Корея Республикасида давлат хизмати тизими ҳолати бўйича
МАЪЛУМОТ
Корея Республикасининг давлат хизмати чуқур тарихий илдизга эга бўлиб, миллий анъана ва илғор чет эл тажрибасини уйғунлаштирган ҳолда ривожланиб келган.
Давлат хизматининг асосий тамойиллари сифатида масъулиятни чуқур ҳис қилиш, ўз ҳаётини халқ учун хизмат қилишга бағишлаш, давлат хизматида меритократияга амал қилиш эътироф этилади.
Корея Республикасида давлат хизматчиларининг қуйидаги тоифалари мавжуд:
I. Карьеравий давлат хизматчилари (Public Officials in Career Service) ижро самарадорлиги ва умумий малака даражаси асосида тайинланиб, уларнинг мақоми кафолатланган бўлади. Бу тоифадаги давлат хизматчилари ҳаёти давомида давлат хизматида ишлаши назарда тутилиб, қуйидагича таснифланади:
1. Умумий хизматдаги давлат хизматчилари (Public Officials in General Service). Техник ёки тадқиқот ишлари, шунингдек, умумий маъмурий вазифаларни бажаришга масъул давлат хизматчиларини ўз ичига олади;
2. Махсус хизматдаги давлат хизматчилари (Public Officials in Special Service) судьялар, прокурорлар, ташқи ишлар хизмати ходимлари, полиция ходимлари, ўт ўчирувчилар, давлат таълим соҳаси хизматчилари, қуролли кучлар ва ҳарбий хизматдагилар, Конституциявий суддаги тадқиқотчи ходимлар, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва махсус соҳаларда фаолият юритадиган бошқа давлат хизматчиларини ўз ичига олади.
II. Карьера тизимидаги давлат хизматчилари тоифасига (Public Officials in Non-Career Service) кирмайдиган ходимлар қуйидагича таснифланади:
1. Сиёсий хизматдаги давлат хизматчилари – халқ томонидан сайланган ёки тайинланиши Миллий Ассамблея (парламент)да тасдиқланиши зарур бўлган, сиёсий қарорларни қабул қилишга масъул бўлган давлат хизматчиларидир;
2. Махсус маъмурий давлат хизматчилари қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёрдамчи (масалан, котиб, маслаҳатчи) ёки бошқа махсус вазифаларни бажаришга масъул ҳисобланади.
Карьера тизимидаги умумий хизматдаги давлат хизматчилари тоифасида 9 та даража мавжуд бўлиб, улар юқоридан пастга қуйидагича тартибда белгиланган:
а) 1-2 даражалар (вазир ўринбосари ва бошқарма бошлиғи);
б) 3-4 даражалар (бошқарма бошлиғи ўринбосари ва бўлим бошлиғи);
в) 5-даража (бўлим бошлиғи ўринбосари);
г) 6-9 даражалар (умумий персонал).
2018 йилда мамлакатда давлат хизматчиларининг умумий сони тахминан 1 миллионни ташкил этган, шундан 670 минг нафари марказий ҳукуматда, 370 минг нафари эса маҳаллий бошқарувда фаолият юритган.
Давлат хизматчиларини таснифлаш тизимида юқори мансабдор шахслар корпуси (Senior Civil Service Corps) ташкил қилинган бўлиб, бундан мақсад юқори лавозимдаги давлат хизматчиларини самарали бошқаришга кўмаклашиш ва давлат хизмати рақобатбардошлигини оширишдир. Юқори мансабдор шахслар корпуси умумий хизматдаги, махсус хизматдаги ва махсус маъмурий хизматдаги юқори мансабдаги хизматчилар гуруҳидан иборат. Корея Республикаси Персонални бошқариш вазирлиги корпусга кирувчи давлат хизматчиларидан талаб этиладиган малака ва кўникмалар стандартини ишлаб чиқади ва бу стандарт корпусдаги юқори лавозимга тайинланишни хоҳловчи номзодларни баҳолашда фойдаланилиши мумкин.
Корея Республикасида давлат хизматининг меъёрий-ҳуқуқий асосини қуйдагилар ташкил этади:
1. “Давлат оммавий хизматчилари тўғрисида”ги Қонун;
2. “Давлат хизматида ахлоқ тўғрисида”ги Қонун;
3. “Давлат хизматчиларининг нафақаси тўғрисида”ги Қонун;
4. “Давлат хизматчиларининг салоҳиятини ривожлантириш тўғрисида”ги Қонун;
5. “Давлат хизматчиларига бахтсиз ҳодисаларда компенсация тўлаш тўғрисида”ги Қонун.
Улар сирасидаги асосий таянч қонун 1949 йилда қабул қилинган “Давлат оммавий хизматчилари тўғрисида”ги Қонун бўлиб, давлат хизматидаги кадрлар бошқарувининг дастлабки тизимини тартибга солган.
Мазкур қонун расман давлат хизматчисининг юқори ижтимоий мавқеини ҳамда Жанубий Корея фуқаролари учун давлат хизматига киришда тенг имкониятларни белгилаб берди. Шу билан бирга, бу қонун давлат хизматига ёллашда маълум соҳада хизмат кўрсатган фуқароларга афзалликлар беришни назарда тутар эди. Давлат хизмати бундай тизимининг камчиликлари ўзини намоён қилиб борар экан, “Давлат оммавий хизматчилари тўғрисида”ги Қонун кўп маротаба қайта кўриб чиқилди, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (жами Қонун қабул қилингандан бери 72 йил ичида 64 марта янгиланган). Киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ниҳоят давлат хизматининг замонавий тизими шаклланишига олиб келди.
“Давлат оммавий хизматчилари тўғрисида”ги Қонуннинг мақсади давлат идорасида ишлайдиган барча давлат хизматчиларига нисбатан қўлланиладиган кадрларни бошқаришнинг асосий мезонларини белгилаш ва бу орқали ходимларни бошқаришда холисликка эришиш, барча фуқароларнинг хизматчиси сифатида давлат хизматчиларини демократик ва самарали бошқарувни кучайтириш йўлида рағбатлантиришдан иборат.
Қонун давлат хизматчилари тоифалари, синф ва даражалари, давлат хизматида ишга кириш, кадрлар ротацияси, хизмат сафарига юбориш, мукофотлаш, рағбатлантириш ва тақдирлаш, интизомий чораларни қўллаш, лавозимдан озод қилиш, ижтимоий ҳимоялаш каби бир қатор масалаларни тартибга солади.
Корея Республикасида кадрлар масалалари бўйича ваколатлик давлат органи – бу Персонални бошқариш вазирлиги (Ministry of Personnel Management) мавжуд бўлиб, унинг вазифасига давлат хизматига танлов асосида ишга қабул қилиш, лавозимда кўтариш, инсон ресурсларини ривожлантириш, рағбатлантириш ва имтиёзлар, ахлоқий меъёрлар ва тартиб-интизом қоидалари, давлат хизматчиларининг нафақасига оид сиёсат ва механизмларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш киради.
Персонални бошқариш вазирлиги 2014 йил ноябрь ойида тез ўзгарувчан шароитга мослашиш ва халқ талабларига жавоб бериш учун инсон ресурсларини бошқариш тизимида инновацияни кучайтириш мақсадида ташкил этилган. Ҳозирги кунда вазирлик 8 та бюро ва 27 бўлимдан иборат. Шунингдек, Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институти (NHI), Апелляция комиссияси ва Давлат хизматчиларининг нафақа хизмати ҳам вазирлик қошидаги муассасалар ҳисобланади.
Персонални бошқариш вазирлиги Корея давлат хизматининг самарадорлиги ва профессионаллиги даражасини имкон қадар ошириш йўналишида фаолият олиб боради. Унинг асосий мақсади инсон ресурсларини бошқаришда холислик ва шаффофликни таъминлаш бўлиб, бу “халқчил миллат, адолатли Корея” ғоясини амалга ошириш учун керакли одамни керакли вақтда керакли жойга қўйишни англатади. Шу мақсадда Персонални бошқариш вазирлиги ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўйган:
– халқ ишончини қозониш ва уни сақлаб қолиш учун давлат хизматида инсон ресурсларини бошқаришнинг адолатли ва шаффоф тизимини жорий қилиш;
– давлат хизматида ахлоқий меъёрларга амал қилинишини кучайтириш орқали давлат хизматчиларининг виждонан ва ҳалол меҳнат қилишини таъминлаш;
– давлат хизматида ҳар қандай камситишнинг олдини олиш сиёсатига амал қилиш ва тенг имкониятларни таъминлаш;
– очиқлик, профессионализм ва ҳисобдорликни кучайтириш орқали давлат хизматида инновацион маданиятни шакллантириш;
– давлат хизматида иш шароитларини яхшилаш ва давлат хизматчиларининг мотивациясини юксалтириш.
Персонални бошқариш вазирлиги фаол, ташаббускор бошқарув амалиёти ва илғор тажрибани қўллаш орқали ҳукуматдаги инновацияларга етакчилик қилади ва инновациялар кенг жамоатчиликнинг ҳаётига ижобий таъсир кўрсатишини таъминлайди. Ташаббускор бошқарув деганда давлат мансабдор шахслари халқ манфаати йўлида мантиқий бўлмаган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ислоҳ қилиш учун малака ва ижодкорликни намоён қилиши тушунилади. Вазирлик бу каби ташаббускор бошқарув амалиётини рағбатлантиради ва айни пайтда муваффақиятсизликка қарши хавфсиз муҳит яратиш устида иш олиб боради.
Корея Республикаси Персонални бошқариш вазирлиги томонидан давлат хизматчиларига исталган шаклда ва смарт-таълим платформаси (e-Saram) орқали исталган вақтда таълим хизматларидан фойдаланиш учун қулай муҳит яратилган. Онлайн курслар ва тегишли мобил иловалар давлат бошқаруви фалсафаси, давлат хизматининг истиқболли йўналишлари, маъмурий ва профессионал билимлар, лидерлик, хорижий тиллар, шунингдек, бошқа ресурслардан фойдаланиш имконини беради.
Таъкидлаш жоизки, Корея Республикасида бошқарув кадрларини тайёрлаш ёки қайта тайёрлаш МДҲ давлатларининг таълим тизимидан тубдан фарқ қилади. Аксарият таълим муассасаларида магистратура дастурлари мавжуд эмаслиги, асосан, лавозимларга янги тайинланган, давлат хизматига янги қабул қилинган, давлат хизматчиларининг бир даражадан иккинчи даражага ўтишида, шунингдек, маълум бир эҳтиёжга қараб малака ошириш курсларига эътибор қаратилиши кузатилади. Мазкур малака ошириш курслари мутахассислар ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда тузилади ва тингловчиларда маълум бир компетенцияларни шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |