиришида миллий маданий марказлар, Ўзбекистон Республикасининг миллий кутубхоналари, муқаддас динимиз катта аҳамият касб этади. Мамлакатимизда ташкил қилинган турли миллий марказлар ва жамиятлар фаолияти миллий анъаналар, урф- одатларни тиклаш, маънавият ва маданиятни ривожлантириш, миллатлараро муносабатларини уйғунлаштиришга қаратилган.
ХУЛОСА
Тадқиқот натижалари асосида қуйидаги хулосаларга келинди:
1.Тадқиқотнинг муҳим натижаларидан бири, миллатлараро толерант-ликнинг ҳодисасининг хилма-хил ва мазмундор спектрида миллатлараро толерантликнинг маънавий-ахлоқий ҳодиса сифатидаги алоҳида аҳамияти-нинг аниқланганлигидан иборат, у, бир томондан, бошқа ахлоқий категориялар ва тушунчалар билан чамбарчас боғлиқ, иккинчи томондан эса -унинг ахлоқий таъсири жиддий ўзига ҳос хусусиятларига эга, бу эса уни асосий замонавий ахлоқий категориялардан бири сифатида кўриб чиқиш имконини беради. Булар ҳам глобал, ҳам миллий миқёсда толерантликдан назарий ва амалий жиҳатдан фойдаланиш тажрибаси билан тасдиқланади;
2. Толерантликка асосланган ахлоқий меъёр категориялари хулқ-атвор кишилар ўртасида ҳамжиаҳтликнинг қарор топиши, бирдамликнинг мустаҳкамланиши, қарама-қаршиликларни бартараф қилишга ёрдам беради. Миллатлараро толерантлик умуминсоний, миллий, ижтимоий-ахлоқий қадриятлар ва тамойиллар тизими билан боғлиқ, у бошқалар фикри, қарашлари, маданияти ва хулқига тоқат қилолмасликни бартараф этиш механизми сифатида ишлайди;
3. Улар қаторида миллатлараро толерантлик контекстида ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш алоҳида долзар масаладир, бу бутун жаҳон ҳамжамиятини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси халқини ташвишга солаётган бир қатор жараёнлар билан шартланган. Ушбу ижтимоий ҳодисалар ўзининг баъзи демографик ва ижтимоий-ёшга боғлиқ ўзига хос хусусиятлари, турли хил экстремизм, тажовузкорликнинг кучайиши, низолар ва низоли вазиятлар, террористик ҳаракатлар туфайли ёшлар учун айниқса хавфли;
4. Ўзбекистон Республикасининг мустақил жамияти асосларини мустаҳкамлаш учун қадриятлар, хусусан, миллатлараро толерантлик билан боғлиқ, халқимиз тарихий йўли ва турмуш тарзи талабларига жавоб берадиган, яъни алоҳида маҳаллий, минтақавий ва умуминсоний, жамиятимизнинг маънавий эҳтиёжлари ва йўналишларига москеладиган қадриятлар долзарб аҳамият касб этади;
5. Ёшларнинг маънавий-ахлоқий шаклланишида миллатлараро толерантлик масаласи ўрнини умумметодологик муаммосини кўриб чиқишда, ижтимоий етуклиги таркиб топаётганини, катталар дунёсига кириб бораётганини бошидан кечираётган муайян ижтимоий-демографик гуруҳ сифатида унинг баъзи ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш зарур;
6. Ўзбек халқи миллатлараро толерантлиги муаммосининг энг муҳим масаласи ўрнини методологик жиҳатларидан бири унинг теран тарихий-генетик шартланганлиги бўлиб, у ижтимоий-фалсафий фикр тарихидаги анъаналарга бориб тақалади. Миллатлараро толерантликнинг классик фалсафий концепцияларининг таҳлилида уларнинг аксарияти толерантликни, аввало, маънавий-ахлоқий ҳодиса сифатида талқин қилишга йўналганлигини аниқлаш имконини берди;
7. Миллатлараро толерантликни шакллантиришда миллий маданий марказларнинг ўрни беқиёс.Ушбу марказлар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари Қўмитаси томонидан назорат қилинади.
8. «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш-нинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» ўзаро тотувлик концепцияси бўлиб, мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Ўзбек халқининг ижтимоий-ахлоқий ривожланишида миллатлараро толерантлик тамойилларини концептуал-назарий жиҳатдан ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида қуйидаги тавсиялар илгари сурилмоқда:
1. Халқаро ҳамжиҳатлик ва диний толерантлик воситасида диний ақида-парастлик ва терроризмга қарши муваффақиятли курашдан далолат берувчи Марказий Осиёнинг ижтимоий-фалсафий фикрини акс эттирадиган веб-саҳифа ва ҳар ҳафтада эфирга узатиладиган илмий-оммабоп фильмларни яратиш зарур. Мазкур веб-саҳифада қуйидаги мавзуларни акс эттирувчи бўлимлар бўлиши лозим:
ислом дини қадриятлари – Қуръон, Ҳадислардан диний толерантликка оид мисоллар келтирилиши;
Ўрта асрлар Марказий Осиё мутафаккирлари маънавий меросидаги диний толерантлик ва миллатлараро дўстлик муносабатлари ҳақидаги ғояларнинг таҳлили билан қўшилган хрестоматик маълумотлар;
Марказий Осиё мутафаккирлари маънавий меросидан далолат берувчи, Марказий Осиёда шаклланган, шунингдек хўжагон тариқатлари– нақшбандия, яссавия, қубровия тариқатларининг таълимотларида диний толерантлик ғояларини акс эттирувчи ёзма ёдгорликларга бағишланган илмий тадқиқотларни мунтазам эълон қилиш;
2. Миллатлараро толерантлик шаклланишининг самарадорлигини ошириш мақсадида ўтмишдаги илм-фан арбоблари зарур асарларини катта адади билан нашр қилиш;
3. Ўзбек халқи миллатлараро толерантлигини шакллантириш бўйича умум илмий дастурини (Кадрлар тайёрлаш миллий дастури сингари) ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ;
4. Ўқитувчилар малакасини ошириш институтлари ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш давомида толерантлик контекстида ёшларни ижтимоий-ахлоқий ривожланишига тегишли билимларини кенгайтириш мақсадида тренинглар, ролли ўйинларни ташкил қилиш фойдали бўлади;
5. Улғайиб келаётган авлодни ижтимоий-ахлоқий ривожланишини илмий-методик жиҳатдан асослаб бериш, мазур жараённинг самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур масала бўйича ўқув қўлланма (ўқитувчилар, талабалар, таълим олувчилар учун) яратиш зарур;
6. ОАВ ходимлари жамиятнинг барча гуруҳлари ва қатламлари ўртасида миллатлараро толерантликнинг ижтимоий-ахлоқий мазмунини ва унинг шахс ривожланишидаги аҳамиятини тушунтириш ва тарғиб қилишни кенгайтириши лозим;
7. ОАВ ходимлари ёшларга тегишли мавзуларни, ёшга оид хусусиятларни ҳамда турли гуруҳларнинг ижтимоий-касбий қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда, кенгайтириш мақсадга мувофиқ бўлади, бундай материалларни тайёрлашда ёшлар томонидан жамият ва шахс ҳаётининг барча соҳаларида толерантлик ва ижтимоий фаолликнинг намоён қилинишига алоҳида эътибор бериш.
Do'stlaringiz bilan baham: |