Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йил
28 январь куни Мактаб таълимини ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши.
Йиғилишда соҳани комплекс ривожлантириш ва ислоҳ қилишга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилади.
Таълим-тарбия – бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ.
Қанчалик мураккаб бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз.
Агар кимда-ким мактаб бу фақат Халқ таълими вазирлигининг иши, деб ўйласа, мутлақо янглишади.
Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар вазирлик ва идоралар, тармоқ раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши шарт ва зарур. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин, деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида Беш йиллик янги Тараққиёт стратегиямизни эълон қилдик.
Олдимизга ялпи ички маҳсулот ва экспортни карра-карра ошириш, саноатни ва ахборот технологияларини кескин ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш бўйича улкан марраларни олдик.
Бу вазифаларни ким уддалайди? Албатта, мактабда замонавий билимларни эгаллаган, рақобатбардош ёшлар.
Умуман, республика бўйича 10 минг 130 та мактабни ислоҳ қилиш 6 миллиондан зиёд ўқувчи, 500 мингдан ортиқ муаллим, жамиятимизнинг барча қатламлари, ҳар бир оиланинг келажаги билан чамбарчас боғлиқ.
Шу боис, бизга сифатли таълим тизими, замон талабларига жавоб берадиган ва барча шарт-шароитларга эга мактаблар, уларда малакали педагог-кадрлар, бошқарувчилик ва лидерлик қобилиятига эга мактаб директорлари керак.
Тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш ҳам, “Инсон қадри учун – 100 та мақсад” нинг 5 та мақсади ҳамда ундаги 18 та вазифалар ҳам бевосита мактаб таълими билан боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари мактаб таълими тизимидаги камчилик ва муаммоларни санаб ўтди.
Бугунги кунда республика бўйича 1 минг 695 та мактаб мукаммал таъмирга муҳтожлиги, ҳанузгача 179 та пахсадан қурилган мактаб мавжудлиги, 3 мингдан зиёд мактаб учун қўшимча ўқув бинолари зарурлиги танқид қилинди. Бундан ташқари:
- янги массивлар барпо этилиши, қишлоқ инфратузилмаси кенгайиши ва аҳоли ўсиши натижасида яна 270 та мактаб қуришга эҳтиёж бор;
- ҳозирда 2,3 мингта мактабнинг спорт зали мавжуд эмас;
- таълим сифати паст бўлган 84 та мактабнинг бирорта ўқувчиси ўтган йили олийгоҳга кирмаган;
- мактаб кутубхоналаридаги китоб фонди йиллар давомида янгиланмаган;
- миллий мусиқа анжомлари атиги 615 та мактабда мавжуд.
Президент мактаблардаги таълим сифати ва мазмунига ҳам кескин баҳо берди.
Хусусан, фойдаланиб келинаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақатгина назарий билим беришга йўналтирилган бўлиб, уларни мантиқий фикрлашга, амалий кўникмаларни шакллантириш, бир сўз билан айтганда, уларни ҳаётга тайёрлашга ўргатмаётгани қайд этилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |