Тижоратбанкларининг актив оперциялари – бу банкларнинг пассив операциялари натижасида шакллантирилган маблағларини иқтисодий жиҳатдан даромад (фойда) олиш мақсадида турли мақсадларга жойлаштириш ва ликвидлигини таъминлаш билан боғлиқ операциялардир. Тижорат банкларининг актив операциялари уларнинг фаолиятида жуда муҳим ҳисобланади. Чунки улар ушбу операциялар орқали даромадларни шакллантирадилар ва актив операциялар доимо маълум даражада риск, яъни қарздорнинг дефолти (тўловга қобилиятсизлик) билан боғлиқ бўлади.
Тижорат банклари актив операциялари иқтисодий моҳиятига кўра:
- ссуда операциялари (кредитлаш);
- ҳисоб – китоб операциялари;
- касса операциялари;
- инвестиция ва фонд операциялари;
- валюта операциялари ва кафолатлар бериш билан боғлиқ операциялардан иборат.
Ссуда операциялари орқали банклар мамлакатдаги фаолият юритаётган мулкий шаклидан қатъий назар барча хўжалик субъектларига тегишли кердитларни беради. Маълумки, банк кредитлари бир йилгача – қисқа муддатли, бир йил ва ундан кўп даврга – узоқ муддатли кредитларга бўлинади.
Ҳисоб – китоб операцияларида банклар мижозларнинг топшириқларига асосан турли мақсадларга уларнинг ҳисобварақларини дебетлаш орқали ўтказади, шунингдек, ссуда операциялари ҳам бевосита кредит олувчининг ссуда ҳисобварағини дебетлаш орқали амалга оширилади.
Инвестиция операцияларида банклар ҳўжалик юритувчи субъектлар ва давлатнинг қимматли қоғозларига молиявий маблағларни жойлаштиради. Албатта ушбу операциялар банклар учун маълум даражадаги рискли операциялар ҳисобланиб, банкларнинг фойдасини шакллантиришга хизмат қилади.
Фонд операцияларида банклар қимматли қоғозлар билан операциялар бажариш билан бирга, фонд биржаларида олди – сотди қилинадиган қимматли қоғозлар ва векселлар билан операцияларни амалга оширади.
Банклар касса операциялари орқали мижозларга нақд пулларни бериш ва улардан нақд пулларни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни амалга оширади.
Банкларнинг валюта операциялари бевосита хорижий мамлакатлар миллий валютасини олди – сотдиси билан боғлиқ операциялар ҳисобланиб, миллий валютанинг хорижий валюталарга нисбатан курсини ўзгариши ҳисобига фойда ёки зарар кўриши мумкин.
Банклар йирик ва юқори даражадаги тўлов қобилиятига эга молиявий муассаса сифатида компания, корпорация ва бошқаларга учинчи шахс сифатида кафолатлар бериши мумкин. Албатта, берилган кафолатлар эвазига банклар маълум даражадаги фойдани олишни режалаштиради.
Юқорида қайд эилганларга асосланиб, банкларнинг актив операцияларини тўртта гуруҳга ажратиш мумкин.
Эркин заҳиралар – бунга кассадаги нақд пуллар, Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварақларидаги қолдиқлар, бошқа кредит ташкилотларнинг вакиллик ҳисобварақларидаги маблағлар. Эркин заҳирлар юқори ликвидли маблағлар ҳисобланиб, банкка қисман ёки умуман даромад келтирмайди.
Берилган кредитлар ва депозит кўринишида бошқа молия муассасаларига, шунингдек Марказий банкка жойлаштирилган маблағлар.
Инвестициялар – бу банкнинг қимматли қоғозларга ва номоддий активларга, шунингдек пай кўринишида хўжалик фаолиятига йўналтирилган ресурслари.
Банкнинг ўзига (ички инвестициялар) моддий ва номоддий активларга йўналтирилган маблағлари. Бунга банк фаолиятини ташкил этиш учун зарур бўлган бинолар, жиҳозлар ва бошқа ускуналар киради.
Тижорат банкларининг даромади банкнинг 2 ва 3 гуруҳига кирувчи актив операциялари ҳисобидан ташкил топиб, банк активларининг риск даражаси қанча юқори бўлса, ушбу операциялардан келаётган даромадлар миқдори ҳам шунча юқори бўлади ва аксинча. Демак, банкларнинг актив операциялари даромад келтириш даражасига қараб:
1. Даромад келтирадиган (кредит ва инвестициялар) активлар;
2. Даромад келтирмайдиган (эркин захиралар, моддий) активларга бўлинади.
Активлар Марказий банкнинг 2000 йил 26 апрелдаги 420 – сонли йўриқномасига асосан рискка тортилган даражасига қараб тўртта гурухга бўлинади.
1. Биринчи гурухга – рискдан озод бўлган активлар – 0;
2. Иккинчи гурухга –минимал риск даражасига эга активлар – 20;
3. Учинчи гурухга – ўрта риск даражасига эга активлар – 50;
4. Тўртинчи гурухга – юқори рискли активлар – 100.
Марказий банки бошқаруви томонидан 1998 ййил 9 сентябрда тасдиқланган 242 – сонли “Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари томонидан активлар сифатини таснифлаш, ссудалар бўйича юзага келиши мумкин бўлган йўқотишлар ўрнини қоплаш учун ташкил этиладиган захирани шакллантириш ва ундан фойдаланиш” тартибига асосан банк кредитлари яхши кредитлар, стандарт кредитлар, субстандарт кредитлар, шубҳали кредитлар ва умидсиз кредитлар сифатида таснифланади. Банк кредитларини таснифлашдан асосий мақсад уларни тўлиқ қайтаришини таъминлаш бўйича тегишли ишларни амалга оширишга қаратилади. Банк кредитлари “Яхши” деб таснифланганда уларда қайтарилмаслиги аломатлари бўлмайди, шу боис ушбу кредитлар бўйича тегишли захиралар ажратилмайди. Фоизлар муддати ўтган ссудалар "Яхши" деб таснифланиши мумкин эмас.
Кредитлар “Стандарт” сифатида таснифланган активлар бўйича қайтарилмаган кредит суммасининг 10 фоизи миқдорида захиралар тузиши шарт.
“Субстандарт” сифатида таснифланган активлар бўйича банк асосий қарзнинг тўланмаган суммасининг 25 фоизига тенг бўлган захираларни шакллантириши лозим.
“Шубҳали” деб таснифланган активлар бўйича банк асосий қарз тўланмаган суммасининг 50 фоизи миқдорида захирани ташкил этиши шарт.
Банк томонидан берилган кредитлар камида 180 кунга кечиктирилганда булар “умидсиз” деб таснифланади. Умидсиз деб таснифланган активлар бўйича банк асосий қарзнинг тўланмаган суммасининг 100 фоизи миқдорида захиралар яратиши керак. Банк активлари ликвидли, яъни тез нақд маблағга айлантириш имконияти бўлиши керак. Банк активлари ликвидлилик нуқтаи назаридан қуйидагиларга бўлинади:
1. Юқори ликвидли активлар – бевосита пул кўринишидаги маблағлар бўлиб, ушбу активлар исталган пайтда банк мабуриятини бажаришга йўналтирилиши мумкин;
2. Қисқа муддатли ликвидли активлар – қисқа муддатли кредитлар ва иккиламчи бозорга эга бўлмаган қимматли қоғозлар;
3. Қийин реализация қилинадиган активлар – ўрта ва узоқ муддатли кредитлар, иккиламчи бозорга эга бўлмаган қимматли қоғозлар, пай улушлари ва бошқалар;
4. Паст ликвидли активлар – банкнинг асосий воситаларига йўналтирилган маблағлар киради.
Хулоса қилиб айтганда, банкларнинг актив операциялари уларнинг фойдасини шакллантиришга хизмат қилиш билан бирга, маълум даражадаги рискларни вужудга келишига сабаб бўлади. Банклар актив операцияларни бажаришда асосий эътиборни мавжуд рискларнинг даражасини пасайтириш орқали баланснинг ликвидлигини таъминлашга қаратади.