1-Mavzy Ma'ruza matni 2021-2022 ўқув йил
Ҳуқуқий ахборот технологиялари (LegalTech) га кириш
Режа: 1. "Информатика", "технология", "ахборот технологиялари"ва" ҳуқуқий технология"тушунчалари. 2. Ҳуқуқий ахборот. Ҳуқуқий ахборот турлари. 3. Юридик касбда ўзгариш (трансформация). Бутун замонавий жамиятни глобал ахборотлаштириш жараёни ҳуқуқий ахборот соҳасини четда қолдирмади. Вақтнинг табиий талаби-ахборот компьютер технологияларидан фойдаланиш асосида электрон шаклдаги ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этишдир.
Бутун дунёда ҳуқуқий ахборот ҳажми ўсиб бормоқда. Ўзбекистонда сўнгги йилларда бу жараён айниқса жадал кечмоқда. Бу бутун давлат бошқарув тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ. Ислоҳотлар давом этмоқда, янги низомлар қабул қилинмоқда ва мавжуд қонунларга тез-тез бир неча марта ўзгартиришлар киритилмоқда, бу ҳам қонун ости хужжатларнинг ўзгаришига олиб келмоқда ва ҳоказо.
Ахборотнинг бу оқимини енгишнинг ягона воситаси ахборотни йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш ва узатиш учун компьютер технологияларидан фойдаланишдир.
Ҳуқуқий соҳани ахборотлаштириш жараёнини қуйидаги соҳаларга бўлиш мумкин:
· ахборот ва ахборотлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини шакллантириш;
· ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборотга бўлган ҳуқуқлар;
· ҳуқуқий соҳада ахборот ресурслари ва ахборот хизматларини сертификатлаштириш ва лицензиялаш билан таъминлаш;
· замонавий ахборот технологиялари асосида ҳуқуқий ахборотлаштириш соҳасини ривожлантириш;
· турли даражадаги банклар томонидан ягона ахборот ва ҳуқуқий маконда ҳуқуқий ахборот алмашинувини таъминлаш;
· ҳуқуқий ахборот ресурсларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ташкил этиш ва амалга ошириш;
· ахборотни муҳофаза қилиш, ахборот жараёнларида ва ахборотлаштиришда иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқлари.
Ушбу соҳада Ўзбекистон Республикасининг 11.12.2003 й., 560-II-сон "Ахборотлаштириш тўғрисида" ги Қонуни, ахборот технологияларини яратиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи ва Ўзбекистон Республикасининг 11.12.2003 й., 562- II-сон "Электрон рақамли имзо тўғриси” ги Қонуни, электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Компьютер технологияларининг жорий этилиши ҳуқуқий тартибга солишнинг барча соҳаларига таъсир кўрсатди. Қуйидаги соҳаларни ажратиб олишимиз мумкин:
· Қонунчилик ва қонун ижодкорлиги фаолияти;
· иқтисодий муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолият;
· ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини таъминлаш;
· криминология ва суд-тиббиёт фанида;
· социологик тадқиқотларда;
· илмий тадқиқотларда;
· ҳуқуқий ва иқтисодий таълим тизимида;
Ахборот технологиялар амалий фан сифатида ахборот жараёнларидаги қонуниятлар (ахборотларни жамғариш, қайта ишлаш ва тарқатиш)ни ўрганиш, инсон фаолиятининг турли соҳаларида коммуникацияларнинг ахборот моделларини яратиш, ахборот тизимлари ва технологияларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Ҳуқуқий ахборот технологиялар умумий ахборот технологияларнинг амалий тармоғи ҳисобланади. Ҳуқуқий ахборот технологияларнинг вазифалари ва табиатини тушунишга нисбатан ҳар хил ёндашувлар мавжуд. Айтиб ўтилган қарашлардан келиб чиқиб унга қуйидагича таъриф бериш мумкин.
Ҳуқуқий ахборот технологиялар – бу юридик фаолият соҳасидаги ахборот жараёнларининг қонуниятлари ва хусусиятлари, уларни автоматлаштириш, юридик фаолиятни такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш ҳамда ҳуқуқий вазифаларни ҳал қилиш учун ҳуқуқ фанлари назарияси ва методологияси, математика, ахборот технологиялар ва мантиқ, восита ва усулларидан комплекс фойдаланиш негизида яратиладиган автоматлаштирилган ахборот тизимларининг тузилиши ва улардан фойдаланиш усуллари ҳақидаги фанлараро билим соҳасидир1.
Ҳуқуқий ахборот технологиялар ва ҳуқуқий кибернетика ғояларининг вужудга келиши ва ривожланишида В.Н. Кудрявцев, Д.А. Керимов, О.А. Гаврилова, Р.М. Ланцман, З.И. Кирсанов, С.С. Москвин, Н.С. Полевой, А.Р. Шляхов, Л.Г. Эжубов сингари олимларнинг ишлари катта роль ўйнади.
Ҳуқуқий ахборот технологияларнинг вазифаларига қуйидагилар киради:
плюралистик демократия ва ошкоралик, жамиятнинг ҳар бир аъзоси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг бутун мажмуидан фойдаланиш имкониятига эгалиги, зарур вақтда, зарур жойда ва зарур шаклда эркин ахборот олиш имкониятининг мавжудлиги принципларида ҳуқуқий давлат қуришда фаол иштирок этиш;
автоматлаштирилган иш жойлари (АИЖ), интеллектуал ва маслаҳат тизимларини жорий этишнинг илмий ва амалий асосларини ишлаб чиқиш;
юридик муассаса ва органларнинг фаолиятини интеллектуаллаштириш, адлияни ва юридик фаолиятнинг бошқа шаклларини амалга оширишда иш самарадорлиги ва маданиятини ошириш;
автоматлаштирилган таълим тизимларини яратиш; юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг назарий ва услубий муаммоларини ишлаб чиқиш, янги ҳуқуқ ихтисослиги – «ҳуқуқий ахборот технологиялар» бўйича ёш мутахассислар корпусини шакллантириш.
Бугунги кунда ҳуқуқий ахборот технологияларни илмий тадқиқотларнинг ўз предмети, вазифалари ва тадқиқот усулларига эга бўлган истиқболли ва тез ривожланаётган йўналиши сифатида кўздан кечириш мумкин. Ахборот технологиялар қоидалари ва хулосаларини юристлар юридик тушунча ва категориялар нуқтаи назаридан идрок этишлари лозим.
Ҳуқуқий ахборот технологиялар фани нисбатан яқинда пайдо бўлганига қарамай, Ўзбекистоннинг ҳуқуқ соҳасини ахборотлаштириш борасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда жиддий ютуқларни қўлга киритди. Улар жумласига: республика ҳуқуқий ахборот марказлари ва тизимларининг ташкил этилиши; ахборот ва ахборотлаштириш ҳақидаги қонун ҳужжатларининг чиқарилиши; билим тизимларининг яратилиши; математика ва ахборот технологиялар курсларининг киритилиши; ахборот технологиялар соҳасида халқаро миқёсга чиқилиши киради.
“Ахборот технологиялар ҳуқуқи” (ёки компьютер ҳуқуқи) тушунчаси адабиётларда нисбатан яқинда, жамиятда ҳисоблаш техникаси ва ахборот технологияларнинг жадал ривожланиши натижасида пайдо бўлди. У ахборотларни тўплаш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширувчи ҳисоблаш тизимларидан (ҳисоблаш марказлари, хизматлари, ахборот-қидириш тизимлари ва бошқалар) фойдаланиш жараёнида ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга бевосита тааллуқлидир. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси доирасида ахборот технологиялар кодексини ва жамиятдаги ҳисоблаш тизимларининг ишини оптималлаштиришга йўналтирилган бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бизнинг назаримизда, ахборот технологиялар ҳуқуқи ёки компьютер ҳуқуқига ҳозирги кўринишида ҳуқуқий ахборот технологияларнинг аспекти сифатида қаралиши мумкин. Аммо истиқболда бу билим соҳаси ҳуқуқий ахборот технологиялардан ажралиб чиқиши ва юриспруденциянинг мустақил йўналишини ташкил этиши мумкин.
Бинобарин, ҳуқуқий ахборот технологиялар мустақил билим соҳаси сифатида ҳуқуқ, ҳуқуқ тизими ва умуман юридик фаолиятга ахборот нуқтаи назаридан, яхлит ҳуқуқий-ахборот тузилмалари сифатида қарайди ва ўрганади.
Ҳуқуқий ҳодисалар ва жараёнларга информацион ёндашувдан ҳамда ҳуқуқни ривожлантиришнинг асосий аспектларидан келиб чиқиб, ҳуқуқий ахборот технологиялар фанининг предмети доирасида ҳуқуқий воқеликни ахборотлаштириш билан бевосита боғлиқ бўлган вазифаларнинг икки туркумини ажратиш мумкин.
Биринчи туркумга назарий вазифалар: ахборот технологияларнинг предмети, методлари ва назарий ғояларини аниқлаштириш; ҳуқуқнинг изчил ахборот концепциясини, яъни ҳуқуқнинг информацион табиати ҳақидаги таълимотни ишлаб чиқиш; жамиятдаги ҳуқуқ тизими, унинг кичик тизимлари ва элементларининг ахборот аспектларини ўрганиш; жамиятда ҳуқуқий-ахборот таъсири кўрсатишнинг самарали тузилма ва моделларини ишлаб чиқиш; ҳуқуқий ахборот назариясини яратиш; ҳуқуқ нормалари ва ҳуқуқий тартибга солишнинг информацион табиатини ўрганишда қўлланиши мумкин бўлган компьютер техникаси ва дастурий воситалардан фойдаланишнинг методик асосларини ишлаб чиқиш; ҳуқуқ соҳасида информацион моделлаштиришнинг назарий асосларини ишлаб чиқиш ва бошқа шунга ўхшаш вазифалар киради.
Иккинчи туркумга амалий хусусиятга эга бўлган вазифалар киради. Булар авваламбор ҳар хил ахборот техникасидан кенг фойдаланиш асосида юристларнинг амалий фаолиятини такомиллаштириш вазифалари, шу жумладан юридик фирмалар, марказлар, агентликлар ва уюшмаларнинг ишида компьютер техникасидан фойдаланилишини оптималлаштириш вазифаларидир. Корхона, биржа, компания ва банкларнинг юридик хизматлари фаолиятида компьютерлар ва бошқа техникадан фойдаланилишини такомиллаштириш; амалий ахборот-қидириш тизимларининг ишини йўлга қўйиш; ҳуқуқ ижодкорлигида ва қонун ҳужжатларини тартиблашда, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ишида ва ҳуқуқий тарғиботда шахсий компьютерлардан фойдаланиш; ҳозирги замон ахборот технологияларси учун қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш вазифаларини ҳам шулар қаторига киритиш мумкин.
Билимнинг бошқа кўпгина соҳалари сингари, ҳуқуқий ахборот технологиялар фан сифатида ҳуқуқий ахборотлар миллий тизимини ташкил этиш вазифаларини, ҳуқуқ ва давлат тизимлари ҳамда сиёсий тизимни ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатини, ягона ахборот майдони тушунчасини, умумий ва ҳуқуқий ахборот тушунчасини, ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳаси, криминалистика ва суд экспертизаси, социологик тадқиқотлар ва бошқа соҳаларда фойдаланиш йўллари ва вазифаларини ўрганиш методологияси ва усулларини ўз ичига олади ва ўрганади.
Ҳуқуқий ахборот технологиялар, давлат ва ҳуқуқ назариясида ҳамда умумий, “катта ахборот технологиялар”да ўз илдизларига эга бўлган ҳолда, ҳуқуққа ва юридик фаолиятнинг барча соҳаларига мустақил ёндашади; у ҳуқуқ ва ҳуқуқий механизмлар соҳасидаги умумий ва муайян ахборот муаммолари ва вазифаларини тадқиқ қилади.
Ҳуқуқий ахборот технологиялар маълум ҳуқуқий тизимлар, ҳодисалар ва жараёнларни янги нуқтаи назардан – умумлаштирилган ахборот позициялари нуқтаи назаридан ўрганиш, уларни яхлит бир бутун ахборот тузилмаси кўринишида тасаввур қилиш имконини беради.
Ҳуқуқий ахборот технологияларнинг илмий мақоми ва соҳасига аниқликлар киритиб борилмоқда. Ҳуқуқий ахборот технологиялар ҳали мустақил фан шаклига киргани йўқ. У нисбатан қуйи поғонада – фанлараро билим соҳаси поғонасида туради.
Ҳуқуқий ахборот технологияларни қатор турдош илмий йўналишлардан фарқлай билиш зарур. Бироқ бу унинг илмий ва амалий аҳамиятини камайтирмайди. Чунончи, ҳуқуқий ахборот технологияларни «Ахборот ҳуқуқи» курсидан чегаралаш лозим. Бу курснинг вазифаси ахборот ва ахборотлаштиришга доир қонун ҳужжатларини ўрганишдан иборат. Мустақил ахборот фани – «Компьютер саводхонлиги курси» ўрта мактаб ўқув фанлари қаторига киритилган ва мамлакатнинг барча олий ўқув юртларида, шу жумладан юридик ўқув юртларида ҳам ўқитилади.