2 – савол баёни: Бугунги кунда ҳар қандай даражадаги инфляция салбий жиҳатга эга деган фикр оммада мавжуд бўлиб, аслини олганда инфляциянинг ҳар қандай даражаси ҳам иқтисодиёт учун зарарли эмас. Иқтисодий ўсиш учун кам фоизли барқарор инфляция бу табиий жараён. Паст даражадаги инфляция иқтисодиётда қўшимча талаб яратиши орқали иқтисодий ўсишга туртки беради. Инфляциянинг умуман йўқ бўлиши эса иқтисодиётнинг ўсиш суръатини пасайтириб юбориши мумкин. Шиддатли инфляция келгусида юқори инфляцияга олиб келиб, иқтисодиётни издан чиқариши мумкин. Шу нуқтаи назардан паст даражадаги барқарор инфляция ижобий ҳисобланади.
Инфляцияни келиб чиқишига кўра икки тоифага ажратиш мумкин:
Талаб инфляцияси. Инфляциянинг бу тури талабнинг кескин ошиши натижасида иқтисодиётда пул таклифининг ошишига ёки харидорлар томонидан инфляцион кутилмаларни шаклланишига олиб келади. Соддароқ қилиб айтганда, ишлаб чиқариш соҳаси аҳолининг талабини тўла қондира олмайди, таклифга нисбатан талаб ошиб кетади. Натижада товар ва хизматлар нархлари ўсади. 2.Таклиф инфляцияси. Инфляциянинг бу тури ишлаб чиқариш харажатларининг кескин ошиши натижасида содир бўлади. Яъни, ҳар хил жараёнлар ва таркибий ўзгаришлар (солиқлар ўзгариши, энергия ресурслари нархлари ошиши, давлат томонидан тартибга солинадиган нархлар оширилиши ва бошқалар) туфайли меҳнат унумдорлигининг пасайиши натижасида маҳсулот ишлаб чиқаришга кетган харажатлар ошади. Натижада ишлаб чиқариладиган товар ва хизматларнинг нархлари ошади.
Халқаро амалиётда бозорда товарлар ва хизматлар баҳосининг ўсиб боришига кўра инфляция бир неча турларга ажратилиб ўрганилади.
Судралувчи инфляция. Баҳоларнинг ўртача йиллик ўсиши 5-10% дан ошмайди. Инфляциянинг бу тури кўпроқ ривожланган мамлакатларга хос бўлиб, мамлакат иқтисодий ривожланиш даражасига қараб баҳолар ошиши 3-4% атрофида ҳам бўлиши мумкин. Бу инфляция аксинча ишлаб чиқаришни янада ривожлантиришни рағбатлантирувчи омил сифатида намоён бўлиши мумкин. Пул қийматининг барқа-рорлигидаги ўзгариш сезилмаслиги мумкин.
Шиддатли инфляция. Баҳоларнинг ўртада йиллик ўсиши 10-100% (баъзида 200% гача) бўлиши мумкин. Инфляциянинг бу тури ривожланаётган мамлакатларда кўпроқ учрайди.
Гиперинфляция. Баҳоларнинг ўсиш суръатлари йилига 200% дан ошиб кетади. Бу инфляция мамлакатлар иқтисодий ривож-ланишининг инқирозли даврига мос келади ва у иқтисодиёт таркибий қисмларининг ўзгариши билан боғлиқ. Ҳозирги даврда ХВФ баҳолар ойига 50% дан ошган вақтда бу гиперинфляция, деб қабул қилган. Гиперинфляция даврида баҳолар кун сайин ошиб боради ва баҳолар билан иш ҳақи ўртасидаги фарқ жуда юқори бўлади. Аҳолининг яшаш шароити қийинлашади, корхоналар фаолияти ёмонлашади. Хўжалик фаолияти ва бозор фаолиятида натураллаштириш авж олади.
Инфляциянинг келиб чиқиш сабабларига кўра унинг икки тоифасини кўрсатиш мумкин: талаб инфляцияси ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ инфляция (таклиф инфляцияси).
Талаб инфляцияси. Инфляциянинг бу анъанавий тури талаб ошиб кетганда юзага келади. Ишлаб чиқариш соҳаси аҳолининг талабини тўла қондира олмайди, таклифга нисбатан талаб ошиб кетади. Натижада товарлар баҳоси ўсади. Кам миқдордаги товарларга кўп пул массаси тўғри келади.
Талаб инфляциянинг юзага келиш сабаблари қуйидагилардан иборат:
а) ҳарбий харажатларнинг ўсиши ва иқтисодиётнинг милитарлашуви.
Ҳарбий техника сотиб олиш ва бошқа ҳарбий харажатларни қоплаш билан боғлиқ бўлган жараёнлар муомала учун керагидан ортиқча пул чиқаришнинг омили ҳисобланади;
б) давлат қарзларининг ўсиши ва бюджет тақчиллигининг мавжудлиги.
Бюджет тақчиллиги, одатда, заёмлар чиқариш ёки банкноталарни эмиссия қилиш йўли билан қопланади. Бу, ўз навбатида, қўшимча муомала воситалари бўлишига, қўшимча талаб юзага келишига олиб келади. Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги юқоридагидан ташқари, 1996 йилдан бошлаб давлат қисқа муддатли мажбуриятларини (ДҚМО) сотиш орқали ҳам қопланмоқда;
в) халқ хўжалигига ортиқча кредитлар бериш натижасида муомалада кредит билан боғлиқ муомала воситалари юзага келади. Булар товар ва хизматларга бўлган талабни оширади.
г) чет эл валютасининг мамлакатга кириб келиши ва унинг миллий валютага алмашинуви натижасида, муомалада пул массаси ортиб боради, миллий пулга нисбатан чет эл валютасининг қадри ошади;
д) халқ хўжалигининг етакчи тармоқларини керагидан ортиқча инвестициялаш ҳам айланмага қўшимча пул эквивалентларини чиқаришга олиб келади.
Шундай қилиб, талаб инфляцияси умумий талабнинг ўсиши натижасида баҳолар ўсиши билан намоён бўлади. Ишлаб чиқариш билан боғлиқ (таклиф) инфляция. Бу инфляциянинг сабаблари қуйидагилар бўлиши мумкин:
а) ҳар хил жараёнлар ва таркибий ўзгаришлар туфайли меҳнат унумдорлигининг пасайиши натижасида маҳсулот ишлаб чиқаришга кетган харажатлар ошади. Умуман, халқ хўжалиги бўйича ишлаб чи-қариш ҳажми, бинобарин, товарлар бўйича таклиф қисқаради ва товарлар баҳоси ошади. Корхоналарнинг фойда ҳажми қисқаради.
б) ҳар хил янги хизмат турлари пайдо бўлади, кам меҳнат унумдорлигида юқори иш ҳақи олишга имконият туғилади. Натижада товар ва хизматларга бўлган баҳо ошиб боради.
в) аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш мақсадида иш ҳақининг ошиши, товарлар баҳосининг ошишига олиб келади ва яна иш ҳақи ошади ва ҳ.к. Бу занжир узлуксиз давом қилиш мумкин.
Инфляцияда нафақат чакана баҳо, балки улгуржи баҳо ҳам ошиб боради. Ғарб мамлакатларида инфляциянинг асосий кўрсаткичи қилиб чакана баҳоларнинг ўзгариши (ошиши) қабул қилинган. Агар маълум даврда баҳолар икки марта ошса, пул ҳам икки марта қадрсизланган деб ҳисобланади.
Чакана баҳолар ўсишини ҳисоблаш махсус давлат органлари томонидан аниқланадиган баҳолар индексига асосланади. Баҳолар индексини ҳисоблашнинг бошланғич нуқтаси сифатида (юз фоиз деб) базис йили олинади ва жорий йилда баҳолар ўзгариши, ўртача йиллик ўсиш суръати ҳисобланиши мумкин.
Баҳолар индекси бу жорий йилдаги товарлар ва хизматлар баҳоси йиғиндиси, яъни товарлар бозор савати баҳосининг шу товар ва хизматларнинг базис йилдаги умумий баҳоси, яъни бозор савати баҳосига нисбати сифатида аниқланиши мумкин.
Баҳолар индексини ҳисоблашда истеъмол товарлар баҳосининг индекси катта аҳамиятга эга. Баҳолар индекси турли усулларда баҳолар даражасини солиштиришга имкон беради. Жорий йилдаги баҳолар индекси базис йилдаги баҳолар индексига нисбатан ошиши - инфляция – «Баҳолар даражасининг ошиши»дан, баҳолар индексининг камайиши дефляция «Баҳолар даражасининг камайиши»дан далолат беради.
Айтайлик, базис давр 1990 йил бўлсин (баҳолар даражаси 100% деб оламиз) ва 1997 йилда баҳо даражаси 350. Демак 1990 - 1997 йилларда баҳолар 3,50 марта ёки 250% га ошган, ёки 1990 йилда бирор товар 100 сўм турган бўлса, 1997 йилда шу товар 350 сўм туради.
Истеъмол товарлар баҳоси индексидан ташқари баъзи гуруҳ товарлар ва хизматлар, масалан: кийим, оёқ кийимлар, транспорт, уй-жой хизматлари ва бошқалар бўйича баҳолар индексларини ҳисоблаш мумкин.
Баҳолар индексига асосланиб, инфляция суръатларини аниқлаш мумкин. Бунинг учун жорий йил баҳолар индексидан базис давр баҳолар индексини чегириб, базис давр баҳолар индексига бўламиз. Масалан, 2005 йилда истеъмол товарларнинг баҳо индекси 110, 2007 йилда 140 бўлса, 2007 йилда инфляция суръати қуйидагича аниқланади:
Do'stlaringiz bilan baham: |