Тухумдоннинг генератив функцияси. Овогенез
Овогенез – бу тухум ҳужайранинг етилиши бўлиб, тухумдонларда рўй беради. Овогенез сперматогенездан фарқли 3 даврдан иборат. Бунда шаклланиш даври бўлмайди. Бундан ташқари – кўпайиш даври – қизларда эмбрионал тараққиёт даврида ўтади, қиз она бачадонида ривожланаётган, унинг тухумдонларида кўпайиш даври ўтади. Демак, қизлар тайёр биринчи тартибли овоцитлар билан туғилади. Постэмбрионал даврда (туғилгандан кейинги давр) қизларда фақат иккита давр – ўсиш ва етилиш даврлари кузатилади.
Кўпайиш даври – қизларда эмбрионал тараққиёт даврида ўтади. Тухумдонда бирламчи диплоидли ҳужайралар – овогониялар дейилади. Булар актив равишда митотик йўл билан кўпаядилар ва натижада 1 тартибли овоцитлар ҳосил бўлади.
Ўсиш даври – қиз балоғатга етгандан сўнг – ўсиш даври бошланади. Бунда биринчи тартибли овоцит ўсиб ривож-ланади ва ядросида мураккаб ўзгаришлар рўй беради.
Етилиш даври – мейоздан ташкил топган. Бунда биринчи митотик бўлинишдан сўнг йирик иккинчи тартибли овоцит ва йўналтирувчи танача ҳосил бўлади. Иккинчи митотик бўлиниш натижасида иккинчи тартибли овоцитдан битта етилган тухум ҳужайраси, йўналтирувчи таначадан эса 2 янги йўналтирувчи таначалар ҳосил бўлади, булар кейинчалик йўқолиб кетади. Демак, бирламчи овогониядан бир неча босқичлардан сўнг фақат битта тухум ҳужайра етилади.
Тухумдон нафақат тухум ҳужайраларни етиштирадиган аъзодир, уни ички секреция безлари қаторига ҳам киритиш мумкин. Иккиламчи жинсий белгиларни шаклланиши, аёлларнинг психологик хусусиятлари қон таркибидаги гормонларга боғлиқ. Бундай гормонларга эстрадиол ва прогестерон киради. Эстрадиол тухумдоннинг фолликуляр ҳужайралари томонидан ишлаб чиқарилади, фолликулларни етилишини ва ҳайз циклини идора этади. Сариқ тананинг лютеоцит ҳужайралари прогестерон гормонини ишлаб чиқаради.
Прогестерон ҳомилани такомилини таъминлайди, бачадоннинг шиллиқ пардасининг етилишини, мускулли толаларни қўзғолишини ва сут безларини ривожланишини таъминлайди. Прогестерон тухумдонга ҳам таъсир кўрсатиб, фолликулаларни ўсишини тўхтатади. Шунинг учун сариқ тана гуллаш босқичини ўтиш даврида тухумдонда фолли-кулалар ўсмайди. Демак, овариал гормонлар бир вақтда эмас, навбат билан ишлайди. Фолликула ҳужайралари эстрадиол ишлаётган вақтда сариқ тана бўлмайди, чунки уни ҳосил бўлиши учун фолликуляр пуфакчалар ҳали бўлмайди. Ўз навбатида сариқ тана прогестерон ишлаётган вақтда эстрадиол ишлаб чиқарилмайди, чунки янги фолликулаларнинг ўсиши тормозланган бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |