Тухумдон ёнидан бошланган най бўлиб, бачадонга келиб очилади. Бачадон найинанг тухумдонга яқин бўлган учи воронкасимон кенгайган бўлиб, махсус қисқа шокилалар билан тугалланади. Баъзан шокилалар тухумдонгача етади ва уни ўраб олади. Тухумдонда етилган тухум бачадон найлари воситасида бачадонга етказилади.
БАЧАДОН
Бачадон ноксимон шаклга эга бўлган, мускул – безли аъзо. У кичик чаноқда қовуқ билан тўғри ичак ўртасида жойлашган. Бачадонда ҳомила ривожланади.
Бачадоннинг бўйни, танаси ва туби тафовут қилинади. Бачадонинг туби юқорига қараган, танаси кенгайган қисм бўлиб, пастга йўналган ва қинга ёндошиб кетади. Кенг бойлам ва юмалоқ бойлам бачадонни кичик тос бўшлиғининг марказида тутиб туради.
Бачадон девори уч қаватдан иборат: ички қават – эндометрий, ўрта қават – миометрий, ташқи қават – периметрий. Бачадон бўйинчаси қоринпарда билан фақат орқа томондан қопланган, ён томонлари эса ёғ клетчаткаси билан ўралган бўлиб параметрий дейилади. Эндометрий шиллиқ пардадан иборат. Шиллиқ парда цилиндрсимон эпителий билан қопланган бўлиб, таркибида найча тузилишдаги майда безлар бор. Бачадон танасида бошқа хилдаги безлар кўп миқдорда учраб, бу безлар тармоқланиб кетади, шохчалари эса мускул қаватигача етади. Шиллиқ парда таркибидаги безлардан фарқли, бу безлар ишқорий муҳитга эга бўлган секрет ишлаб чиқаради Шу сабабли қиннинг шиллиқ пардаси ишқорий муҳитга эга. Миометрий силлиқ мускул тўқимадан тузилган. Мускул толалари узунасига ва циркуляр ҳолда жойлашган бўлиб, уч қаватни ташкил этади. Периметрий сероз пардадан иборат. Сероз парда бу бачадон девори билан битишиб кетган қоринпардадир. У бачадонни ҳамма томондан ўраб олади ва бачадон бойламларини ҳосил бўлишида ҳам иштирок этади.
Қин – бачадонни бўйин ва ташқи жинсий аъзолар ўрта-сида жойлашган, узунлиги 8-10 см га тенг найи ҳисобланади. Устки томонда қин кенгайиб, бачадон бўйнининг охирги қисмини ўраб олади ва қин гумбазини ҳосил қилади. Қин гумбазида олдинги, орқа ва иккита ён қисмлари ажратилади. Орқа қисми олд қисмига нисбатан узунроқ ва чуқурроқ бўлади. Қинни олд томонидан қовуқ ва сийдик чиқариш йўли, орқа томондан тўғри ичак жойлашган. Қин девори 3 қаватдан тузилган: 1) ички шиллиқ қавати олд ва орқа деворларида, қуйи бўлимида бурмалар ҳосил қилади. Қин бўшлиғи билан қин олди орасида жойлашган ҳалқасимон бурма кўп қаватли ясси эпителий билан қопланган ва қизлик пардаси дейилади; 2) ўрта мускул қаватида бўйлама жойлашган мускул толалари айланма мускул толаларга нисбатан кучли ривожланган; 3) ташқи қават қинни сиртдан фиброз парда билан қоплаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |