Равон нутқ моҳияти.
Мактабгача ёшдаги болаларга нисбатан нутқнинг икки шаклини – диалогик ва монологик шаклларини кўриб чиқиш лозим. Диалог икки ёки бир неча сўзловчининг бирон-бир вазият билан боғлиқ мавзудаги фикрларининг алмашинуви билан тавсифланади. Диалогда, юкламалардан фойдаланилган ҳолда, синтаксик жиҳатдан содда бўлган дарак, ундов (илтимос, талаб), сўроқ гапларнинг барча турлари намоён этилган. Тил воситалари имо-ишоралар, мимика билан кучайтирилади. Тарбиячи шундай вазиятни яратиши керакки, унда болалар турли хил тил воситаларидан фойдаланган ҳолда диалог тузиш – сўраш, жавоб бериш, тушунтириш, илтимос қилиш, луқма ташлаш ва ҳ.к. заруратига дуч келсин. Ушбу мақсадда боланинг оиладаги, мактабгача таълим муассасасидаги ҳаёти, унинг дўстлари ва катталар билан муносабатлари, унинг қизиқишлари ва таассуротлари билан боғлиқ турли хил мавзуларда суҳбат ўтказишдан фойдаланиш лозим. Айнан диалогда суҳбатдошни тинглаш, саволлар бериш, мазмундан келиб чиққан ҳолда жавоб бериш қобилияти ривожланади. Қайд этилган малака ва кўникмалар монологик нутқни ривожлантириш учун ҳам зарурдир. Тенгдошлар билан диалогик мулоқотни йўлга қўйиш учун кооператив тусдаги фаолият муҳим аҳамият касб этади. Мазкур фаолият аста-секинлик билан шаклланади. Дастлаб болалар рўй бераётган ҳодисаларни шарҳлаган ҳолда, яқинда туриб ҳаракат қиладилар. Ушбу вазиятда нутқ тенгдош боланинг мавжуд бўлиши ва у билан сўзлашиш имконияти орқали рағбатлантиради ҳамда у ўз фаолиятини режалаштириш ва ташкил этиш, шунингдек, ижтимоий мулоқот ўрнатиш функсиясини бажаради. Болалар ўртасидаги мулоқот асосан амалий хусусиятга эга. Диалог кўпинча шундай шаклга олиб бориладики, бунда бола шеригининг қисқа луқмаларига ҳаракат билан жавоб беради ёки рўй бераётган ҳодисага нисбатан ўз муносабатини нонутқий воситалар ёрдамида ифодалайди. Улар орқали болалар бирбирига эътибор беришни, дўстларини товушидан билиб олишни, ташқи кўриниш деталларини сезишни, нутқий мулоқот қилишни ўрганадиган кўплаб халқ ўйинлари мавжуд. Диалог мулоқотини йўлга қўйиш учун стол ўйинлари ва чоп этилган («лото», «домино») ўйинлардан фойдаланиш тавсия этилади. Жуфт бўлиб ўйнашда болалар диалогик ҳамкорлик қилиш усулларини: навбатга риоя қилиш, бир-бирига хушмуомалалик билан мурожаат қилиш, ўз нуқтаи-назарини далилисботлар билан ҳимоя қилиш, фикрларини шериги билан мувофиқлаштиришни ўрганадилар.
Бундай ўйинларда билувчанликнинг асоси сифатида нутқий топшириқларнинг ҳар хил турлари иштирок этиши мумкин, масалан: берилган товушли сўзларни танлаб олиш, акустик ва артикулятсион жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган товушларни табақалаштириш, умумлаштирувчи номларни таснифлаш, расмлар туркуми асосида биргалашиб ҳикоя қилиш ва ҳ.к.
Do'stlaringiz bilan baham: |