Шу билан бирга, бугунги кунда 504 минг педагогдан 12 фоизи ўрта махсус маълумотли, 38 фоизида эса умуман малака тоифаси йўқ.
Бу педагогларнинг дарс ўтиш маҳорати етарли эмас. Улар ўқувчиларга фақатгина ўзи “чала билган” нарсаларни ўргата олади, холос. Сабаби, ўқитувчиларнинг ўзининг устида мустақил ишлаш ва рағбатлантиришнинг самарали тизими яратилмаган. Ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, “кўпроқ соат олиш”га интилади, деди Президент.
Мактабларда ҳанузгача 200 дан ортиқ ҳисобот мавжуд, ўқитиш, тадбирлар ўтказиш каби барча жараёнлар “ҳаддан ташқари қолипга солинган”.
Юқори малакали, ўз устида доимий ишлайдиган муаллимлар фаолиятини янги ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш тизими яратилади. Уларнинг иш ҳақи ҳам сезиларли даражада оширилади.
Бундай фидойи, ўзининг ўқитиш услубига, маҳорат мактабига, халқ орасида обрў-эътиборга эга ўқитувчилар ҳар бир туманда бор.
Улар ичида Учтепа тумани 81-мактаб математика ўқитувчиси Рахматилла Каримов, Каттақўрғон шаҳри 11-мактаб физика ўқитувчиси Сайёра Имомова, Хатирчи тумани
22-мактаб биология ўқитувчиси Шохида Йўлдошева каби “халқ ўқитувчилари”ни барчамиз яхши биламиз, деди Президент ва ушбу педагогларнинг бой тажрибасидан самарали фойдаланиб, ўқитиш методикасини кенг оммалаштириш зарурлигини кўрсатиб ўтди.
Бундай педагогларни фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш учун Халқ таълими вазирининг жамғармаси ташкил этилади ва унга дастлаб бюджетдан 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.
Президент мактаб таълими ислоҳотининг асосий йўналишларини белгилаб берди.
Энг аввало, келгуси беш йилда 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилиши лозим. Ушбу мақсадлар учун жорий йилнинг ўзида 527 та мактабни қуриш ва реконструкция қилишга 2,5 триллион сўм ажратилди. Бу маблағ янада кўпайтирилади.
Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Янги қурилаётган ва таъмирланаётган мактаблар ҳам ўқувчилар, ҳам педагоглар учун қулай ва мослашувчан бўлиши керак. Янги қурилаётган мактабларда қуёш панели ва иссиқ сув коллектори албатта бўлиши шарт.
Бу ишлар билан энди жойларда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари шуғулланади. Бугундан бошлаб Халқ таълим вазирлигининг қурилишга буюртмачи бўлиш ваколати тугатилади.
Мутасаддилар ва вилоят ҳокимларига бир ой муддатда янги талаблардан келиб чиқиб, “намунавий мактаб” лойиҳаларини тақдимот қилиш топширилди.
“Энди янги мактаблар маҳалла фаоллари, ота-оналар ва жамоатчилик назорати остида қурилади ва фойдаланишга қабул қилинади”, деди давлатимиз раҳбари.
Ўқувчилар билимини баҳолаш ҳам дарсликлардаги вазифаларни бажариш, у ёки бу формулани ёд олиш даражаси билан чегараланмаслиги керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |