5-модда. Прокуратура органларини ташкил этиш ва улар фаолиятининг асосий принциплари
Прокуратура органлари фаолиятини ташкил этиш ва улар фаолиятининг асосий принциплари бирлик, марказлашганлик, қонунийлик, мустақиллик ва ошкораликдир.
Прокуратура органлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қиладиган ягона марказлашган тизимни ташкил этади ҳамда қуйи турувчи прокурорлар юқори турувчи прокурорларга ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига бўйсуниши ҳамда ҳисобдорлиги асосида фаолият кўрсатади.
Юқори турувчи прокурор қуйи турувчи прокурорга кўрсатмалар беришга ёхуд унинг ҳар қандай, шу жумладан процессуал қарорини ўзгартириш ёки бекор қилишга ҳақлидир, шунингдек у ўз бўйсунувидаги барча прокурорларнинг ишлари тўғри ташкил этилиши учун тўлиқ жавобгардир.
Прокуратура органларининг ходимлари ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда бошқа қонунларнинг талабларига аниқ риоя этишлари ва уларни бажаришлари шарт. Қонунларни аниқ бажариш ва уларга риоя этишдан ҳар қандай чекиниш, қандай асосларга кўра қилинишидан қатъи назар, қонунийликни бузиш деб ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Прокуратура органлари ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ҳамда мансабдор шахслардан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширадилар. Прокуратура органларининг фаолиятига аралашиш тақиқланади.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 120-моддаси биринчи қисми; Жиноят Процессуал кодексининг 33-моддаси учинчи қисмига қаранг.
Прокурорнинг ғайриқонуний қарор қабул қилишига эришиш мақсадида унга қандай шаклда бўлмасин бирон-бир таъсир кўрсатиш ёки фаолиятини амалга оширишига тўсқинлик қилиш, унинг дахлсизлигига тажовуз қилиш, шунингдек прокурор ёки терговчининг рухсатисиз текширишлар ва дастлабки тергов маълумотларини ошкор этиш, прокурорнинг талабларини бажармаслик белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 197-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 236 ва 239-моддаларига қаранг.
Прокуратура органларининг ходимлари ўз ваколатлари даврида сиёсий партияларга аъзоликни тўхтатиб турадилар.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 120-моддаси биринчи қисмига қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар прокурорлари:
ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари Кенгашларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади;
зарур бўлган ҳолларда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қонунийликнинг ва жиноятчиликка қарши курашнинг ҳолати тўғрисида хабардор қилади.
(5-модданинг саккизинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Прокуратура органлари қонунларнинг ижро этилишини назорат қилишга ва жиноятчиликка қарши курашга доир фаолияти тўғрисида жамоатчиликни мунтазам хабардор қилиш, ўзининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдаланишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминлаш йўли билан ўз фаолиятини ошкора амалга оширади.
(5-модда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сонли Қонунига асосан тўққизинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 37-сон, 978-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |