II БЎЛИМ. ПРОКУРАТУРА ОРГАНЛАРИ
10-модда. Прокуратура органларининг тизими
Прокуратура органларининг тизими қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратуралари;
туманлар ва шаҳарлар прокуратуралари;
вилоят прокуратураларига тенглаштирилган Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси;
Олдинги таҳрирга қаранг.
туман прокуратураларига тенглаштирилган, ҳудудий ҳарбий, транспорт ва ихтисослаштирилган прокуратуралар.
(10-модданинг биринчи қисми еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 13 июндаги ЎРҚ-436-сон Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 24-сон, 487-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Мажбурий ижро бюроси, шунингдек уларнинг жойлардаги бўлинмалари фаолият кўрсатади.
(10-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 12 ноябрдаги ЎРҚ-583-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.11.2019 й., 03/19/583/4016-сон)
11-модда. Прокурорларнинг ваколат муддати
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, шунингдек вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар прокурорларининг ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорларнинг ваколат муддати беш йил.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 119-моддаси учинчи қисмига қаранг.
12-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган биринчи ўринбосарига, ўринбосарларига эга бўлади.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80-моддаси 6-бандига шунингдек Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги қонунининг 9-моддаси биринчи қисми 6-бандига қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорини лавозимига тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланади.
(12-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-285-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2011 й., 16-сон, 160-модда)
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида бош бошқармалар, бошқармалар ва бўлимлар ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг катта ёрдамчилари ва ёрдамчилари, бош бошқармалар, бошқармалар, бўлимларнинг бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари, катта прокурорлар, прокурорлар, алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчилар ва алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчилар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |