МАВЗУ: АВСТРАЛИЯ АДАБИЁТИ
Австралия адабиёти ҳақида гап кетганда, уни асосан инглиз адабиётига нисбат бериш, шунингдек, синтез адабиёт, дейиш мумкин. Негаки, ХVIII асрларгача маҳаллий аборигенларнинг оғзаки адабиёти мавжуд бўлган бўлса, қитъага инглизлар келиши билан инглиз адабиёти ривожланди. Маълум даврлар давомида қитъага бошқа халқлар вакилларининг келиб ўрнашуви туфайли Австралия адабиёти синтез характерига эга бўлди. Шунга қарамай, қитъа адабиёти асосини инглиз адабиёти ташкил этиб қолди.
Австралия адабиётининг 200 йилдан ортиқ тараққиёт тарихини қуйидаги уч даврга бўлиш мумкин:
колониал ёки инглиз-австралия даври (1788-1880);
миллий давр (1880-1920);
замонавий давр (1920 йиллардан ҳозирги кунгача).
Сиднейда 1788 йили сургун қилинганлар колонияларга асос солган, кема зобитлари бўлган Исон Уайт (1756-1832), Уоткин Тенч (1758-1833) ва Дэвид Коллинзларнинг (1756-1810) мемуарлари ва йўл қайдномалари Австралиянинг дастлабки адабий ёдгорликлари ҳисобланади. Австралия қитъасидаги дастлабки поэтик асарлар баллада жанрида ёзилди. Улар ўша даврлардаги инглиз ва ирланд балладаси анъаналари руҳида эди. Қочоқ-сургунлар ва бўш-рейнжерларнинг (қароқчилар) эркин ҳаёт ҳақидаги орзулари дастлабки балладаларнинг асосий мавзуси бўлиб қолди. Бу асарлардаги кескин ҳажвиёт ва истеҳзо орқали босқинчилар жамиятининг ахлоқий тубанлиги очиб ташланади. Дастлабки эллик йиллик истибдод лирикаси Англиянинг классицизм давридаги мавзулар ва услубларига эргашди. Чарльз Томпсон (1806-1883) ва Чарльз Вентвортлар (1790-1872) биринчи лирик шоирлар эди.
Чарльз Гарпур (1813-1868) бу даврнинг буюк шоири сифатида тилга олинади. Ирландиядан сургун қилинганларнинг авлоди бўлган Гарпур шеърияти Жон Мильтон ва Вордсворд ижодига хос бўлган мустабидликка қарши мавзулардан ташкил топган.
Таниқли шоир Генри Канделла (1839-1882) шеърияти учун руҳий кайфиятнинг рамзий акси сифатидаги ташқи олам тасвирлари хос хусусият ҳисобланади. Канделла манзаралари фалсафий, баъзан диний мавзуларга йўғрилган бўлиб, у шу йўл билан ўз ички оламидаги номутаносиблик, умидсизлик, тушкунликни ифодалайди. “Тоғлар”, “Перуга”, “Лейчгардт” каби шеърий тўпламлар унинг машҳур тўпламлари ҳисобланади.
Австралия адабиётининг миллийлик даврини Жюль Франсуа Арчибальд ва Жон Хайнслар асос солган “Бюллетень” ҳафталиги очиб берди. Ижтимоий таклифлар, радикал-демократик йўналиш, оддий ишчилар ҳаётига эътибор, Австралия адабиётида инглизлар таъсирини рад этиш бу журналнинг асосий йўли бўлиб қолди. Австралия бурчакларидаги ҳаёт, қишлоқ манзаралари, шунингдек дўстлик, мардлик ва инсонлар тенглигини куйлаш журналдаги одатий мавзулардан эди. “Бюллетень” туфайли Австралия овлоқлари ҳақидаги балладалари билан Банжо тахаллусли Эндрю Бартон Паттерсон (1864-1941), инглиз ва француз эстетизми ва символизми руҳида кўпроқ ижод қилган Чарльз Бреннан ва Ж.Нильсон сингари шоирлар машҳурликка эришдилар.
Генри Лоусоннинг (1867-1922) шеърияти фуқаролик лирикаси намунаси ҳисобланади. Унинг шеърларидаги тантанаворлик инқилобий кайфият ва миллий ватанпарварлик мавзулари билан уйғунлашиб кетган.
1920йиллар бошларидан Австралия адабиёти Европа ва Америка адабий оқимларига эътиборлироқ бўлиб қолди. Айниқса, “Меанжин паперс” (1940 йилдан), “Ангри Пепуинс” (1940-1946) сингари Австралия адабий журналлари янги оқимлар ва йўналишларни тарғиб қилишда катта роль ўйнади. Адиб Рекс Ингамеллсдан Австралия аборогенлари маданиятини қайта баҳолаш ва Австралия адабиётининг мустақил овозини излаш ҳаракати бошланди. Реал воқеа-ҳодисалар ҳақида лирик шеърлар ёзиш К. Маккензи, Жеймс Маколи, Алек Дервент Хоуп сингари шоирлар ижодида кузатилди. Жудит Райт, Франсис Уэбб ва Брюс Дэйв каби шоирлар манзарали рамзий тасвирлар, Ромари Дейсон ва Р.Д. Фицжеральд эса шеъриятда тарихий мавзуларга мурожаат қилдилар.
Ўтган асрнинг 50-йилларида Мельбурн университети поэтик мактаби пайдо бўлди. Винсет Бакли, Рональд Симпсон, Крис Уоллес-Крэб, Ивэн Жонс, Ноэль Макейнш, Андрю Тейлор бу мактабнинг бош вакиллари бўлиб қолди. Улар санъатда мураккаб шакллар ва интеллектуал иллюзияларни маъқул топдилар.
XX аср Австралия романи Европа ҳамда АҚШ фалсафий ва адабий оқимларнинг таъсирида яратилди. Инсоннинг ички оламини психологик тасвирлаш, Австралия жамияти ибтидосини тадқиқ этиш романларнинг муҳим мавзуси бўлиб қолди. Ўтмишга бўлган қизиқиш қалбан ёлғизлик туйғуси билан уйғунлашган Г.Ричардсоннинг “Ричард Махоуни такдири” романи 20-йилларнинг энг машҳур асарларидан эди. М.Бойд, Брайан Пентон, Марджори Бернард, Флора Элдшероу каби адибларнинг асарларида ҳам шундай тенденциялар сезилади.
Ижтимоий-танқидий мавзулар, хусусан, қишлоқдаги инсонларнинг ҳаёти мавзуси Катарина Причард, Фрэнк Дэлби Дэвидсон, Леонард Манн, Фрэнк Хардим сингари ёзувчиларнинг эътиборини тортди. Х.Герберт, Самнер Лок Эллиотт, К.Маккензи асарларида ижтимоий муаммоларни сатирик жиҳатдан танқидий ёритиш хусусиятлари кўзга ташланади. Ёзувчи Патрик Уайт 1973 йили адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлади. Р.Шоу, Кристофер Кох, Гэйл Партер каби адиблар асарлари австралияча услуби ва моҳияти билан ўқувчилар эътиборини қозонди.
Австралия адабиётида ҳикоя жанри XX асрнинг 40-йилларида янгича ривожланиш йўлига ўтди. Бу давр Австралия ҳикояларида Жеймс Жойс, Эрнест Хэмингуэй ва Жон Дос Пассолар услубининг таъсири сезиларли бўлди. Уэнс Палмер нашр қилган From Соаsttо Соаst йиллик антологияси ҳикоя жанрининг ривожланишида муҳим роль ўйнади. Тиав Эстли, Мюррейл, Уэйнс Палмер, Гейл Портер, Кристина Стид ва бошқа ёзувчилар ҳикоя жанрида ижод қилувчи етакчи адиблардан бўлиб колдилар.
Австралиянинг мустақил драматургияси модерн даврида ривожланди. Луис Эссон (1879-1943) драма тараққиётига назарий ва амалий туртки берди. Катарина Причард, Уэйн Палмер, Бетти Роланд, Генриетта Дрейк, Брюкман, Дэвид Уильямс, Александр Бузо, Жон Ромериль, Дороти Хьюитт, Ален Сеймур, Питер Кенна, Том Хангерфорд, Томас Шепхотт каби драматурглар ижоди Австралия драмаси тараққиётига катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Гарчи Австралия адабиёти асосан инглиз, ирланд адабиётлари таъсирида ривожланган бўлса-да, лекин асосан Австралия воқелигини ифодалади. Негаки Австралия қитъаси Англия жиноятчилари сургун қилинадиган жой вазифасини ўтади. Уларнинг кўпчилиги шу қитъада қолиб кетдилар ва бу ер бадиий адабиёт учун асосий тасвир объекти бўлиб қолди.
Адабиётлар рўйхати:
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил № 1.
“Звезда Востока” журнали, 2014 йил, №2. Мир без границ. Австралия ёзувчиси Наталья Крофтс билан суҳбат. Суҳбатдош У. Ҳамдам.
Do'stlaringiz bilan baham: |