4.3. Нақд пул муомаласининг ўрни ва зарурияти
Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти эришган юксак технологик ютуқларидан фойдаланилган ҳолда пул муомаласида нақд пуллар ўрнини банк (ёки бошқа кредит ташкилотлари) ҳисобварақлари бўйича ёзувлар ва турли электрон тўлов ҳужжатлари эгаллаб бораётганлигига қарамасдан барча мамлакатлар иқтисодиётида нақд пул муомаласи сақланиб қолмоқда.
Нақд пул муомаласининг улуши Буюк Британия, Япония ва АҚШ каби юксак даражада ривожланган мамлакатларда умумий пул айланмасининг 1 – 6 фоизини ташкил этган бўлса, иқтисодиёти ўтиш жараёнидаги ва айрим ривожланаётган мамлакатларда бу кўрсатгич нисбатан юқорилигича қолмоқда.
Мамлакатлар иқтисодиётининг ривожланиш тарихи шуни кўрсатмоқдаки, энг ривожланган мамлакатларда ҳам нақд пул муомаласи ҳали ўзининг муқим ўрнини эгаллаб турибди. Шунинг учун ҳам нақд пул муомаласини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар ҳали бирорта мамлакатнинг кун тартибидан олиб ташлангани йўқ.
Шу ўринда, ҳақли савол туғилади. Нима учун, энг ривожланган мамлакатлар иқтисодиётида ҳам нақд пул муомаласи ҳануз сақланиб қолмоқда? Қандай омиллар борки, уларнинг таъсири остида нақд пуллар ўрнини энг замоновий техник воситалар ҳам боса олмаяпди.
Нақд пул муомаласини сақланиб қолишига аввало, аҳоли ўртасида кичик ҳажмдаги чакана ва уюшмаган савдо ҳамда нақд пулли хизматларнинг мавжудлиги сабаб бўлмоқда. Бундай савдо ва хизматлар учун тўловларни техник воситалар қўллаш йўли билан амалга ошириш мумкин эмас. Ҳар қандай кичик савдо шаҳобчасига, барча транспорт воситаларига ёки аҳолига маданий – маиший хизмат кўрсатувчи ҳамма кичик корхоналар (фирмалар)га ҳам қимматбаҳо қурилмалар бўлмиш банкомат ва терминаллар ўрнатиш иқтисодий жиҳатдан самара беравермайди. Қолаверса, бугунги кунда энг ривожланган мамлакатлар иқтисодиётида ҳам якка тартибда тадбиркорлик фаолияти сақланиб қолмоқдаки, ушбу фаолиятни амалга ошириш албатта, нақд пуллардан фойдаланишни тақозо этмоқда. Бизнинг Республикамизда эса ушбу омилнинг таъсири жуда кучли. Чунки, аҳолининг томорқа хужаликларида етиштирилган маҳсулотларни деҳқон бозорларида сотиш мутлоқо нақд пул ёрдамида амалга оширилади.
Нақд пул муомаласини сақланиб қолишига нафақат айрим товарлар ва хизматларни нақд пулсиз тўлаб бериш имконияти мавжуд эмаслиги, балки нақд пулларнинг юқори ликвидлик қобилиятига эга эканлиги ҳам катта таъсир этади. Иқтисодиётдаги барча активларларнинг сифат даражаси уларнинг қанча даромад келтириш қобилияти билан бир қаторда ликвидлик, яъни қўшимча харажатларсиз пулга айланиш қобилияти билан ҳам баҳоланади. Нақд пуллар мутлоқ ликвидли активлар ҳисобланади. Банк ҳисобварақларидаги нақдсиз пул маблағлари ҳам ликвидлик даражаси бўйича нақд пулларга қараганда паст ликвидли активлар ҳисобланади. Нақд пул банкнотлари ва тангалар муомалага ягона эмиссия банки – Марказий банк (Миллий банк, Федерал захиралар тизими) томонидан чиқарилади ва улар юқори ликвидли активлар (олтин, хорижий давлатлар валютаси ва бошқа юқори ликвидли мажбуриятлар) билан таъминланган. Шунинг учун барча активларнинг, жумладан пластик карточкалар, банк омонатлари ёки бошқа депозитларидаги маблағларнинг ҳам ликвидлилик даражаси нақд пулга айланиш қобиляти билан ўлчанади.
Шунингдек, нақд пуллар ишончли ва осон тўлов воситасидир. Бугунги кунда эришилган энг қулай ва мукаммал техник воситалар ҳам ҳар қандай пулли ҳисоб – китобларни нақд пулчалик тез ва осон бажаришга қодир эмас. Товарлар ва хизматлар учун тўловлар нақд пуллар билан амалга оширилганда, сотувчида ҳам олувчида ҳам ўз хатти ҳаракатларидан ҳеч қандай шубҳага ўрин қолмайди.
Бундан ташқари, нақд пулларнинг яшовчанлик қобилияти, унинг одамлар руҳиятига сингиб кетган мўжизакор кучининг таъсири билан ўлчанади. Кишилар онгида нақд пуллар ҳали ҳам ўзларининг тарихий аждодлари бўлмиш ҳақиқий олтин пулларнинг вакиллари бўлиб қолмоқда. Азал – азалдан нақд пуллар кишини жамиятдаги ижтимоий ҳақ – ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳнома вазифасини ўтаб келмоқда. Шу сабабли, ҳар бир шахс чўнтагида омонат дафтарчаси, пластик карточка ёки унинг ўрнини босувчи бирор ҳужжат олиб юргандан кўра нақд пулларнинг ўзини олиб юришни афзал кўради.
Одамлар иқтисодий ҳаёт жараёнларини бегоналарнинг аралашувисиз (анонимность) бошқаришни ҳуш кўрадилар, зеро нақд пулли ҳисоб – китоблар ҳар бир шахснинг ўзига хос махфий ҳаттиҳаракати ҳисобланади. Нақд пулсиз ҳисоб – китоблар эса бундай талабни бажаришга қодир эмас, чунки унда албатта учинчи шахс бўлган банклар иштироки муқаррардир.
Бундан ташқари, аҳолининг нақд пул билан ҳисоб – китоблар қилишга мойиллиги банк тизимига бўлган ишонч ва банклар томонидан зарур тўловларни қанчалик даражада амалга ошириш қобилияти билан ҳам ўлчанади. Агар, аҳолининг банк тизимига бўлган ишончи мустаҳкам бўлса, улар қўлларидаги вақтинча бўш пул маблағларини банк омонотларига топширадилар ҳамда банклар томонидан нақд пуллар ўрнига осон ва тез амалга ошириш мумкин бўлган нақд пулсиз ҳисоб – китобларнинг турли шакллари таклиф қилиб борилса, нақд пул муомаласи шунчалик қисқариб бораверади. Қолаверса, аҳоли банк томонидан уларнинг омонатларга фоизлар тўлашдан оладиган даромадлардан манфаатдордирлар.
Шу билан бирга, яна шундай омилни қайд этиб ўтиш зарурки, нақд пул муомаласининг мавжудлиги ҳар бир миллатнинг дунёқараши ва ҳаёт тарзига ҳам боғлиқдир. Маълумки, ўзбек халқининг кўпдан кўп удум ва маросимлари бевосита нақд пуллар ёрдамида амалга оширилаётганлиги ҳам мамлакатимизда нақд пул муомаласи салмоғини оширади.
Нақд пул муомаласининг зарурий қўлланишига аҳолининг демографик жойлашиши ҳам ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Ушбу омилнинг таъсири, айниқса бизнинг Республикамизда сезиларли даражада сақланиб турибди. Республика аҳолисининг аксарият қисми қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилаётганлиги ушбу омил таъсирини кучайтирмоқда.
Нақд пулларнинг иқтисодий жиҳатдан зарурий мавжудлиги унинг ҳуқуқий асосларини ҳам сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Барча мамлакатларнинг қонунчилик ҳужжатларида нақд пуллар асосий тўлов воситаси ва миллий пул тизимининг асоси деб қайд қилинган. Демак, нақд пуллар қонунчилик асосида давлат томонидан ҳимояланган. Қолаверса, қонунчилик ҳужжатларида ҳам нақд пулларнинг нақдсиз пул маблағларига нисбатан устувор хусусияти сақланиб қолганини сезиш қийин эмас.
Деярли барча мамлакатларда нақд пул банкнотлари ва тангалар муомалага ягона эмиссия банки – Марказий банк (Миллий банк, Федерал захиралар тизими) томонидан чиқарилади ва нақд пуллар Марказий банкнинг сўзсиз бажариши шарт бўлган мажбурияти ҳисобланади.
Пластик карточкалар, банк омонатлари ёки бошқа депозитларидаги маблағлар эса тижорат банкларининг мажбуриятлари ҳисобланади ва уларнинг бажарилиш даражаси ўша тижорат банкининг молиявий ҳолати билан баҳоланади. Бозор иқтисодиётидаги мавжуд кучли рақобат ҳар қандай тижорат банкининг фаолиятини хавф – хатардан ҳоли қолдирмайди. Тўғри, ҳар бир мамлакатда банк мажбуриятлари маълум жиҳатдан давлат томонидан кафолатланади, жумладан бизнинг Республикада ҳам “Фуқораларнинг банклардаги омонатларини кафолатлари тўғрисида” қонун қабул қилинган, лекин ҳар қандай шароитда ҳам улар нақд пуллар эга бўлган бехатарликни тўлиқ кафолатлай олмайди.
Нақд пул муомаласи ўз ўрнида салбий хусусиятларга ҳам эгадир. Чунончи, нақд пул муомаласини ташкил қилиш ва бошқариш, яъни нақд пулларни муомалага чиқариш, сақлаш, ташиш ҳамда уларни муомалага тайёрлаш билан боғлиқ катта ҳаражатларни талаб қилади. Муомалага яроқсиз ҳолга келган нақд пул билетларини йўқ қилиш ҳам махсус тадбирлар орқали катта ҳаражатлар эвазига амалга оширилади.
Нақд пуллар ўрнига тижорат банклари томонидан муомалага чиқарилаётган пластик карточкалар ҳам ўз ўрнида катта ҳаражатлар ва тадбирларни амалга оширишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, пластик карточкалар албатта нақд пулга алмашиш қобилиятини сақлаб қолмоғи зарур, акс ҳолда уларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиб бўлмайди. Бунинг учун эса аҳоли учун қулай жойларда қимматбаҳо қурилмалар – банкомат ва терминаллар қўйишга тўғри келмоқда. Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, аҳолининг нақд пулга бўлган эҳтиёжини хоҳлаган вақтда қондириш учун банкоматларга бир вақтда катта миқдордаги нақд пулларни қўйишга тўғри келмоқда. Бу эса, ўз ўрнида катта миқдордаги нақд пулларга бўлган талабни вужудга келтирмоқда.
Бундан ташқари, нақд пуллардан белгиланган тартибда фойдаланмаслик хуфёна иқтисодиётни ривожланишига йўл очиб беради ҳамда айрим юридик ва жисмоний шахсларга ноқонуний фаолият юритиб меҳнатсиз даромад орттириш учун хизмат қилади.
Нақд пуллар учинчи субъект аралашувисиз ҳаракатда бўлганлиги учун айнан унинг ёрдамида терроризм, гиёҳвандлик моддалари билан бизнес қилиш каби ўта хавфли жиноятлар амалга оширилади. Шунинг учун дунёнинг кўпгина мамлакатларида пул муомаласи терроризмни молиялаштириш ва гиёҳвандлик моддалари билан бизнес қилишнинг олдини олиш мақсадида қонунлар қабул қилинган. Жумладан, бизнинг Республикамизда ҳам 2006 йилнинг 1 январидан бошлаб “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Бундан ташқари, нақд пул муомаласи бизнинг ёдимиздан кўтарилган “пул фетишизми” (пулга сиғиниш)ни томир отишига замин яратади. Айниқса, ҳамма нарса пулга олиб – сотилиши мумкин бўлган бозор иқтисодиёти шароитида ёшлар онгини осон пул топишга ружу қўйиш каби иллатлар билан заҳарлайди.
Нақд пулларнинг ижобий ва салбий хусусиятлари бўлишидан қатъий назар, улар бугунги кунда юқорида қайд этилган объектив омиллар таъсирида дунёнинг барча мамлакатларида амал қилиб турибди.
Do'stlaringiz bilan baham: |