Саволлар:
Ўзбекистонда лалмикор полизчиликка эътибор берилишига сабаб нимада?
Нима учун барча полиз экинлари навларини лалми ерларда етиштириш мумкин эмас?
Қовун ва тарвуз лалми ерларда қайси муддатда экилади?
Лалми ерларда қовун ва тарвуздан ўртача неча тонна гектаридан ҳосил олинади?
6-МАВЗУ: ПОЛИЗ МЭВАЛАРИНИ ЙИҒИШ, ТАШИШ ВА САҚЛАШ.
Режа:
Мевалар пишиш даражасини аниқлаш.
Полиз меваларини йиғиш муддатлари ва усуллари.
Меваларни ташиш хусусиятлари ва ишлатиладиган транспорт воситалари.
Полиз меваларини сақлаш усуллари ва омборхона турлари.
Адабиётлар: 1; 2; 3; 10.
1. Ўзбекистонда қовун ва тарвуз меваларининг пишиб етилиши уларнинг навларига қараб июл ойининг ўртасидан то куз бошланиб биринчи совуқ тушганча давом этади. Хашаки тарвуз ва қовоқ сентабр, октабр ойларида пишиб етилади.
Полиз экинлари меваларининг пишганлигини аниқлаш учун юқори савия керак бўлади. Айниқса, тарвузни пишганини танлаш жуда қийин. Пайкалда тарвуз пишганда мева банди ва мевага яқин жойлашган жингалак қурийди, мева юзаси ялтиллайди. Мевани бармоқ билан чертганда бўғиқ пўкиллайди, кафтлар орасига олиб эзилганда, мева эти сиқилиб ғирчиллаган товуш эшитилади. Аммо бу белгилар фақатгина меванинг пишиб етилишига хос бўлибгина қолмай, бошқа ҳолатларда ҳам юқоридаги белгилар такрорланади. Масалан, палакдаги мевага яқин жойлашган жингалак ўсимлик ўсиб ривожланиши учун ноқулай шароит содир бўлганида ҳам қуриб қолиши мумкин. Бармоқ билан чертиб кўрилганда бўғиқ пўкиллаш пўсти қалин, ҳали пишиб етилмаган кузги тарвуз навларига ҳам оиддир. Тарвуз меваларини кафтлар орасига олиб сиқиш, уни қишда сақланиш қобилиятини пасайтириб юборади.
Пишиб етилган қовун юзасидаги турли тартибдаги ва турдаги текис ва узуқ-юлуқ чизиқ ва доғлар пўстининг рангидан аниқ ажралади. Айрим навларда мева юзаси майда қуюқ кулранг тўр билан қопланади. Қовунлар пишганда пайкал бўйлаб хушбўй ҳид таралади. Хандалаклар ва эти юмшоқ қовунлар пишиб етилганда мева бандлари меваларидан ўз-ўзидан ажраб кетади ёки жуда осон узилади.
Қовоқ меваларининг пишиб етилиши уларнинг турларига қараб ҳар хил бўлади. Масалан, йирик мевали қовоқ (C. махима) меваси пишиб етилганда мева банди пўкаклашади, қаттиқ пўстли қовоқ мевалари (C. репо) пишиб етилганда пўстнинг ранги қўнғир қизғиш, сариқ рангларга айланади. Мускат қовоқлари (C. мошата) мевалари пишиб етилганда эса, мева пўсти бир оз юмшайди.
2. Экинларни етиштириш мақсадига қараб полиз экинлари мевалари пишиб етилиши турлича бўлган даражада йиғиб олинади. Масалан, полиз меваларини узоқ масофаларга жўнатиш мақсадида экилган бўлса, мевалар тўлиқ пишиб етилишидан 10-15 кун олдин узилади. Жойларда истеъмол қилиш учун экилган бўлса, мевалар тўлиқ пишиб етилгач узилади.
Қишки қовун ва тарвуз навлари мевалари техник пишиб етилиш даврида, яъни истеъмол қилиш учун мумкин бўлган даврда, қовоқ ва хашаки тарвуз мевалари эса, биологик пишиб етилган даврида йиғиб олинади.
Полиз экинлари мевалари пишиб етилишига қараб бир неча маротаба (4-6 марта) йиғиб олинади. Кунлар совиб кетишига яқин мевалар бир йўла ҳаммаси йиғиб олинади. Биринчи пишиб етилган меваларни ўз вақтида териб олиш ўсимлик палагидаги қолган мева ва туганакларни тезроқ пишиб етилишига имкон яратади, ҳосилдорликни бирмунча оширади.
Суғориладиган ерларда қовун ва тарвуз меваларини йиғиб олишдан 10-15 кун олдин охирги марта суғорилади. Бу эса меваларни ширин бўлишига ва қишда яхши сақланишига сабаб бўлади ва узоқ масофаларга олиб боришда исрофгарчиликни камайтиради.
3. Йиғиб олинган полиз экинлари меваларини яқин ва узоқ масофаларга олиб боришда алоҳида шароитлар керак бўлади. Яқин масофаларга асосан эртапишар ва узоқ сақланмайдиган навлар жўнатилади. Узоқ масофаларга жўнатиладиган навлар яхши сақланиш хусусиятига эга бўлган, механик турткиларга чидамли бўлиши керак.
Узоқ масофаларга юбориладиган полиз мевалари имконият борича мева банди билан бирга узилиши керак. Узилган мевалар 2-4 кун тўплам-тўплам ҳолатда бироз сўлиши учун далада қолдирилади, сўнгра транспортга ортилади. Бу меваларнинг ёрилиб кетишидан сақлайди. Пишиб ўтиб кетган мевалар узоқ масофаларга юборилмайди. Қовун меваларини узоқ масофаларга юбориш учун тўла пишиб етилмасдан узиб олиш керак, чунки қовун мевалари узиб олингандан сўнг ҳам пишиб етилиш қобилиятига эга.
Мевалар узоқ масофаларга жўнатилаётганда механик турткилар (транспортга ортганда ва туширганда) таъсирида ёрилиб, миқдори бирмунча камаяди. Бунинг олдини олиш учун меваларни контейнерларда жўнатиш лозим. Контейнерда мевалар орасидаги ҳарорат 6-10 даража бўлиши керак. Тарвузнинг Хайит қора, Қўзивой 30, Мелитополский 122, Бўковский 22, Астрахан навлари, Ўрта Осиё қовунларидан эса Умирбоқи, Қорапўчоқ, Бешек, Қўйбош, Арқони ва Қалайсан навлари узоқ масофаларга олиб бориш учун яроқли ҳисобланади.
4. Полиз меваларининг яхши сақланиши мева этининг кимёвий бирикмаларига ва яна бошқа омилларга боғлиқ. Мева этининг таркибида пектин моддаси кўп бўлиб, эти тиғиз бўлса, бундай мевалар узоқ муддат сақланади.
Тарвуз мевалари 3-5 ой, қовун мевалари 5-6 ой ва қовоқ мевалари бир йилгача бузилмай сақланиш хусусиятига эга. Эртапишар навлар узоқ муддат сақланиш хусусиятига эга бўлмаганлигидан, сақлаш учун ўртанги ва кечпишар навлар танланади. Полиз мевалари узоқ муддат таъм сифати бузилмай яхши сақланадиган мевалар ҳисобланади. Сақланиш жараёнида ме-валарда биокимёвий ўзгаришлар содир бўлиб, бу ҳолат айниқса қовунда мева таъмини янада яхшилайди, қанд миқдори кўпайиб, мева эти юмшайди.
Полиз меваларини махсус сабзавот сақланадиган омборхоналарда, турли тузилишдаги усти ёпиқ хоналарда (ертўла, болохона, махсус ҳужралар) сақлаш тарвузларни узоқ муддатга сақлаш дейилади. Бундай жойларда мевалар похол ёки қипиқ, қум ёки сомон тўшалган уч тўрт қаватли сўриларда сақланади. Сўрилар оралиғи 40-50 см бўлиб, баландлиги 1 м бўлади. Бундай сўриларга мевалар бир қатор қилиб жойлаштирилади.
Мевалар сақланишга келтиришдан аввал улар сақланадиган омборлар 1 м2 ерга 100 г ҳисобидан олтингугурт сепиб чиқилади, бундан ташқари формалиннинг 40 % ли эритмаси билан омборхона шифт ва деворлари, сўрилар уст ва таги дезинфексия қилинади. Бунда сақланаётган мевалар касалликка чалинмайдилар. Омборхоналардаги мевалар сақланиш давомида бир ойда икки марта кўздан кечирилиб, айниб қолган мевалар чиқариб ташланади, қолганлари жойида ағдарилиб қўйилади.
Омборхоналарда ҳаво ҳарорати 1-3 даража, нисбий намлиги 80-85 % бўлиши керак. Қадимдан қовунларни энг яхши сақлаш усули ҳар бирини алоҳида осиб қўйиб сақлаш ҳисобланган. Ҳозирги вақтда бундай усул фақатгина шахсий хўжаликларда қўлланилади. Кўп миқдордаги қовунлар қалин деворли, шамол кириб туриши учун туйнукчалари бўлган қовунхоналарда сақланиб, бу ердаги ҳарорат кузда 10-15 даража, қиш ойларида эса 4-7 даражани ташкил этиши керак. Сўнгги йилларда қовунларни қишда сақлаш учун махсус совутгичли хоналар қурилмоқда. Бу ерларда қовунлар тўр халталарга ёки яшикларга унча қалин қилмай жойланади. Ҳарорат 0-2 даража бўлиб, ҳаво намлиги 80-85 % ни ташкил эца, бундай жойларда қовунлар яхши сақланади. Юқорида айтилган қовунхоналар ёки омборлар йўқ бўлган тақдирда қовунларни махсус хандақларда сақлаш керак. Бундай хандақлар қиялик, нам кам тўпланадиган жойларда эни 2-4, узунлиги 6-10 метр қилиб қазилади. Чуқурлиги 1-1,5 м бўлиши керак. Қовунлар хандақларга 7-8 қатор жойланиб, устига 10-20 см тупроқ ташланади, сўнгра ўсимлик қолдиқлари билан беркитилади. Ҳаво алмашиб туриши учун трубалар ўрнатилади.
Полиз экинлари ичида қовоқ жуда узоқ сақланиш хусусиятига эга. Қовоқларни ҳамма ерда: омборхоналарда, шийпонларда, ертўла ва болохоналарда сақлаш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |