3 – савол баёни: Валюта курсининг келиб чиқиши мамлакатлар иқтисодий фаолиятининг муҳим ва ажралмас таркибий қисми бўлган халқаро савдони ривожлантириш билан боғлиқ. Валюта курси халқаро савдони ривожланишига таъсир кўрсатиш билан ички иқтисодиётга ҳам таъсир кўрсатади. Бунга сабаб валюта курси ҳолати билан мамлакат иқтисодиётининг барча соҳаларининг ҳолати ўртасидаги ўзаро боғлиқликдир.
Валюта курси, асосан, капитал ва кредит ҳаракатида, товар ва хизматлар савдосида валюталарни ўзаро айирбошлаш каби жараёнларни амалга оширади. Масалан, экспорт қилувчи чет эл валютасидан олган тушумини ўз миллий валютасига айлантиради, чунки бошқа давлатнинг валютаси унинг ўз давлатида қонуний равишда харид қилиш ва тўлаш воситаси сифатида амал қила олмайди. Импорт қилувчи четдан сотиб олган товарларни тўловни амалга ошириш учун миллий валютада олган тушумини чет валютасига алмаштиради. Жаҳон бозори ва миллий бозор нархларини ҳамда турли мамлакатларнинг миллий ва чел эл валютасида ифодаланган қиймат кўрсаткичларини таққослайди.
Шунингдек, фирма ва банкларнинг чет эл валютасида мавжуд бўлган даврий қайта баҳолаш ва бошқа жараёнлар учун.
Валюта курси – бу бир мамлакат пул бирлигининг бошқа мамлакатлар пул бирликларида ёки халқаро пул бирликларида (СДР, ЭКЮ) ифодаланган баҳосидир. Ташқи жиҳатдан валюта курси жаҳон бозоридаги талаб ва таклиф асосида аниқланган бир валютани бошқа бир валютага нисбатан ҳисоблаб чиқилган коэффициенти сифатида намоён бўлади. Аммо валюта курсининг қиймат асоси валютани харид қилиш қобилияти ҳисобланади. Бу иқтисодий тушунча товар ишлаб чиқаришда иштирок этади ва товар ишлаб чиқарувчилар билан жаҳон бозори ўртасидаги ишлаб чиқариш муносабатларини ифодалайди. Қиймат товар ишлаб чиқариш иқтисодий шароитларининг барча жиҳатларини ифодалайди.
Бир мамлакат пул бирлигининг бошқа мамлакат пул бирлигига таққосланиши ишлаб чиқариш ва айирбошлаш жараёнида юзага келадиган қиймат муносабатларига асосланади. Ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар валюта курси ёрдамида товар ва хизматларнинг миллий нархларини бошқа давлатлар нархлари билан солиштиради. Бундай солиштириш натижасида ишлаб чиқаришни мамлакат ичкарисида ривожлантириш ёки чет элга инвестиция қилишни ривожлантиришга асосланган фойдалилик даражаси юзага келади.
Валюта курси бошқа иқтисодий тушунчалар билан узвий боғлиқдир. Валюта курсининг ўзгаришига бир қанча омиллар таъсир этади. Бу омиллар иқтисодий, сиёсий, структура, ҳуқуқий ёки психологик характерга эга бўлиб, валюта курсига тўғри ёки тескари таъсир кўрсатади. Валюта курсига таъсир этувчи омилларни қуйидаги гуруҳларга бўлиш мумкин:
1. Валюта курсининг динамикасини бевосита аниқловчи ёки халқаро иқтисодий айирбошлаш жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган омиллар:
– халқаро айирбошлашда қатнашувчи мамлакатларнинг ялпи миллий маҳсулотининг (ЯММ) тўлов баланси;
– пулнинг ички ва ташқи таклифи;
– фоиз ставкалари.
Бу кўрсатилган омилларни сабаб (уюшган) сифатида кўрсатиш мумкин.
2. (Уюшган) сабаб-омилларнинг ўзгаришига таъсир этувчи ва валюта курсини ўрнатиш механизмида бошқарувчи сифатида таъсир этувчи омиллар.
3. Иқтисодий тизимни динамик тизим тенглигидан чиқиб кетиши натижасида юзага келадиган омиллар:
- иқтисодий тангликнинг намоён бўлиши;
- давлат бюджети тақчиллиги
- назоратсиз эмиссия;
- инфляция;
- ички ва ташқи баҳолар ўртасидаги фарқ.
- монопол ишлаб чиқариш;
- пулларнинг хорижий валюта функциясини бажариши.
а) Тўлиқ ҳажмда тўлов воситаси;
б) жамғариш воситаси;
в) Капиталнинг четга оқиб кетиши;
- инвестицияни қисқартириш;
- ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши.
- ресурслар айланмасида қатнашмаслик;
- истеъмолчилар фойдаларининг пасайиши;
- валюта биржасидаги ўйин;
- товарларнинг «ювилиши»;
- демпинг баҳоларидан фойдаланиш орқали айрим фирмаларнинг олиб бораётган ташқи савдо фаолияти.
4. Сиёсий омиллар;
- мамлакат пул тизимига бевосита ўзгариш киритувчи сиёсий қарорлар;
- бошқарув тузилмасининг барқарорлик даражаси;
- иқтисодий тизимни бошқаришда ишончлилик даражаси;
- иқтисодий ва сиёсий структура вакилларини бир-бирини тушуна олиш даражаси;
- қонунларни бажарилиш даражаси;
- иқтисодиётда давлат улушининг миқдори;
- мамлакатдаги сиёсий кучлар ўртасидаги келишмовчиликлар дара-жаси;
- иқтисодиётни кўтариш бўйича аниқ ишланган дастурнинг йўқлиги;
- аҳолининг бошқарув структурасига ишончлилик даражаси;
- хусусий капиталнинг ҳимояланганлик даражаси.
Қонуний меъёрларга ва амалиётга мос ҳолда биржада чет эл валютасининг курсини, қимматли қоғозлар курсини ёхуд товарлар баҳосининг ўрнатилиши, қисқача қилиб айтганда, валюта курсини ўрнатиш котировкалаш деб аталади. Жаҳон амалиётида котировкалашнинг 2 хил усули мавжуд;
Тўғри котировка. Агар хорижий валюта бирлигининг баҳоси миллий валютада кўрсатилса, яъни миллий валютада хорижий валютанинг бир бирлигига тўғри келадиган миқдорда кўрсатилса, тўғри котировка деб аталади. Масалан, 2006 йилнинг 30 сентябрида 1 АҚШ долларига нисбатан ўзбек сўмининг курси 1250.00 сўмни, 1 Россия рублига нисбатан 47.00 сўмни ташкил этди. Бундай котировка ҳозирги вақтда жаҳондаги кўпчилик мамлакатларда қўлланилиб келин-моқда.
Эгри (тескари) котировка. Бунда бир бирлик миллий валюта-нинг хорижий валюталардаги миқдори ўрнатилади, яъни бир бирлик миллий валютанинг хорижий валютадаги баҳоси кўрсатилади.
Банклар валюта операцияларини амалга оширишда валютани сотиш ва сотиб олиш курсини ўрнатади. Бу курслар сотувчининг ва харидорнинг курси деб аталади.
Сотувчи курси – банкнинг валютани сотиш курси.
Харидор курси – банкнинг валютани сотиб олиш курси.
Бу курслар ўртасидаги фарқ маржа деб аталади ва у хизмат харажатларини қоплашга ва маълум даражада фойда олишга сарфланади.
Валютанинг энг муҳим характеристикаси унинг конвертирланганлигидир.
Конвертирланганлик даражасига кўра валюта курси 3 га бўлинади.
– эркин «сузиб» юрувчи;
– чекланган даражада «сузиб»юрувчи;
– қайд этилган валюта курслари.
Валюта курси товар баҳоси каби шу гуруҳларга бўлинади.
Эркин «сузиб» юрувчи валюта курси маълум валютага бўлган бозор талаби ва таклифи таъсирида ўзгариб туриши мумкин. Масалан, АҚШ доллари, Япония иенаси, Англия фунт стерлинги. Шу боис, бу валюталар жаҳон валюта айирбошлашида кенг иштирок этади.
Чекланган даражада «сузиб» юрувчи валюта курсларининг ўзгариши айрим валюталар ёки бир гуруҳ валюталар (валюта савати) курси ўзгаришига боғлиқ. Мисол учун «Учинчи дунё»нинг кўпчилик мамлакатлари ўз валюталарини АҚШ долларига, Европа мамлакатларининг ЕУРО га ва бошқа хорижий валюталарга боғлайдилар. Собиқ социалистик мамлакатлар валюта курсларини валюта саватига нисбатан ҳисоблайдилар. ЭКЮ ҳам худди шундай тартибда ҳисобланади. Чекланган даражада “сузиб” юрувчи валюта курслари кири-тилган мамлакатлар ўз валюталарининг тебраниш чегарасини ўзлари ҳамкорлик қилаётган мамлакатлар билан келишиб оладилар.
Қайд этилган валюта курси – бу хорижий валютада ифодаланган миллий пул бирлигининг давлат томонидан расмий ўрнатилган баҳоси бўлиб, унга валюта бозорларидаги талаб ва таклифнинг ўзгариши таъсир қилмайди. Ҳозирги вақтда қайд этилган валюта курси кам ривожланган мамлакатларда ёки иқтисодий ташқи бозорга етарли даражада кириб бормаган мамлакатларда уларнинг молия тизимини ва миллий ишлаб чиқаришини кучли хорижий рақобатчиларидан ҳимоя қилиш ва қувватлаш мақсадида қўлланилади. Барча мамлакатлар маълум муддатда ўз валюталари курслари тўғрисидаги ахборотни эълон қилиб борадилар.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси иш якунлари матбуотда, телевидениеда эълон қилиб борилади. Бунда номинал валюта курси белгиланади. Лекин кучайиб бораётган инфляция жаҳон бозорида миллий маҳсулотга бўлган талабни, уни рақобатбардошлигини аниқлашда миллий ва хорижий товарлар баҳолари ўртасидаги нисбатини ҳам билиш керак бўлади. Яъни миллий валютанинг реал алмаштириш курсини ҳисоблаб чиқиш керак.
Реал валюта курсини ҳисоблашни Ўзбекистон ва Россияда ишлаб чиқариладиган газлама мисолида кўрсатиш мумкин. Масалан, 1м газламанинг баҳоси республикамизда 1000 сўм, Россияда 35 рубл. Валюталарнинг амалдаги нисбати 1 Россия рубли = 35 сўм ёки 1сўм = 0,032 Россия рубли бўлганда, 1 м ўзбек газламасининг баҳоси Россия рублида 0,032*1000=32 рубль туради.