Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги
Педагогика назарияси ва тарихи
I-қисм. Педагогика назарияси
5140000 – Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогика фани
таълим соҳаси бакалавриат йўналишлари учун
(Проф. М.Х.Тохтаходжаеванинг умумий таҳрири остида)
Тошкент - 2006
Дарслик педагог кадр тайёрлашга қаратилган таълим йўналишларига мўлжалланган, унда педагогика фанининг асослари, мақсад, вазифалари, тадқиқот методлари, дидактика ва тарбия назариясининг умумий мазмуни (чунончи, тамойил, шакл, метод ва воситалари, ижтимоий тарбия турлари, уларнинг ўзига хос жиҳатлари, самарали ташкил этиш омиллари, Ўзбекистон Республикаси узлуксиз таълим тизими, таълим муассасаси менежменти, шунингдек, коррекцион (махсус) педагогиканинг моҳиятлари) хусусида сўз юритилади.
Дарслик Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасдиқлаган намунавий дастур талабларига мувофиқ яратилди.
Дарсликдан педагогика, шунингдек, муайян мавзуларни ўрганишда, нопедагогик йўналишда фаолият олиб бораётган олий ўқув юртлари, ўрта махсус касб таълими муассасаларининг педагог-ходимлари, талабалар ҳамда илмий изланувчилар фойдаланишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта Махсус таълим вазирлигининг 2006 йил ----даги ---буйруғи билан дарслик сифатида нашр қилиш учун-----сонли гриф берилган.
Муаллифлар: М.Х.Тохтаходжаева, С.Нишонова, Ж.Ҳасанбоев, Н.Сайидаҳмедов, С.Мадиярова, М.Усмонбоева Н.Нишонова, А.Қолдибекова.
КИРИШ
Илм-фан, техника ишлаб чиқариш ҳамда технология соҳаларида, эришилаётган ютуқлар узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида фаолият юритаётган таълим муассасалари учун янги авлод дарсликларини яратишни тақозо этмоқда. Бу каби ўқув манбаларининг яратилишига қўйилаётган талаблардан энг муҳими – уларнинг мазмунида мавжуд илмий билимлар ўз ифодасини топибгина қолмай, шу билан бирга Ўзбекистон Республикасида, таълим соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг моҳияти ҳам очиб бериш саналади.
Педагогика олий ўқув юртлари учун мўлжалланган педагогика дарслиги амалдаги ўқув дастурида илгари сурилган талабларга мувофиқ яратилди. Дарсликнинг мақсади – педагогика фанининг назарий-методологик асосларини очиб бериш, бўлажак педагоглар томонидан уларнинг чуқур ўзлаштирилишига эришиш, талабаларда педагогик фаолиятни муваффақиятли ташкил эта олиш кўникма ва малакаларини шакллантиришдан иборат.
Дарсликнинг таркибий тузилмасидан ўрин олган мавзулар ўз мазмуни ва йўналишига кўра “Педагогиканинг илмий асослари”, “Ягона педагогик жараён”, “Таълим тизимини ташкил этиш” ҳамда “Коррекцион (махсус) педагогика” каби бўлимлар ўрин олган. Бўлимларда, ўз ифодасини топган мавзуларни очиб беришда ғоялар ўртасидаги ўзаро изчиллик ва мантиқийликнинг таъминланишига алоҳида эътибор қаратилган. Мавзуларнинг баёнида, мақсадга мувофиқ равишда Шарқ мутафаккирларининг қарашлари, халқ педагогикаси асосларидан фойдаланиш баркамол шахс ва малакали мутахассисни тарбиялашга хизмат қилади.
Дарсликни яратишда муаллифлар Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” каби меъёрий ҳужжатларда илгари сурилган фикрларга таяндилар. Педагогика фанининг умумий асослари мавжуд ижтимоий зарурият нуқтаи назардан баён этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |