Дунёдаги энг қиммат валюта:Қувейт динари, валюта коди – KWD. Қувайт - катта бойликка эга бўлган кичик мамлакат. Валютасининг юқори қиймати нефт маҳсулотларининг жаҳон бозорига сезиларли даражада экспорт қилиниши билан изоҳланади. Дунёда энг кўп ишлатиладиган валюта:АҚШ доллари, валюта коди – USD. Американинг жаҳон бозорида етакчилиги туфайли унинг валютаси "жаҳон захира валютаси" унвонига эришди. Бошқа сўз билан айтганда, дунёнинг исталган бурчагида АҚШ долларини ишлатсангиз бўлади ва уни қабул қилишади.
Дунёдаги энг қадимги ва ҳали ҳам ишлатиладиган валюта: Фунт стерлинг, валюта коди – GBP. Халқаро амалиётда валюталарнинг қуйидаги турлари мавжуд:
* Эркин ишлатиладиган валюта (freely usable currency) – тўлов балансининг жорий операциялар бўлимида валютавий чеклашлар бўлмаган мамлакатларнинг миллий валюталари.
* Қаттиқ валюта (hard currency) – иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан барқарор ҳисобланган мамлакатларнинг алмашув курси барқарор бўлган валюталари.
* Юмшоқ валюта (soft currency) – халқаро миқёсда тўлов воситаси вазифасини бажара олмайдиган, яъни ташқи конвертирликка эга бўлмаган валюталар.
* Халқаро резерв валюталар (reserve currency) – дунёнинг барча мамлакатларида халқаро тўлов воситаси сифатида қабул қилинадиган етакчи валюталар.
Етакчи валюталарга “халқаро резерв валюта” деган мақомни Халқаро валюта фонди (ХВФ) экспертлари беради. ХВФ мезонлари бўйича, халқаро резерв валюта деганда давлатларнинг халқаро захиралари номинали акс эттириладиган валюта тушунилади. ХВФ томонидан ҳозирги кунда АҚШ доллари (USD), евро (EUR), Буюк Британия фунт стерлинги (GBP), Япония (JPY) иени ва Швейцария франкига (CHF) халқаро резерв валюта мақоми берилган.
АҚШ доллари ва Буюк Британия фунт стерлингига халқаро резерв валюта мақоми 1944 йилда, Бреттон-вудс жаҳон валюта тизими шаклланаётганда берилган эди. 1976-1978 йилларда Ямайкада бўлиб ўтган халқаро конференцияда тўртинчи жаҳон валюта тизими ташкил топди ва унда яна иккита валютага – Япония иени ва ГФР маркасига халқаро резерв валюта мақоми берилди. 1999 йилнинг 1 январидан бошлаб евронинг муомалага киритилиши дойчемаркани муомаладан чиқиб кетишига сабаб бўлди ва унинг мақоми еврога берилди.
Халқаро резерв валюталар номинал алмашув курсининг барқарор эмаслиги, уларни сезиларли диапазонларда тебранаётганлиги жаҳон валюта тизимининг долзарб муаммоларидан бири бўлиб турибди. Айниқса, АҚШ доллари ва евронинг номинал алмашув курсларини тез-тез тебраниб туриши кузатилмоқда. АҚШ давлат қарзининг нисбатан катта эканлиги, савдо балансида катта миқдордаги дефицитнинг мавжудлиги, давлат бюджети дефицитининг катта эканлиги Федерал захира тизими (ФЗТ) томонидан амалга оширилаётган қайта молиялаш сиёсатининг мослашувчанлик даражасининг юқори эканлиги долларнинг номинал алмашув курсини сезиларли даражада катта диапазонларда тебранишига сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, жаҳон валюта тизимининг барқарорлигига нисбатан салбий таъсирни юзага келтиради. Ҳолбуки, АҚШ доллари ҳамон дунёнинг асосий резерв валютаси бўлиб турибди.