16-МАВЗУ. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ
Режа:
Тижорат банклари фаолиятини ташкил қилиш асослари ва уларнинг функциялари.
Тижорат банкларининг турлари.
1 – савол баёни: Тижорат банклари мамлакат банк тизимининг иккинчи бўғинидаги молиявий муассаса ҳисобланади. Қонунчилик ҳужжатлари ва иқтисодий адабиётларда тижорат банклари жамиятдаги вақтинчалик бўш пул маблағларини жалб қилиб, ушбу маблағларни тегишли шартлар (тўловлилик, қайтаришлик, муддатлилик, таъминланганлик, мақсадлилик) асосида иқтисодиётнинг турли тармоқларига жойлаштирадиган, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларга тўлов ҳисоб – китобларни амалга ошириш бўйича хизмат кўрсатадиган тижорат ташкилотлари сифатида таснифланади.
Тижорат банки - корхоналар, ташкилотлар, фуқароларга универсал банк хизматлари (ҳисобкитоб, тўлов операциялари, қўйилмаларни жалб этиш, омонатларни сақлаш, ссудалар бериш, шунингдек, қимматли қоғозлар бозоридаги операциялар) кўрсатадиган йирик кредит муассасаси. Тижорат банки банк ҳаракатларини амалга ошириш учун пул маблағларини, асосан, қўйилмалар (омонатлар), банклараро кредитлар, ўз акция ва облигацияларини чиқариш хисобига шакллантиради
Замонавий шароитда тижорат банкларининг жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатадиган воситачилик операциялари ва хизмат турлари ортиб бормоқда. Тижорат банкларининг ушбу муносабатлари тижорат асосида ташкил этилади. Бундан кўриниб турибдики, тижорат банкларининг фаолияти тижоратга асосланган бўлиб, уларнинг асосий фаолияти юқори даражада фойда олишга йўналтирилади. Бироқ, тижорат банклари ишлаб чиқариш корхоналаридан фарқли ўлароқ, ўз фойдасини қўшимча қиймат ишлаб чиқариш ҳисобидан эмас балки, корхона, ташкилотлар ва аҳоли ихтиёридаги вақтинчалик бўш пул маблағларини тегишли шартлар асосида жалб қилиб, ушбу маблағларга эҳтиёжи мавжуд бўлган шахсларга тижорат йўсинда бериш орқали фойдасини шакллантирадиган ўзига хос молиявий муассаса ҳисобланади.
Ўзбекистонда тижорат банкларининг ташкил этилиши бевосита мустақиллик йилларига тўғри келади. Мамлакатимиз мустақилликка эришгунга қадар “банк тизимини фақатгина бир неча банклар, яъни СССР Давлат банки, Ташқи иқтисодий фаолият банки, Қурилиш банки ва Давлат меҳнат омонат жамғармалари кассалари мавжуд бўлиб, иттифоқдош республикаларда ушбу банкларнинг республика, вилоят идоралари ва туман бўлимлари фаолият кўрсатар эди”.
Ўзбекистонда дастлабки тижорат банкларини ташкил этилишининг ҳуқуқий асоси бўлиб 1991 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонуни хизмат қилди. Албатта, мамлакатимизда бозор муносабатларининг такомиллашуви ва иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлашуви натижасида тижорат банклари мақоми, капитали ва фаолиятига қўйилган талаблар доимий равишда ўзгариб бормоқда. Буларнинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунининг янги таҳрирдаги матни 1996 йил 25 апрелда қабул қилинди. Мазкур қонун мамлакатимиз банк тизими, хусусан тижорат банкларини ташкил топиши ва ривожланишига мустаҳкам ҳуқуқий база бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистонда ташкил этилган дастлабки тижорат банки Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки ҳисобланади. Кейинчалик, “1994 – 1995 йилларда ихтисослаштирилган “Асака” банк (автомобил саноатини қўллаб қувватлаш учун), “Ғаллабанк” (ғалла етиштиришни молиялаштириш учун), “Пахтабанк” (қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўллаб – қувватлаш учун) якка хўжаликларни қўллаб – қувватлаш учун “Тадбиркор” тижорат банки ташкил этилди”. Ўзбекистонда тижорат банклари фаолиятига лицензия бериш, уларнинг фаолиятини назорат қилиш ва тўхтатиш Марказий банк зиммасига юклатилган бўлиб, тижорат банкларини ташкил этишда асосий омиллардан бири уларнинг устав капиталига қўйилган талаб ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тижорат банклари капиталининг минимал миқдорига қўйилган талаб доимий равишда ошиб бормоқда.
Тижорат банклари Марказий банкдан лицензия олиб, фаолиятини бошлагандан сўнг эса капиталнинг ушбу минимал миқдорини доимий равишда ошириб боришлари лозим бўлади, капитални оширишнинг асосий мезони сифатида уларнинг рискка тортилган активлари ҳисобланади. Ҳозирги пайтда ушбу даража умумий капиталга нисбатан 0,1 коэффициентда, асосий капиталга нисбатан эса 0,05 коэффициентда бўлиши талаб этилади.
Тижорат банклари фаолияти унинг бошқарув органлари томонидан амалга оширилади. Банкнинг бошқарув органи қуйидагилар ҳисобланади:
1. акциядорлар умумий йиғилиши;
2. банк Кенгаши (кузатув кенгаши);
3. банк Бошқаруви.
Акциядорлар умумий йиғилиши банкнинг олий бошқарув органи ҳисобланади. Акциядорлар умумий йиғилишининг мутлоқ ваколатига кирувчи масалалар банк Кенгаши ёки Бошқарувига топширилмайди. Банк Кенгашининг миқдорий таркиби устав ёки акциядорлар умумий йиғилиши қарорига кўра белгиланади. Акциядорлар сони 500 гача бўлган очиқ турдаги акциядорлик жамияти шаклидаги банкларнинг банк Кенгаши миқдорий таркиби камида беш аъзодан, 501 дан 1000 гача бўлган банкларда камида етти аъзодан ва 1000 дан ортиқ бўлган банкларда камида 9 аъзодан иборат бўлиши лозим.
Ўзбекистонда тижорат банкларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш Марказий банки бошқаруви томонидан 1998 йил 9 сентябрда тасдиқланган "Банкларни рўйхатга олиш ва уларга лицензия бериш тартиби тўғрисида”ги 22 – сонли Низом асосида амалга оширилади.
Мулкчилик шаклидан қатъий назар мамлакатимиздаги барча тижорат банклари мазкур низомга асосан ташкил этилади ва тугатилади. Марказий банк тижорат банкларига банк операцияларини амалга ошириш учун лицензия бериш юзасидан қарор қабул қилишда асосий омил бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
1. бизнес режанинг мақбуллиги;
2. капиталнинг адекватлиги;
3. даромадлиликнинг келгуси истиқболлари;
4. кўзда тутилаётган раҳбарнинг малакаси ва обрў – эътибори;
5. банкни очиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги;
6. монополияга қарши чоралар.
Дастлаб ташкил этилаётган банкларнинг устав капиталида банкларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди, хорижий капитал иштирокидаги банклар ва шуъба банкларни ташкил этиш ҳоллари бундан мустасно. Ташкил этилаётган банкнинг устав капиталида бир акциядорнинг улуши йигирма фоиздан ортса Марказий банкдан олдиндан розилик олиниши лозим. Бир акциядор ёки ўзаро боғланган акциядорлар гуруҳининг тижорат банки устав капиталидаги улуши устав капитали умумий миқдорининг 25 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
Янгидан ташкил этилаётган тижорат банкларининг муассислари молиявий жиҳатдан барқарор бўлишлари лозим. Муассисларнинг молиявий барқарорлиги қуйидаги омиллар билан белгиланади:
1. баланснинг ноликвидлиги;
2. тўловга қобилиятсизлик ёки банкротлик;
3. юридик шахс расмий равишда банкрот деб эълон қилинишидан қатъи назар унинг пассивлари активларидан ошиб кетиши;
4. юридик шахс тақдим этган шахс зарур ҳолларда устав капиталини ошира олмаслигини кўрсатса;
5. банкда мулк сотиб олиниши кўзда тутилиши натижасида банкка ёки унинг омонатчиларига молиявий хавф солиниши мумкинлигини кўрсатувчи бошқа ҳоллар маълум бўлса.
Тижорат банкларини ташкил этишда барча шахслар ҳам иштирок этиши мақсадга мувофиқ келмайди. Бундай шахслар таркибига:
1. банкротликка учраган юридик шахснинг собиқ раҳбарлари, бошқаруви ва кузатув кенгаши аъзолари ёки йирик иштирокчиси ва юридик шахснинг банкротлиги уларнинг ҳаракатлари оқибатида юзага келганлиги фактлари маълум бўлса;
2. ўзининг ишбилармонлик ва шахсий хатти-ҳаракатида ишларни нотўғри бошқариш ва виждонан юритиш мумкин эмаслигини намойиш қилган шахслар.
3. оффшор ҳудудларда рўйхатга олинган норезидент юридик шахслар;
4. давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий бошқарув органлари, жамоат бирлашмалари, жамоат фондлари, бюджетдан ташқари фондлар, бюджет муассасалари ва ташкилотлари, агар бошқа ҳолат қонунларда кўзда тутилмаган бўлса.
Янгидан ташкил этилаётган тижорат банклари қуйидаги таъсис ҳужжатларини Марказий банкка тақдим этиши лозим:
а) муассислар томонидан имзоланган ва уларнинг муҳрлари билан тасдиқланган таъсис шартномаси;
б) муассис – акциядорлар йиғилиши томонидан тасдиқланган ва банк Кенгаши раиси томонидан имзоланган банк устави;
в) таъсис йиғилишининг баёни.
Бу ҳужжатда банкни ташкил этиш, устав капитали миқдори, устав ва бизнес – режани тасдиқлаш, банк Кенгаши, тафтиш комиссияси ва бошқарувини сайлаш тўғрисидаги қарор бўлиши лозим. Мустақилликка эришгандан ҳозирги кунгача бўлган даврда турли мулк шаклидаги қатор банклар ташкил этилди, уларнинг асосий қисми мамлакатимиз молия – кредит бозорида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Мамлакатимизда бозор муносабатларининг такомиллашуви ва иқтисодий ислоҳотларнинг чуқурлашуви натижасида уларнинг айримларини мақоми ўзгартирилди, айримлари бошқа банкларга қўшилиб ёки умуман фаолиятини тўхтатди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон банк тизимида 31та тижорат банки фаолият олиб бормоқда. Шулардан 13та банк давлат улуши мавжуд банклар бўлса, 16та банк хусусий банклар ёки чет эл капитали иштирокидаги банклар ҳисобланади. 2019 йил июль ойидан бошлаб Қозоғистон «Halyk bank»нинг шўъба банки сифатида «Тенге банк» ўз фаолиятини бошлади. «Payme» тўлов хизмати акциялари бошқарув пакетини сотиб олган Грузиянинг «TBC» банки жорий йил апрель ойидан банк фаолиятини амалга оширишни бошлади.
Банклар уч гуруҳга бўлинди: давлат улуши мавжуд йирик банклар; рақобатчи банклар; марказлашган банклар (Савдогар банкнинг 13 та ҳудудда 19 та филиали, Универсал банкнинг 3 та ҳудудда 4 та филиали бўлишига қарамасдан, ушбу банклар активлари, кредит қўйилмалари, капитали ва депозитлари ҳажмидан келиб чиқиб марказлашган банклар гуруҳига киритилди):
Давлат улуши мавжуд йирик банкларнинг мажбуриятлари таркибида ҳукуматдан олинган маблағлар улуши юқорилигича қолмоқда. 2020 йил 1 июнь ҳолатига, «Қишлоқ қурилиш банк» мажбурияларида ҳукумат маблағлари улуши 40,5 фоиз, «Ипотека банк»да 31,5 фоиз, «Агробанк»да 27,4 фоиз, «Микрокредит банк»да 21,2 фоиз ва «Ўзмиллий банк»да 14,9 фоизни ташкил этди. Тижорат банкларининг иқтисодий мавқеи фаолият доирасининг кенг бўлишига олиб келади. Тижорат банклари қуйидаги асосий функцияларни бажаради.
1. Вақтинча бўш турган пул маблағларни йиғиш ва уларни капиталга айлантириш.
2. Корхона, ташкилотлар, давлат ва аҳолини кредитлаш;
3. муомалага кредит пуллар (муомаланинг кредит воситалари) ни чиқариш.
4. Иқтисодиётда ҳисоб-китоблар ва тўловларни амалга ошириш.
5. Молия - валюта бозорида фаолият кўрсатиш.
6. Иқтисодий-молиявий ахборотлар бериш ва консультация хиз-матларини кўрсатиш.
Банклар бўш пул маблағларини йиғиш ва уларни капиталга айлантириш функциясини бажара туриб, мавжуд бўш пул даро-мадлари ва жамғармаларни йиғади. Жамғарувчи (бўш пул маблағи эгаси) ўз маблағларини банкка ишониб топширгани учун ва банк бу маблағлардан фойдалангани учун маълум фоиз ҳисобида даромад оладилар. Бўш пул маблағлари ҳисобидан ссуда капитали фонди вужудга келади ва бу фонд халқ хўжалиги тармоқларини кредитлаш учун ишлатилади.
Тижорат банклар фаолиятида асосий ўринни корхона, ташкилотларни, аҳолини, давлатни кредитлаш эгаллайди. Кредитлаш жараё-нини ташкил қилишда банк молиявий воситачи ролини ўйнайди. У бўш турган маблағларни жалб қилади ва ўз номидан мижозларга вақтинча фойдаланишга беради. Банк кредити ҳисобидан халқ хўжа-лигининг муҳим тармоқлари – саноат, қишлоқ хўжалиги, савдо ва бошқалар молиялаштирилади ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга асос бўлади.
Муомалага кредит пулларни чиқариш функцияси тижорат банкларини бошқа молия институтларидан ажратиб туради. Тижорат банклари депозит-кредит эмиссия қилганида, ссудалар берганида, пул массаси ошади ва ссуда банкка қайтарилганда, муомаладаги пул массаси камаяди.
Тижорат банклари кредит пулларни яратишнинг эмитенти ҳисоб-ланади. Тижорат банк томонидан мижозга берилган кредит унинг ҳисоб рақамига ўтказилади ва банкнинг қарз мажбурияти ортади. Мижоз бу маблағнинг маълум қисмини нақд пул шаклида ҳисоб рақамидан олиши мумкин. Бу ҳолда муомаладаги пул массасининг миқдори ошади. Шунинг учун ҳам, Марказий банк тижорат банкларининг фаолияти устидан назорат олиб боради.
Тижорат банкларининг муҳим функцияларидан бири ҳисоб-китобларни олиб боришдир. Ҳисоб-китобларни олиб боришда банк мижозлар ўртасида воситачи бўлиб хизмат қилади. Тижорат банклари қимматбаҳо қоғозлар чиқариш ва жойлаштириш билан ҳам шуғулланиши мумкин. Тижорат банклари иқтисодий аҳволни назорат қилиш жараёнида мижозларга ҳар хил ахборотлар, маслаҳатлар бериши мумкин.
Банк ташкил этиш жараёни бир неча босқичларга бўлиниши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |