Ўқитувчининг дарсга тайёргарлиги. Дарснинг самарадорлиги унинг пухта тайёрланганлиги ва самарали ташкил этилганлиги билан боғлиқ. Яхши режалаштирилмаган, етарлича ўйлаб чиқилмаган, шошилинч тузилган ва ўқувчилар имкониятларига мослаштирилмаган дарс сифатли бўла олмайди. Дарсга тайёргарлик аниқ шароитларда энг юқори якуний натижага эришишни таъминловчи ўқув-тарбиявий жараённи ташкил этилишини таъминлаш, комлекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишдир.
Ўқитувчининг дарсга тайёргарлигида қуйидаги учта босқич кўзга ташланади: ташхислаш, башоратлаш, лойиҳалаштириш (режалаштириш). Шу билан бирга ўқитувчи амалий материалларни яхши билиши, ўз фанини эркин олиб боришга эришиши лозим. Дарсга тайёргарлик асосини бўлажак машғултнинг алгоритмлари, самарадорлиги боғлиқ бўлган омиллар ва ҳолатларни ҳисобга олишни таъминловчи қадамларни кетма-кет тартиб билан бажариш ташкил этади.
Алгоритмни амалга ошириш аниқ шароитларни диагностика қилиш билан бошланади. Ташхис дидактик жараён кечадиган барча шароитларни ойдинлаштириш, унинг натижаларини белгилашдир. Унда ўқувчиларнинг имкониятлари, уларнинг фаолиятлари ва хулқлари, мотивлари, талаб ва лаёқатлари, қизиқиш ва қобилиятлари, билимдонлик даражаси, ўқув материалининг хусусияти, унинг амалий аҳамияти, дарс тузилиши, янги ахборотни ўзлаштириш, мустаҳкамлаш ва тизимлаштириш, билим, кўникма ва малакаларини назорат қилиш ҳамда тузатиш каби ҳолатлар намоён бўлади.
Башоратлаш бўлажак дарсни ташкил этилишининг турли варианларини баҳолаш ва улардан қабул қилинган мезонларга мувофиқ энг маъқулини танлаб олиш.
Лойиҳалаштириш (режалаштириш) ўқувчиларнинг ўқув фаолиятини бошқариш дастурини яратиш бўлиб, у дарсга тайёрланишнинг якуний босқичи ҳисобланади. Лойиҳа (бошқариш дастури) қисқа ва аниқ, эркин тузилган, педагог ўзи учун бошқариш жараёни муҳим вазиятлари (кимдан ва қачон сўраш, қаерда мавзуни киритиш, машғулот кейинги босқичига қандай ўтиш, олдиндан кўзда тутилмаган қийинчиликлар юзага келганида жараённи қайси схема бўйича қайта ўзгартириш)ни белгилаб олишга имкон берувчи ҳужжатдир. Бошқариш дастури дарснинг анъанавий режасидан бошқариш таъсир кўрсатишларини аниқ ва тушунарли белгилаб олиш билан фарқ қилади.
Таълимнинг ёрдамчи шакллари. Таълимнинг ёрдамчи шакллари: тўгарак, практикум, семинар, конференция, маслаҳат (консультация), факультатив машғулот, ўқув экскурсиялари, ўқувчиларнинг мустақил уй ишлари ва бошқалар саналади.
Мактабдан ташқари машғулотларнинг асосий ва барқарор турларига ўқиш жараёнининг таркибий қисми сифатида қараладиган, ўқувчиларнинг мустақил уй ишлари киради. Унинг асосий мақсади – дарсда ўзлаштирилган билим, кўникма ва малакаларини кенгайтириш, чуқурлаштириш, уларни эсдан чиқаришнинг олдини олиш, ўқувчиларнинг индивидуал лаёқати, истеъдод ва қобилиятини ривожлантиришдан иборат. Бу ишлар ўқув дастури талаблари, ўқувчиларнинг қизиқиш ва эҳтиёжлари ҳамда уларнинг ривожланиш даражаларини ҳисобга олиб қурилади. Ўқувчиларнинг мустақил уй ишлари маълум дидактик вазифаларни бажаради. Чунончи, дарсда ўзлаштирилган билим, кўникма ва малакаларни мустаҳкамлаш, синфда ишлаб чиқилган ўқув материалини кенгайтириш ва чуқурлаштириш, машқларни мустақил бажариш кўникмаларини шакллантириш, дастурли материал доирасига кирувчи ҳажмда индивидуал топшириқларни бажариш асосида мустақил фикрлашини ривожлантириш, индивидуал кузатишлар, тажрибалар, гербарий, табиий намуналар, откриткалар, расмлар, газета ва журнал лавҳалари статистик маълумотлар каби ўқув қўлланмаларини тўплаш ва тайёрлаш ва бошқалар.
Дарсларда педагогнинг ўқувчилар томонидан уй вазифаларининг ҳалол бажаришларига кам эътибор бераётганликлари, уларни синфда текширишга унинмасликлари, яхши ўзлаштираётган ўқувчиларни рағбатлантириб бормасликлари таълим амалиётда кенг тарқалган камчилик ҳисобланади. Уй вазифаларини тушунтириб беришга кўпинча вақт етмайди, улар шошилинч берилади. Педагоглар камдан-кам ҳолларда, ўқувчилар уй вазифасини бажараётганда дуч келадиган қийинчиликларини кўрсатиб берадилар, уларни бартараф этиш йўлини эса кўрсатмайдилар. Натижасида мустақил уй вазифаларининг бажарилиши самарасиз бўлиб қолди.
Фан тўгараклари йўналиши, мазмуни, иш методи, ўқиш вақти ва бошқа жиҳатлари билан ажралиб туради. Улар ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантириш, ўқишга ижобий муносабатни шакллантиришга ёрдам беради.. Тўгараклар ўқишни ҳаёт билан алоқасини кучайтиради, фанлараро боғлиқликни ривожлантиради. Фан тўгаракларида ўқувчиларнинг ишлари ўқув жараёнини фаоллаштиради, ўқиш сифатини оширишга ёрдам беради.
Таълимнинг ёрдамчи шаклларига экскурсиялар ҳам киради. Улар оммавий, гуруҳли ва кичик гуруҳли бўлиши мумкин. Ўқув экскурсиялари алоҳида фанлар ҳамда бир қанча фанлар бўйича ҳам режалаштирилади. Экскурсияни муваффақиятли ўтказиш учун ўқитувчи унга пухта тайёрланиши: объект ва машрут билан олдиндан танишиб чиқиши, тўла режани ишлаб чиқиши, ўқувчиларни бўлажак топшириқларни бажаришга жалб эта олиши керак. Экскурсия режасида мавзу ва мақсад, объект, у билан танишиш тартиби, ўқувчилар идрок этиш фаолиятларини ташкил этиш, топшириқни бажариш учун зарур бўлган воситалар ва ускуналар, якун ясаш кўрсатилади. Экскурсияни ўтказиш методикаси мавзу, дидактик мақсад, ўқувчиларнинг ёши, уларнинг ривожланиши ҳамда экскурсия объектига боғлиқ бўлади.
Мактаб ўқув режаси турли факультатив ва танлови бўйича курсларни ташкил этишни кўзда тутади. Улар ўқувчилар, уларнинг ота-оналари истак ва қизиқишларини ҳисобга олиш билан ишлаб чиқилади. Амалиётда фермерлик, иқтисод, электро ва радиотехника, электроника, полимерлар химияси, астрофизика, психология, этика, антик тарих, ботаника баъзи соҳалари, иккинчи чет тили, этнография, стенография, кутубхона иши, рассомчилик, мусиқа каби курсларни факультатив сифатида ўрганилади. Факультатив ва фанларни рўйхатини аниқлашда фақат ўқувчилар истаклари эмас, балки ижтимоий талаблар ва мактаб имкониятидан келиб чиқилади. Факультатив ва танлови бўйича машғулотлар мажбурий ва умумий ўрта таълим фанлари билан узвий боғлиқликда ўтказилиши керак.
Маслаҳат (консультация - ўқув суҳбати)га талаблар кўпинча ўқувчиларнинг маълум ўқув материали ёки топшириғи устида мустақил ишлаши сабабли юзага келади. Бунда кўпроқ ўқувчи савол беради. Тўғри ташкил этилган консультация ўқувчиларга ўқув материалини эгаллашда қийинчиликларни енгишга ёрдам беради. Консультация давомида ўқитувчи ўқувчилар фаолиятини у ёки бу масалани тўғри тушунишга мустақил келадиган, улар учун қийин топшириқни тушуниб оладиган қилиб, ўрганилаётган материални моҳиятини очишга ўрганадиган қилиб йўналтиради. Консультация ўқитувчига ўқувчилар билимларидаги камчиликларни аниқлаш, алоҳида эътибор беришни талаб этувчи вазиятларга уларнинг диққатини жалб этишга имкон беради. Тўғри ташкил этилган консультация ўқувчиларда ўзини назорат қилиш, билимларга танқидий кўз билан қарашни тарбиялайди. Ўқимишлилик даражасини тўғри аниқлашга ёрдам беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |