Таълимни ташкил этиш турлари ва шакллари.
Дарс – таълимни ташкил этишнинг асосий шакли эканлиги. Дарс ҳақида тушунча.
Дарс тузилиши ва унинг типлари.
Ўқитувчининг дарсга ҳозирлик кўриши ва дарс ўтказиш тартиблари.
Ҳозирги замон дарсига бўлган педагогик талаблар.
Дарс деб, - ўқитувчи томонидан ёши ва маълумоти жиҳатидан бир хил бўлган ўқувчилар гурухига ўқув режаси, ўқув дастури талаблари ва қатъий дарс жадвали асосида, муайян вақт ичида билим бериш, малака ҳосил қилдириш ва иқтидорли қилишдаги ўқув машғулотига айтилади.
Дарс мактаб таълимий иш тажрибасида ўқув ишларининг асосий ташкилий шакли бўлиб ҳисобланади.
Дарсни ташкил этиш учун қуйидаги шарт ва талабларга қатъий риоя этиш лозим.
Ҳар қайси синф ёши ва маълумотига кўра бир хил даражадаги болаларнинг доимий гурухига эга бўлиши керак.
Дарсда ўқитувчи кўзда тутган асосий ўқув мақсадининг аниқ бўлиши.
Дарсда таълим вазифаларининг тарбия вазифаларига боғлиқ бўлиши.
Дарсни ўқув режаси, ўқув дастури талабига мувофиқ, қатъий жадвал асосида ташкил этиш.
Дарс жараёнида дарсга ажратилган вақтдан унумли фойдаланиш.
Дарснинг ташкилий жиҳатдан пухта ва белгиланган бўлиши.
Дарсни жонли, самарали ва ўқувчиларга эмоционал таъсирли бўлиши учун ўқитувчининг турли хил таълим усуллари, воситалари ва кўргазмали қуроллардан, техника воситаларидан моҳирлик билан фойдалана олиши ва ҳоказо.
Мактаблар тарихий иш тажрибасида олиб бориладиган таълим ишини 2 та асосий турга ажратиш мумкин:
Синф – дарс шаклида олиб бориладиган ўқув машғулотлари.
Амалий ва тажриба ишлари шаклида олиб бориладиган ўқув машғулотлари.
Ўрта аср авторитар педагогикаси даврида мактабларда таълимнинг синф – дарс системаси қўлланилмаган эди. Бир хонада ёши ва маълумоти ҳар хил бўлган болалар ўқитилар эди. Дарс эса, қатъий белгиланган жадвал асосида олиб борилмас эди. Хусусан, феодализм даврида қадимги Ўрта Осиё Республикасида асосан ерли маҳаллий миллат болалари учун, асосан 3 типдаги мактаблар бўлган. Булар эски мактаблар – мачитлар ҳужрасида ўқитилган қорихона мактаблари – дахмалар қошида очилган мадраса мактаблари – олий типдаги дорилфунун. 1880 – 1882 йилларда Ўрта Осиёда рус – тузем мактаблари ишлай бошлади, сўнгра 1889 – 1900 йиллардан бошлаб янги усул, яъни жадид мактаблари ишлай бошлади. Бу мактабнинг асосчиси татар зиёлиси Исмоил Гаспиринский (1852 – 1914) бўлган ва у дастлаб Бухоро, Тошкент, Самарқанд, Хива, Қўқон, Андижон, Хўжанд шаҳарларида оммалашиб кетишига сабабчи бўлган, жадидчилар: Ҳамза, Фитрат, Чўлпон, А.Авлоний, Домла Ибодий, Мунаввар Қори Абдурашидов ва бошқалар ўзлари мактаблар очиб дарс берганлар.
Уйғониш даврининг буюк вакили чех педагоги Ян Амос Коменский (1592-1670) таълимнинг синф – дарс системасига асос солди. У ўзининг «Буюк дидактика» асарида ўқитишни назарий ва амалий жиҳатдан ишлаб чиқди ва қуйидагиларни тавсия этди:
а) мактабга ўқувчиларни йилнинг аниқ бир вақтида қабул қилинсин;
б) ўқувчиларни мактабга қабул қилишда уларнинг ёши ва маълумотларига қараб синфларга тақсимлансин;
в) дарсни қатъий ўқув жадвали асосида ташкил этилсин;
г) ўқув машғулотлари аниқ режим, ўқув дастури талаблари асосида олиб борилсин;
д) ўқув машғулотларини жиҳозланган синфда, яъни синф – дарс шаклида амалга оширилсин;
е) ўқитувчи синфдаги ҳамма ўқувчиларга бир хилда дарс берсин;
ё) ўқув жадвалига аввал қийин фанлар, кейин осон фанлар киритилсин;
ж) ўқитувчи ўқув машғулотини қичқириқсиз, қувноқ ҳазиллар билан, сўз билан қўл ҳаракатини бирга қўшиб дарс ўтсин;
з) ўқитувчи дарс беришда бирорта мавзу болаларга тўлиқ сингмагунча, бошқа мавзуга ўтмасин ва хоказо. Буюк олим Коменскийнинг бундай ғояларини рус педагоги К.Д.Ушинский ҳам қўллаб – қувватлади, лекин бу педагогларнинг прогрессив ғоялари буржуа жамиятида реакцион оқимларга маъқул келмади, шунинг учун улар ўз фойдаларини кўзлаган ҳолда Янги таълим системасини ишлаб чиқиб, уни ишга солдилар. Масалан, XVIII асрнинг охири XIX асрнинг бошларида Англияда Бель – Ленкастер системасидаги ўқитиш юзага келди. ХХ асрнинг бошларида эса, АҚШда бригада – лаборатория системасидаги ўқитиш системаси жорий этилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |