14-мавзу. ХУФЁНА ИҚТИСОДИЁТ ВА КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ
Режа
1. Хуфёна иқтисодиётнинг мазмуни ва вужудга келиш сабаблари
2. Хуфёна иқтисодиётга қарши кураш усуллари
3. Ўтиш иқтисодиёти шароитида коррупция ва жиноий хуфёна иқтисодиётга қарши кураш
Хуфёна иқтисодиёт, коррупция, уюшган жиноятчилик ҳамма мамлакатларда ва ҳамма даврларда бўлган. Иқтисодий адабиётларда хуфёна иқтисодиётга турли хил таърифлар берилган:
1. Хуфёна иқтисодиёт –қонун асосида ман қилинган фаолият турлари.
2. Хуфёна иқтисодиёт–иқтисодий фаолиятнинг кузатилмаган ва яширин фаолият тури.
3. Хуфёна иқтисодиёт расмий статистикада у ёки бу сабабларга кўра ҳисобга олинмаган ҳар қандай иқтисодий фаолият бўлиб, унда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар ялпи ички маҳсулот таркибига киритилмайди ҳамда солиққа тортишдан четда қолади.
Иқтисодиёт фанида иқтисодиётнинг қайси секторга, яъни норасмий, кириминал, фактив, хуфёна ёки очиқ, расмий иқтисодиётга тегишли эканлигини аниқлашда қуйидаги мезонлар асос қилиб олинади:
- давлатнинг фискал (солиқ) манфаатлари;
- ЯИМнинг реал ҳажми;
- ҳуқуқий параметрлар;
- ҳўжалик субъектлари ўзаро ҳаракати тавсифи.
Хуфёна иқтисодиёт даромадларни солиққа тортишдан яширишда намоён бўлади. Солиқ тўлашдан бўйин товлаш усуллари қуйидагилардан иборат:
- турли банкларда бир неча ҳисоб рақамларини очиб, улар орқали бухгалтерия ҳисобида тўлиқ кўрсатилмаган ҳолда пул операцияларини амалга ошириш;
- траст, вексел ва бошқа ҳисоблардан фойдаланиш;
- “иккиёқлама бухгалтерия” юритиш, нақд пуллар билан муомала қилиш, шу орқали даромад ва пул тушумларини солиқдан яшириш;
- корхонани бир шаҳар, туманда рўйхатдан ўтказиш, аммо ҳисоб рақамини бошқа шаҳар, тумандаги банкларда очиш орқали солиқ тўлашдан корхона рўйхатга олинган жойда ва фаолият юритган жойида ҳам қочади, яъни бўйин товлайди;
- ҳисобга олинмаган харажатлар ҳисобига сотилаётган маҳсулот (хизмат, ишлар)нинг таннархини ошириб кўрсатиш;
- расмий ҳисоб ва тўлов хужжатларида томонларнинг келишувига асосан бажарилган иш (кўрсатилган хизматлар) қиймати паст нархларда кўрсатилади, унинг қолган қисми нақд пул шаклида ўзаро тақсимлаб олинади. Нақд пуллардаги даромад солиққа тортишдан яширилади.
Криминал, жиноий хуфёна иқтисодиётни ноқонуний ишлаб чиқариш, яширин ишлаб чиқариш ва онгли равишда олдиндан режалаштириб, ғаразли мақсадларни кўзлаб қилинган жиноятлар ташкил этади.
Ноқонуний ишлаб чиқаришга бизнес ва тадбиркорлик шаклида ташкил этилган, қонунчиликда қатъиян ман қилинган фаолият турлари киради. Бундай фаолият турларига қуйидагилар киради:
- қурол-яроғлар ишлаб чиқариш ва сотиш;
- наркобизнес;
- контрабанда;
- қиморхона, қимор ўйинларини ташкил этиш;
- одим савдоси;
- фоҳишабозлик ва ҳ.к.
Хуфёна иқтисодиёт ижтимоий ишлаб чиқариш босқичларига кўра хуфёна ишлаб чиқариш, тақсимлаш, айирбошлаш, истеъмол шаклларида намоён бўлади. Хуфёна ишлаб чиқариш ноқонуний, ҳисобга олинмаган, яширин, майда ишлаб чиқариш, сифатсиз маҳсулотлар чиқариш, ишлаб чиқариш ресурсларидан норационал фойдаланишда намоён бўлади.
Коррупция ва жиноятчилик ўзаро боғлиқ бўлиб, бир-бирини тақозо этади.
Коррупция иқтисодиёт соҳасида давлат ҳокимияти тузилмалари ва жаҳон жиноятчилик тузилмалари билан бирикиб, қўшилиб кетиши, сиёсий ҳамда жамоат арбобларининг хоинлиги ва сотқинлигидир. Шунингдек, коррупция жиноятчиликнинг бир тури бўлиб, мансабдор шахслар, сиёсий ва жамоат арбоблари, айрим шахсларнинг ўз хизмат, мансаб ҳуқуқлари, ваколатларидан давлат ва жамиятга зарар келтирган ҳолда бойиш, ўз шахсий бойлигини орттириш мақсадида фойдаланиш ҳисобланади.
Коррупциянинг вужудга келишига сабаб бўладиган омил ва шароитлар қуйидагиларда намоён бўлади:
- амалдаги қонунчиликнинг такомиллашмаганлиги, ундаги зиддиятлар, қонун ва қонуности меъёрий хужжатларининг бир-бирига зидлиги, қонунларни амалиётга жорий қилиш механизмининг ишламаслиги;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқарувида бюрократия, маъмуриятчиликнинг ривожланганлиги, бошқарув тизимида мансабдор шахсларнинг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши, бошқарув тизимида бир-бирининг функциялари такрорининг кўплиги;
- бизнес ва тадбиркорликни рўйхатга олиш, рухсат бериш, уларни тугатиш жараёнининг ҳаддан ташқари чигаллиги, кўп босқичли эканлиги, мураккаблиги;
- ишбилармон ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий билим, ҳуқуқий маданиятининг йўқлиги ёки саёзлиги;
- давлат хизматчилари, мансабдор шахслар, ишбилармон, тадбиркорларнинг ахлоқи, маънавиятининг саёзлиги ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |