Таълимнинг тарихий хусусиятлари. Таълим мазмуни тарихий хусусиятга эга, чунки у жамият ривожининг у ёки бу босқичида устувор ўрин тутувчи ижтимоий мақсад ва вазифалар билан белгиланади. Бу таълим мазмунининг ижтимоий ҳаёт, ишлаб чиқариш ва илмий билимларнинг ривожланиш даражаси талаблари таъсири остида ўзгариб боришини англатади. Таълим ижтимоий ҳодиса сифатида одамларнинг билимларни ўзлаштиришга бўлган прагматик (амалий) эҳтиёжлари негизида шаклланган ва у одамларга ҳаёт фаолиятларини йўлга қўйиш учун зарур. Билимларни тўплаш ва чуқурлаштириш, жамият маданиятининг ўсиб бориши билим томонидан ташкил этилувчи функциялари кўламини ошишини таъминлайди. Мазкур ёндашувлар (прагматик ва маданий) кишилик жамиятининг турли босқичларида таълим мазмуни йўналишларни белгилаб келади.
Ўрта асрда, Яқин ва Ўрта Шарқда диний ўқув муассасалари – мадрасалар таълим ва фан марказлари бўлган. Ўзбекистонлик, Россиялик ва чет эл шарқшунос тадқиқотчилари томонидан мадраса туридаги ўқув муассасалари айнан Марказий Осиёда юзага келгани ва шу ердан бошқа мамлакатларга тарқалгани исботланган.
Сомонийлар даврида (Х аср) фақат Самарқанднинг ўзида 20 га яқин мадрасалар мавжуд бўлган. Абу Али ибн Сино (980-1037) ўзининг «Донишнома» («Билимлар китоби») номли асарида мазкур мадрасаларда фақат мусулмончиликка оид билимлар берилибгина қолмай, балки дунёвий илмлар ҳам ўрганилганлиги, илмий тадқиқотлар олиб борилганлиги, уларнинг негизида илмий мактабларнинг юзага келганлиги қайд этилади.
Ўз даврида мадрасаларда ўқитилиши йўлга қўйилган фанларни Абу Али Ибн Сино қуйидаги тизимлар бўйича ажратади: одоб (хулқ этикаси), астрономия, тиббиётшунослик, тил ва унинг грамматикаси, фикҳ (мусулмон қонунчилиги).
Аллома томонидан таклиф этилган тарбия турлари эса қуйидагилардан иборат: 1) ақлий тарбия; 2) жисмоний соғломлаштириш; 3) эстетик тарбия; 4) маънавий тарбия; 5) ҳунарга ўргатиш. Абу Али Ибн Сино томонидан таклиф этилган тарбия турлари Марказий Осиёда, Уйғониш даврида (IХ-Х аср) таълимнинг инсонпарварлик ва шахснинг баркамол ривожланиши борасидаги ғояларга асосланган эди дейишга имкон беради.
Шарқдаги Уйғониш даври Шарқ мутафаккирлари – Муаҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Берунийлар ўзларининг таълимий қарашларида биринчи ўринга инсон шахсини қўядилар ҳамда болаларни ҳар томонлама, жисмоний ва эстетик камолотга эришишлари, шунингдек, тилларни билишларини зарур деб ҳисоблайдилар. Ақлий таълимни ташкил этувчи фанлар сирасига математика, астрономия, механика ва табиатшунослик каби табиий-илмий фанларни киритадилар.
Алломалар болага ҳурмат билан муносабатда бўлиш ғоясини илгари сурадилар, схоластик ўқитиш ва қаттий интизомга қарши чиқадилар. Уларнинг фикрича, ўқиш болада билимларга қизиқишни уйғотиши керак.
Муҳаммад Тарағай Улуғбекнинг (1394-1449 йиллар) Самарқанддаги фаолияти ХIV-ХV асрларда мадрасаларнинг фанлар ривожини таъминловчи марказлари вазифасини бажарганлигини кўрсатади. Муҳаммад Тарағай Улуғбек Самарқанднинг ҳукмдори бўлиши билан бирга астроном, математик ва тарихчи сифатида машҳур бўлган. Шунингдек, алломанинг моҳир педагог ҳам бўлганлигини тарихий далиллар қайд этади. Чунончи, аллома кўплаб истеъдодли ёшларни тарбиялаган. У одамлар, айниқса ёшларнинг илмий билимларни ўрганишларига катта аҳамият берган.
Аллома ўз давлатида таълим соҳасида жиддий ислоҳотларни ташкил этди. У мадрасаларни давлат таъминотига ўтказди, мударрис (ўқитувчи)ларга ойлик иш ҳақи белгилаган, шогирд (талаба)ларга степендия ажратган.
Муҳаммад Тарағай Улуғбек мадраса ўқув режасига қуйидаги фанлар: араб тили, адабиёт, Қуръон, Ҳадис, риторика, мантиқ, фалсафа, фикҳ (қонунчилик), метафизика, математика, астрономия, тиббиёт, география, тарих каби фанларни киритади.
Мутафаккир томонидан барпо этилган ҳамда ўзи бевосита таълим берган мадрасаларда ўқиш қуйидаги босқичлардан иборат бўлган:
1. “Анда” (кичик) – ўқиш муддати 2 йил.
2. “Ауст” (ўрта) – ўқиш муддати 3 йил.
3. “Аъло” (олий) – ўқиш муддати 3 йил.
Бундай ёндашувда, бугунги кун нуқати назаридан айтганда бакалавриат ва магистратура кўзга ташланади. Айни вақтда улар ўрта аср европа университетлари учун ҳам хос бўлган.
Буюк истеъдод эгаси сифатида аллома ўз давридан бир неча асрларга ўзиб кетган. Деярли 600 йил аввал Муҳаммад Тарағай Улуғбек қуйидаги аксиомани илгари сурган: билим олишга интилиш давлат равнақига йўл демакдир. Иқтисодий ривожланган мамлакатларнинг ҳозирги тажрибаси мазкур фикрни тўла тасдиқлайди.
Европа уйғониш даври (ХIV-ХVI асрлар) маърифатпарварлари ХVIII-ХIХ асрларда ҳам шахснинг баркамол ривожланиши ғояларини илгари сурганлар. Мисол учун, Италия маърифатпарвари В. Де Фельтре (ХV аср) “Қувонч мактаби”ни ташкил этади. Бу мактабда болага эркин жисмоний ва ақлий ривожланиш имкони берилган. Ж.Ж.Руссонинг эркин тарбия назарияси, И.Г.Песталоццининг одамни фаол ҳаётий фаолиятга жалб этиш йўли билан уни ривожлантириш ҳақидаги ғояси ХХ аср педагогикасининг ривожига ўз таъсирини кўрсатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |