4.2. Нақд пуллар айланмаси ва унинг таркибий қисми
Нақд пуллар айланмаси юқорида қайд этилганидек, иқтисодий субъектлар ўртасида юз берадиган пул муомаласи ва уни ташкил қилиш билан боғлиқ нақд пуллар ҳаракатини ўз ичига олади. Шундан келиб чиқиб, уни икки қисмга – пул муомаласини ташкил қилиш ва пул муомаласидаги ҳаракатларга бўлиш мумкин.
Бунда шуни ёдда тутиш керакки, пул айланмасининг бу икки қисми бир – биридан ажралган ҳолда алоҳида мустақил пул айланиши бўлмасдан, балки ўзаро боғлиқ бўлган бир бутун жараёндир. Аслида пул иқтисодий муносабатларни амалга ошириш учун зарур. Лекин, пул мазкур иқтисодий муносабатларни амалга оширар экан, у айни пайтда мустақил иқтисодий категория сифатида ҳаракатда бўлади, ўзининг вазифасини тўлақонли ва бекамукўст адо этиш учун қўшимча ҳаракатлар қилишга мажбур бўлади. Бу ерда гап, пул муомаласини ташкил қилиш билан боғлиқ бўлган пулнинг ҳаракати устида кетмоқда.
Пул муомаласини ташкил қилиш жараёни нақд пул (банкнот ва тангалар) ларни ишлаб чиқиш, уларни муомалага тайёрлаш, сақлаш ва иқтисодий субъектларга етказиб бериш, муомаладан ортиқча ва яроқсиз пулларни олиш каби жараёнларни ўз ичига олади. Ушбу жараён нақд пулларни пул ишлаб чиқариш фабрикасидан Марказий банк муассасаларига келтириш, улардан тижорат банкларига етказиб бериш ва ниҳоят тижорат банк филиаллари томонидан мижозларни нақд пулга бўлган талабини қондиришдан иборат.
Нақд пуллар айланмасининг таркибий қисмларини қуйидаги чизмада ифодалаш мумкин.
Албатта, пул муомаласини ташкил қилиш Марказий банк томонидан амалга оширилади, лекин нақд пуллар оқимининг асосий қисми тижорат банкларининг кассалари орқали ҳаракат қилади. Натижада, тижорат банклари ҳам нақд пул муомаласини бошқаришда билвосита иштирок этадилар.
Демак, пул муомаласини ташкил қилиш билан боғлиқ бўлган пулнинг ҳаракати иккита пул оқимларидан иборат, булар:
Марказий банк томонидан тижорат банкларига нақд пулларни етказиб бериш ва тижорат банкларидан ортиқча ва муомалага яроқсиз нақд пулларни қабул қилиш билан боғлиқ пул оқими;
тижорат банклари томонидан мижозларни нақд пулга бўлган талабини қондириш учун нақд пул бериш ва нақд пул тушумига эга бўлган корхона ва ташкилотларнинг нақд пул тушумларини қабул қилиш (инкассация) билан боғлиқ пул оқими.
Нақд пул муомасидаги пул ҳаракати учта пул оқимини ўз ичига олади, яъни:
корхона ва ташкилотлар ўртасидаги;
корхона ва ташкилотлар билан аҳоли ўртасидаги;
алоҳида шахслар ўртасидаги иқтисодий муносабатларни амалга ошириш жараёнлари билан боғлиқ нақд пул оқими.
Корхона ва ташкилотлар ўртасидаги нақд пул иштирокида амалга ошириладиган тўловлар ҳажми ўта чегараланган бўлишига қарамасдан, улар ўртасида айрим тўловлар ҳанузгача нақд пулда амалга оширилиб келинмоқда.
Нақд пул муомаласининг асосий қисми корхона ва ташкилотлар билан аҳоли ўртасидаги пул муносабатлари билан боғлиқ нақд пуллар оқимидан иборат. Унга, корхона ва ташкилотлар томонидан ишчи ва хизматчиларга нақд пулда меҳнат ҳақи, стипендия, пенсия ва бошқа ижтимоий нафақалар бериш, улар ўртасидаги ўзаро товарлар ва қимматли қоғозлар олди – сотдиси, кўрсатилган турли маданий ва маиший хизматлар, суғурта, транспорт, коммунал тўловлари, нақд пулда кредитлар олиш ва қайтариш (шу жумладан банклардан ҳам), омонатларга пул қўйиш ва олиш, лотерея билетлари ҳарид қилиш, жарима ва устамалар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни амалга оширишдаги нақд пуллар ҳаракати киради. Шунингдек, нақд пул муомаласи давлат бюджетининг нақд пулда шаклланадиган ва тақсимланадиган қисмини ҳам ўзида мужасамлаштиради. Ушбу жараён, бир томондан аҳоли ва якка тадбиркорларнинг бюджет олдидаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошириш жараёнларида, иккинчи томондан эса давлат бюджети томонидан аҳолига нақд пулда пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни амалга ошириш жараёнларида ўз аксини топади. Айнан, мана шу пул оқими аҳолининг асосий нақд пулдаги даромад ва ҳаражатларини ўзида мужассамлаштиради.
Пул муомаласининг учинчи оқими алоҳида шахслар ўртасида товарлар айрибошлаш, пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасида шаклланади. Бунда Республикамиздаги мавжуд деҳқон ва бошқа ташкил этилмаган бозорлардаги нақд пул билан боғлиқ тўловлар ҳали ҳам салмоқли ўрин тутиб келмоқда.
Юқоридаги функцияларини бажариш мобайнида нақд пуллар мураккаб йўлни босиб ўтадилар. Яъни, муомалага зарур пул маблағлари Марказий банк томонидан тижорат банкларига, улар томонидан эса ўз ўрнида хўжалик субъектлари ва аҳолига чиқарилади. Хўжалик субъектлари ва аҳоли қўлидаги пул маблағлари савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари орқали яна тижорат банкларига қайтиб келади. Тижорат банклари ва уларнинг филиаллари яна ўзлари хизмат кўрсатаётган корхона ва ташкилотларга ҳамда аҳолига қонунчиликда белгиланган тўловларни амалга ошириш учун нақд пуллар беришади. Шундай қилиб, нақд пуллар тижорат банкларидан чиқиб яна тижорат банкларига қайтади ва доимий айланишда бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |