Саволлар :
Полиз экинларини бир майдонга неча йил узлуксиз экиш мумкин?
Шўрланган ерларда ерни экишга тайёрлаш хусусиятлари.
Азотли минерал ўғитларнинг миқдори полиз мевалари сифатига қандай таъсир кўрсатади?
Полиз экинларининг неча йиллик уруғлари яхши ҳосил беради?
Уруғларни экишда қайси машина ва механизмлардан фойдаланилади?
Полиз экинларининг эртапишар ва кечпишар навларида озиқланиш майдони ва экиш схемалари қандай ўзгаради?
Полиз майдонларида ўсув даврида неча марта чопиқ ва култивация ўтказилади?
Полиз экинларининг турли ўсув даврларида суғориш оралиғи (кун) қанча бўлади?
Полиз экинларида касаллик ва заракунандаларга қарши қандай профилактик чоралар қўлланилади?
5-МАВЗУ: ЛАЛМИКОР ПОЛИЗЧИЛИК ХУСУСИЯТЛАРИ.
Режа:
Лалмикор полизчилик минтақалари ва уни ривожлантириш истиқболлри.
Лалмикор ерларда етиштириладиган қовун ва тарвуз навлари.
Лалми ерда ўсадиган полиз ўсимликларининг биологияси.
Полиз экинларини лалмикор ерларда етиштириш технологияси.
Адабиётлар: 1 ; 2; 3; 10.
1. Полиз экинлари қурғоқчиликка чидамли ҳисобланади, уларни иссиқ иқлимли тоғолди туманларида суғормасдан етиштириш мумкин. Лалмикор полизчилик денгиз сатҳидан 1200-1500 м юқоридаги тоғолди текисликларида ва зинапояларида жойлашиб, бу ерларда йиллик ўртача ёғин миқдори 400-500 мм ни ташкил этади. Шунингдек, денгиз сатҳидан 500-700 м баландликда йиллик ёғин миқдори 250-300 мм бўладиган текисликларда ҳам суғормасдан полиз экинларини етиштириш мумкин.
Лалмикор полизчиликни ривожлантириш жуда муҳим, чунки бу ерда етиштириладиган мевалар таъми суғориб етиштирилган меваларга нисбатан ширинроқ бўлади, тоғолди раёнларда полиз экинлари етиштириш бирмунча арзонроқ, шунингдек, лалмикор полизчиликда ўсимликлар касалликларга унчалик чалинмайди. Лалмикор полизчилик Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида кенг тарқалган бўлиб, умумий майдон 7,5-8 минг гектарни ташкил этади.
Мамлакатимизда лалми ер майдонларини 30-40 минг гектарга, олинадиган полиз маҳсулотининг ялпи ҳосилини 150 минг тоннагача етказиш имкониятлари мавжуд. Бу имкониятлардан тўла фойдаланиш аҳолининг полиз маҳсулотларига бўлган талабини қондиришда муҳим омил ҳисобланади.
2. Полиз экинлари навлари лалмикор полизчиликка ҳар хил мослашиб, турлича натижа беради. Тарвуз ўсимлигининг илдизи тупроқда чуқур жойлашгани сабабли, бу экиннинг ламикорликка мослашишини таъминлайди. Қовун тарвуздан кўра камроқ лалми ерларга экилади. Қовоқнинг илдиз системаси тупроқ юзасига яқин жойлашган, ўсимликдан кўп намлик буғланиб кетади, шунинг учун қовоқ турлари лалми ерларга экишга яроқли эмас.
Лалмикор ерлардаги тупроқ-иқлим шароитлари бирмунча кескин бўлганлиги сабабли, бу ерда ўстириладиган навлар иссиққа ва қурғоқчиликка чидамли, илдизлари яхши ривожланадиган бўлиши керак. Бундай хусусиятларга эга бўлган бир қанча навлар халқ селексиячилари ва олимлар томонидан яратилган ва раёнлаштирилган. Шулардан: Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг юқори текисликларида ва пастки тоғолди зоналарида етиштириш учун қовуннинг Юбилейная, Арбакешка 1219, Пўрсилдоқ, Ичи қизил; кечпишарларидан: Гулоби богарная; тоғолди зоналарининг юқори поғоналарида- юқорида номи келтирилган навлар ва шулар билан бирга Зарғалдоқ-гулоби нави экишга тавсия этилади.
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг лалми текисликларида қовуннинг Босволди, Пўрсилдоқ; кечпишар навларидан -Қўйбош, Ичи қизил, Қўйбош 476, Богарная 34; тоғолди лалми ерларида- юқоридаги навлар билан бирга Арбакешка 1219, Кўкча 588; кечпишарлардан -Зарғалдоқ гулоби; Қора қанд навлари экилади.
Ўзбекистон ғаллачилик ИТИ олимлари лалми ерларда етиштириш учун тарвузнинг қуйидаги навларини экишга тавсия этади: Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг текисликларида Қўзибой богарний; Багаевский мурашка, Оқ қўзибой 30, Тезпишар, Спутник, тоғолди зонасида - Қўзибой 30, Қўзибой богарний, Хайит қора, Спутник, Мозаичний; Қашқадарё ва Сурхондарё лалми текисликларида - Тезпишар, Мозаичний; Қўзибой богарний; Оқ қўзибой, Хайит қора, Багаевский мурашка, Динний лист; тоғолди лалмикорликда-юқоридаги навлар билан бирга Қўзибой 30, Американский белий; Белий длинний 107.
Қишлоқ хўжалик экинларини синаш бўйича давлат комиссияси томонидан 1998 йилдан Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг лалми ерларда етиштириш учун қовуннинг Арбакешка 1219, тарвузнинг - Мозаичний, Спутник ва Қўзибой 30 навлари тавсия этилган.
3. Ерда нам танқислиги, тупроқда ва унинг полиз экинлари палаги таралган устки қисмида ҳароратнинг кескин кўтарилиши ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишига, шунингдек, уларда кечадиган физиологик жараёнларга маълум даражада таъсир кўрсатади. Тупроқдаги нам танқислиги туфайли ўсимликка илдиз системаси орқали сув шимилиши бузилади, натижада ўсимликнинг ўсув даври, айниқса об-ҳаво ноқулай келган йилларда узоққа чўзилиб кетади. Лалмикор ерларда ҳаво ва тупроқ ҳароратининг жуда кўтарилиб кетиши, ҳаво нисбий намлигининг пасайиши полиз экинларининг гуллашини сусайтиради, ғунча ва янги тугилган меваларнинг қуриб қолишига сабаб бўлади. Баъзан вазни 200-300 г келадиган йирик мевалари ҳам қуриб қолади. Бунга сабаб, ўсимлик гулидаги чанги ҳаёт қобилиятининг пастлиги (24-25 %) ва суғориладиган ерлардагига қараганда гулларга ҳашарот чанглатувчиларнинг кам келиб қўнишидир. Буни, айниқса об-ҳаво қуруқ келган йилларда ўсимлик тупида биттадан мева тугилишига ёки бутунлай тугилмаслигига олиб келади.
Ерга тўкиладиган гул ва тугунчалар фоизини пасайтириш ва майда бўлиб, етилмай қоладиган мевалар миқдорини камайтириш учун ўстириш стимуляторлари (гетероауксин, алфа-НУК, бор кислотаси) қўлланилади. Қўшимча чанглатиш учун ўсимликка асаларилар жалб этилади ёки гуллар қўлда чанглатилади.
4. Мамлакатимизнинг лалмикор ерларида полиз экинлари ҳосилдор-лигини тупроқда куз-қиш ойларида тўпланган нам миқдори белгилайди. Шунинг учун бу ерда полиз экинлари агротехникасига асосан эътибор ерда кўп нам тўплаш ва уни тўла сақлаб қолишга қаратилиши керак.
Полиз экинлари экиш учун ерни туғри танлаш жуда катта аҳмиятга эга. Бунда паст текисликлардаги эриган қор ва ёмғир сувлари тўпланадиган, ёзда тупроқ намлиги жанубий қияликлардагига қараганда 1,5-2 % юқори бўладиган шимолий ва шимоли-ғарбий қияликлардаги ерлар энг яхши ҳисобланади.
Ерларни экишга тайёрлаш кузда 20-22 см чуқурликда шудгорлаш ва баҳорда экин экиш олдидан қайта ҳайдашдан иборат. Лекин ерлар кузда оддий усулда шудгорланса, тупроқ нами қочиб қолганлигидан ер сифациз ҳайдалиб, кесак кўчади. Бундан ташқари, ер кузда ва баҳорда қайта ҳайдалиши туфайли маҳсулот таннархи қимматлашиб кетади. Ўзбекистон лалмикор деҳқончилик илмий текшириш институти ерларни кузда шудгор қилмай, баҳорда апрел ойида 20-22 см чуқурликда ҳайдашни ва май ойида экин экиш олдидан 16-18 см чуқурликда қайта ҳайдашни тавсия қилади. Ерни ҳайдаш билан бир вақтда мола бостириш керак.
Полиз экинларини экиш муддати об-ҳаво шароитига қараб белгиланади. Об-ҳаво қуруқ келган йилларда эрта экиш яхши натижа беради. Намгарчилик кўп бўлган йилларда эса кечроқ экиш керак бўлади. Полиз экинларидан эгат ҳосил қилиш керак бўлган тақдирда, бу экинлар учун ажратилган майдоннинг бир қисмига уруғлар апрел ойида экилади.
Одатда, полиз экинлари уруғи ивитилиб экилади. Уруғлар ерни экин экишга тайёрлаш пайтида бир йўла очиб кетилган саёз эгатлар тубига 4-6 донадан қилиб уялаб экилади, плуг қайта ўтишида қўшиб кетилади. Полиз экинлари уруғини механизация ёрдамида экишда ғўза сеялкаларидан фойдаланилади. Бунда уруғлар олдиндан эгат очмай, текис ерга экилаверади. Экишда уруғлар тупроқнинг нам қаватига 7-8 см чуқурликка қадалиши керак. Уруғ экиш нормаси гектарига 1,5-2 кг.
Полиз экинлари озиқланиш майдонининг оптимал катталиги кўп жиҳатдан йиллик об-ҳаво шароитига боғлиқ бўлади. Лалмикор деҳқончилик илмий текшириш институтида олиб борилган тажриба натижаларига кўра, ёғингарчилик кўп бўлган йиллари қовун ва тарвузнинг озиқланиши майдони кичик (2,5-3 м2) ва аксинча, қуруқ келган пайтда катта (3-5 м2) бўлиши керак.
Полиз экинлари битта чинбарг чиқарганда яганаланади. Бунда ҳар қайси уяда биттадан соғлом майса қолдирилади. Лалмикорликда полиз экинларини парвариш қилишда ёғингарчиликдан кейин ҳосил бўладиган тупроқ қатқалоғига қарши кураш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Майсалар униб чиққунга қадар қатқалоқ ротацион мотига ёки тишли борона билан бузилади, униб чиққандан кейин қатор оралари юмшатилади.
Полиз мевалари пишиб етилишига қараб, бир марта ёки бир неча марта узилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |