ПУЛ-КРЕДИТ СИЁСАТИ
Ушбу бобда ўрганиладиган мавзуларнинг қисқача таснифи қуйидагилардан иборат:
Пул-кредит сиёсатининг мазмуни ва моҳияти, асосий тушунчалар ва назарий асослари;
Монетар сиёсатнинг асосий вазифалари, бошқарув инструментлари ҳамда асосий мақсадлари таҳлили;
Марказий банк фаолияти, марказий банк сиёсий ислоҳотлари инструментлари ҳамда унинг бош мақсадлари;
Инфляцияни жиловлаш ва назорат қилиш бўйича монетар сиёсат тадбирларининг амалга оширилиши;
Пул массасини назорат қилиш, самарали пул таклифи назарияси, нақд пуллар ва пул агрегатларини бошқариш;
Инқирозга қарши чоралар, асосий ставкани белгилаш амалиёти, асосий ставкаснинг иқтисодий ўсишга таъсирлари.
1. Пул-кредит сиёсатнинг асосий мазмун ва моҳияти.
Пул-кредит сиёсати (халқаро терминологияда - монетар сиёсат) сиёсий иқтисоднинг муҳим бошқарув услуби ҳисобланиб, иқтисодий бошқарувнинг бюджет сиёсати сингари талабга асосланган қисмига тегишли йўналиши ҳисобланади. Мамлакатдаги умумий иқтисодий барқарорликни таъминлашда монетар сиёсат муҳим аҳамиятга эга бўлиб, таъсир кўрсатиш жиҳатидан ҳамда иқтисодий тикланиш, инқирозга қарши курашиш мақсадларида энг самарали бошқарув услубини ташкил этади. Пул-кредит сиёсатининг бюджет (фискал) сиёсатдан ажратиб турувчи муҳим иккита фарқини ажратиш мумкин. Биринчидан, пул-кредит сиёсати одатда мустақил ташкилот - марказий банк томонидан амалга оширилади, бунда марказий банк аниқ ва махсус ваколатга эга ҳисобланади. Бунда монетар сиёсатнинг асосий мақсадлари нархларнинг барқарорлигини сақлаш, инфлацияни жиловлаш ҳамда инқирозларга қарши курашиш масалалари ҳисобланади. Иккинчидан, пул-кредит сиёсати ялпи талабга фақат билвосита таъсир қилади, фискал идоралар эса товар ва хизматларни сотиб олишлари ва ундан фойдаланишлари билан характерланади. Уй хўжаликлари ва компаниялар истеъмол, инвестиция ва жамғарма қарорларини молиявий воситачилар (банклар, фондлар, пенсия жамғармалари ва бошқалар) томонидан тақдим этилаётган маҳсулотларнинг ҳозирги ва келажакдаги фоиз ставкаларига қараб қабул қиладилар. Марказий банк бу жараёнга билвосита молиялаштириш шароитларига таъсир кўрсатиши билан қарорлар ишлаб чиқади. Марказий банк тўғридан-тўғри уй
хўжаликлари ва молиявий муассаса хисобланмайдиган ташкилотларга қарз бермайди ва уларнинг жамғармаларини йиғиш ёки сақлаш билан шуғулланмайди. Монетар сиёсатнинг аҳамияти шундаки, у бутун иқтисодий тизимларни тартибга солишга хизмат қилади. Марказий банк юритадиган ислоҳотларнинг таъсири иқтисодий жараёнларга энг тез таъсир кўрсатадиган ислоҳотлар ҳисобланади. Масалан, асосий фоиз ставкасининг ўзгариши бевосита тижорат банклари фаолиятига ва хусусий тадбиркорлак, компанияларнинг фаолиятига сезиларли таъсир ўтказади. Мамлакатда агар молиявий тизим самарадорлиги пасаядиган бўлса, пул-кредит сиёсати етарли натижа бермаслиги мумкин. 2008 йилги молиявий инқироз пайтида бунинг яққол мисолини кўриш имкони пайдо бўлган эди.
Хусусий сектордаги ипотека билан боғлиқ молиявий инқироз ҳолати бутун иқтисодий тизимни молиявий шок ҳолатига туширган эди. Демак, пул-кредит сиёсатини молиявий барқарорликдан ажратиб бўлмайди ва молиявий инқирозлар олдини олиш, назорат қилиш марказий банклар учун жуда маъсулиятли ҳамда мураккаб ҳисобланган вазифа ҳисобланади.
Марказий банкнинг асосий вазифаси иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инқирозлар даврида молиявий мувозанатни сақлашдан иборат. Унинг амалиётдаги фаолияти асосан иккита инструментдан фойдаланиш орқали амалга ошади:
Do'stlaringiz bilan baham: |