Калом борасида Саъдуддин Тафтазонийнинг фикри қандай?
“У кўп ҳолларда қатъий далиллар устига нақлий далиллар билан қурилган, у қалбда энг таъсири кучли бўлган илм бўлиб, “яралаш” ва “жароҳат” сўзлари ўзагидан олинган калом билан номланган” – деб таъриф берган.
“Аҳлу-с-сунна” вакилларининг “Калом” номининг пайдо бўлиш сабабларига билдирган фикрлари қандай?
аш-Шаҳристоний: “Улар файласуфлар каби ўзлари шуғулланадиган илмни мантиққа асосланган фан деб атаганларидандир, мантиқ ва калом синоним сўзлардир”;
Абулизз Ҳанафий: “Уларнинг калом аҳли деб номланиши сабаби, маълум бўлмаган илмдан фойда олмадилар ва фойдасиз гапларни кўпайтирдилар, холос”;
Ибн Абдулбарр: “Калом илмини бундай номланишининг асосий сабабларидан бири унинг остида ёки орқасида фойдали амал йўқлигидадир”.
Абу Ҳанифа: “Аллоҳ Амр ибн Убайдни лаънатласин, негаки у инсонларга хеч қандай фойда олиб келмайдиган каломга йўлини очиб берди”;
Молик ибн Анас: Қуръон ҳақида сўраган кишига: “Сен, хойнаҳой Амр ибн Убайднинг шерикларидан бўлсанг керак? Аллоҳ Амрни лаънатласин, чунки, у каломдан бўлган ушбу бидъатларни чиқарди. Агар калом илм бўлганида эди, ҳукмлар ва шариат ҳақида гапирилгани каби бу борада саҳоба ва тобеъинлар сўзлаган бўлардилар, лекин у адашишга олиб борадиган ботилдир”;
аш-Шофиий: “Аҳли калом ҳақида менинг фикрим қуйидагича: Уларни дарахт пўстлоқлари ва ковушлар билан савалаб, эшакка тескари мингазиб ўз қабилаларига сазойи қилиш керак ва қабила аҳлларига бундай жазо фақат Қуръон ва суннатни тарк қилганларга берилур, дея жар солиш керак”;
Ахмад ибн Ҳанбал: “Калом билан шуғуланувчи нажот топмайди, қалбида гумони бор одамгина калом билан шуғулланади”.
Ислом илм-фани ривожланиш тарихида ақида илмининг пайдо бўлиши ва ривожланиши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бу илм инсоннинг ақидавий қарашлари, диний-фалсафий фикрларини ифодаловчи, умуман, унинг илоҳий туйғу ва кечинмаларини тартибга солувчи илмдир.
Ғарб тадқиқотчиларининг таъкидлашича, ақида илмига тааллуқли асарлар илоҳиётга оид адабиётлар бўлиб, улар VIII асрда, яъни исломда эътиқодий ва ҳуқуқий тизимлар бир-бирига фаол равишда қўшилиб бораётган даврда вужудга келган. Ақидавий асарларнинг бевосита давомчиси сифатида “радд” (инкор) услубида ёзилган асарлар киради.
Дастлабки ақидавий асарлар шом ўлкасида (Сурия) фаолият олиб борган Умайя ибн Усмон, Аҳмад ибн Холид ибн Муслим, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ каби олимлар қаламига мансуб бўлиб, улар VIII аср бошларида ўз асарларида аҳли сунна вал жамоа оқими вакиллари номидан қисқа мазмундаги эътиқод ҳақидаги анъанавий фикрларни билдиришган. Ақидавий асарларга алоҳида зўр бериш, асосий эътиқодий тълимотларни жипслашиш даврига тўғри келади (VIII-X асрлар). Айнан шу вақтга келиб, Абу Ҳанифанинг машҳур “ал-Фиқҳ ал-акбар” ва “Китоб ал-васия”, Абу Жаъфар ат-Таҳовийннг “ал-Ақида ат-Таҳовия” ва мўътазилия оқими вакилларига тегишли бир қатор ақидавий асарлар ёзилган. Ислом тарихидаги илмларнинг ривожланишига назар ташланса Пайғамбар Муҳаммаднинг саҳобалари даврида илм талаб қилиш, Қуръон ва суннатни ҳар томонлама ёдлаш ва тушуниш билан шуғулланишдан иборат бўлган. Замонлар ўтиши билан масалалар кўпайди, шаҳарлар кенгайди, араб тили ажамликлар тили билан аралашиб кетди ҳамда олимлар ягона мавзудаги илмий масалаларнинг барчасига таяниб, бирини бошқасидан алоҳида ном остида ажратиб чиқардилар. Шу тариқа илм (соҳа)лар саралаб чиқилди. Ушбу илмларни олимлар кўпинча, қамраб олган масаласига қараб мавзу қилиб олганлар ва шу таъриф билан номлаганлар, ёки ўша соҳани ўрганиш натижасида юзага чиқадиган мақсад ва самарага таяниб, атамалар қўйганлар.
Бу соҳаларни ичида ақида илмининг пайдо бўлиши ва ривожланиши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ушбу илм инсоннинг ақидавий қарашлари, диний-фалсафий фикрларини ифодаловчи, умуман олганда унинг илоҳий туйғу ва кечинмаларини тартибга солувчи бўлиб хизмат қилган. Шунингдек, бу илм ислом тарихида юзага келган турли фирқа ва оқимларнинг Қуръон ҳамда суннат таълимотини ақл-идрокка тобеъ қилдириш йўлидаги интилишлари ҳамда уларнинг ўзаро мунозаралари оқибатида шаклланган. Натижада ақидавий масалаларни талқин қилиш борасида икки гуруҳ: “аҳли-с-сунна ва-л-жамоа” (мусулмонларнинг асосий ва жумҳур оммаси эътиқод ва амал қилиб келаётган ақидавий ва мафкуравий мазҳабларнинг жамлама номи) ва “мубтадиъ” (араб тилидаги “янгилик ихтиро қилувчи” сўзидан олинган бўлиб, ҳукмрон ёки умумэътироф этилган диний ақидавий қоида ва қарашлардан четланиб, уларга янгилик киритувчи тарафдорлари) эътиқоддаги тоифалар юзага келган.
Do'stlaringiz bilan baham: |