Матннинг ва умуман турли кўринишдаги нутқий тузилмаларнинг мазмунини белгиловчи ҳодисалардан яна бири пресуппозициядир. Пресуппозиция махсус адабиётларда инференциянинг хусусий кўринишларидан бири сифатида қаралади ва бунда ифодаланётган фикр – ҳукмнинг ҳақиқий ёки ўринли эканлиги эътиборга олинади. Бунинг учун эса мулоқот иштирокчилари воқелик, кечаётган ёки хабар қилинаётган ҳодиса ҳақида бирор бир умумий маълумотга эга бўлишлари керак. Р.Столнейкер таъбирича, «пресуппозиция талаб қилинаётган лисоний фаолият ижросидан олдин имплицит назарда тутилган пропозициядир» (Stalnaker 1972: 387-388; Столнейкер 1985). Пресуппозициянинг яширин ҳукм, тагмаъно билан боғлиқ эканлигини бундан юз йиллар олдин олмон мантиқшуноси Х.Фреге айтган эди. Ҳақиқатдан ҳам «Кумушнинг акаси учта от сотиб олди» калимасини айтиш учун сўзловчи «Кумуш» исмли қизнинг акаси борлигини билиши керак. Бундан ташқари, сўзловчи Кумушнинг фақат биргина акаси борлигини ва у от сотиб олишга етарли маблағга эга эканлигини ҳам билиши мумкин. Бу маълумотларни берувчи пресуппозициялар соҳиби сўзловчидир. Гап эса Кумушнинг акаси ниманидир сотиб олганлиги, учта ҳайвон сотиб олинганлиги, харид қилинган ҳайвон от ва бу отлар иккита эмас, балки учта эканлиги ҳақидаги маълумотларни олиш имконини беради. Бу турдаги маълумотлар асосида хулосавий ҳукм (intailment) чиқарилади. Пресуппозицияга оид ҳукмлар эса гап мантиқий мундарижаси билан боғлиқ эмас, деган фикр ҳам йўқ эмас (Yule 1996: 25). Г.Юлнинг ўзи ҳам пресуппозициянинг гап таркибидаги маълум луғавий бирликлар ва синтактик тузилмалар билан боғлиқ эканлигига таянган ҳолда лексик ва структуравий пресуппозицияларни фарқлашни таклиф қилади (Yule 1996: 28). Бинобарин, (а) «У чекишни ташлади», (б) «У шикоят қила бошлади», (в) «У яна кечикди» гапларининг пресуппозициялари (а) «У чекар эди», (б) «Илгари у шикоят қилмас эди», (в) «У олдин ҳам кечиккан эди» тарзида эканлигини биз фақатгина «ташламоқ», «бошламоқ», «яна» луғавий бирликлари қўлланишига таяниб аниқлаймиз. Структавий пресуппозиция (structural presupposition) эса масалан, қуйидаги сўроқ гапларда намоён бўлади: (г) «У қачон кетди?» = «У кетган»; (д) «Велосипедни қаердан сотиб олдинг?»= «Сен велосипед сотиб олгансан». Ушбу ҳукмларнинг шаклланиши сўроқ олмошли структура қўлланиши билан боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |