Ҳосилавий молиявий воситалар ҳақида илк қайдлар XVI–XVII асрларга бориб тақалади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига шартномалар замонавий деривативлар прототиплари бўлган. Масалан, XVII асрда Голландияда лола пиёзига (илдизига) опционлар билан фаол савдо қилинган. XVIII асрда Осака шаҳридаги (Япония) «Йодойа» бозорида шоли (гуруч) купонлари – йиғиб олинган ҳосилни шаҳар омборларида сақлаган ер эгалари томонидан бериладиган омбор тилхатлари билан савдо қилинган. Купон унинг эгасига келажакда олдиндан белгиланган санада келишиб олинган нарх бўйича белгиланган миқдорда шоли олиш ҳуқуқини берарди.
Айрим муаллифларнинг ҳисоблашича, ҳосилавий жиҳатларга эга бўлган воситалар олис даврларда ҳам маълум бўлган. Шундай фикрлар мавжудки, ҳосилавий воситалар прототиплари ёзув ихтиро қилинган пайтдаёқ (Месопотамия, эрамиздан аввалги IV аср) пайдо бўлган. Далил сифатида мутахассислар археологлар томонидан топилган лойдан ишланган тахтакачларни келтириб, улардаги ярим ўчиб кетган ёзувлар бу олтита гувоҳ иштирокида тузилган, белгиланган ойда белгиланган миқдорда ёғоч тахталарни харидорга етказиб бериш борасида ёзма мажбурият деб хулоса чиқаришга имкон беради.
Муддатли шартномалар билан уюшган савдонинг вужудга келиши XIX асрга бориб тақалади ва 1848 йил дунёдаги биринчи муддатли биржа – Чикаго савдо палатаси (Chicago Board of Trade – CBOT) пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳисобланади. 1851 йилдан бошлаб биржада форвард шартномалари муомалада бўла бошлади, бироқ бир неча йилдан сўнг қатор савдо қатнашчиларида форвардлар бўйича мажбуриятларни бажариш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келди. Бу биржа томонидан стандартлаштирилган шартномалар шакллари ва савдо қоидалари ишлаб чиқиш учун туртки бўлиб хизмат қилди. Бундан ташқари, биржа битимлар бўйича мажбуриятлар бажарилишини кафолатлаш мақсадида қатнашчилар томонидан кафолат бадали – маржа киритишни талаб қила бошлади.
XIX аср охири ва XX аср бошларида ҳосилавий молиявий воситалар билан савдо жадал суръатлар билан ривожлана бошлади – биржалар сони ўсди, шартномалар ассортименти кенгайди.
ХХ асрнинг бошида бозор ривожланишида жиддий воқеалар рўй берди, 1920-йилларда муддатли биржа савдосининг энг муҳим элементи – клиринг палатаси вужудга келди. 1925 йил СВОТ да биржалар кундалик оғишига лимитлар белгилаш ва фавқулодда вазиятлар эълон қилиш имконияти пайдо бўлди.
Деривативлар бозорининг жадал суръатлар билан ривожланиши ХХ асрнинг 70-йилларидан бошланган бўлиб, Бреттон-Вуд валюта тизимининг инқирози, ўзгарувчан валюта курслари янги тизимининг жорий қилиниши,
миллий молия ва товар бозорлари очилиши, муддатли биржалар сонининг қизғин ўсиши, ҳосилавий воситаларнинг янги турлари пайдо бўлиши билан асосланарди.
1980-йилларда своплар бозори вужудга келди. Ҳосила воситалари биржа бозори билан бир қаторда бозорнинг биржадан ташқари сегменти ҳам фаол ривожлана бошлади. Бу даврга келиб деривативлар рискни хеджирлаш воситасидан спекулянтларнинг молиявий дастак самарасидан қизғин фойдаланиши ҳисобига қўшимча фойда олиш воситасига айлана бошлади.
ХХ асрнинг 90-йиллари охири – XXI аср бошларида биржаларнинг миллатлараро даражада бирлашуви муддатли савдонинг ривожланишида энг сезиларли тенденциялардан бири ҳисобланади: хусусан, 1997 йил Германия ва Швейцария биржаларининг бирлашуви натижасида Eurex иттифоқи вужудга келди. 2000 йил Париж, Амстердам ва Брюссель биржалари (бироз кейинроқ бу иттифоққа Лиссабон биржаси ҳам қўшилди) Европанинг умумий Euronext биржасини ташкил қилди, 2008 йилга келиб у Нью-Йорк фонд биржаси билан бирлашди. Шимолия Америкадаги энг йирик муддатли биржа бозори CME Group 2007 йил Чикаго товар биржаси (CME – Chicago Mercantile Exchange) ва Чикаго савдо палатаси (Chicago Board of Trade) бирлашуви йўли билан ташкил қилинди. Ҳозирги пайтда иттифоқ таркибига юқорида айтиб ўтилган савдо майдончаларидан ташқари New York Mercantile Exchange (NYMEX) ва Commodity Exchange of New York (COMEX) ҳам киради22.