Билимларни эгаллаш босқичлари
билимларини қўллаш
мустаҳкамлаш
англаб етиш
идрок этиш
Таълимнинг гносеологик асослари. Ўқув жараёнини мантиқий қурилиши таълим мазмунининг хусусиятлари ва гносеологик жиҳатларига боғлиқ.
Гносеология (юнонча – «gnosis» («gnoseos»)- билим, онг, ўрганиш, логия –фан, таълимот) – билиш, илмий билимларнинг шаклланиши, хусусиятлари, қонуниятлари, услублари, илмий тафаккур шакллари, шунингдек, инсонга хос бўлган борлиқни англаш қобилияти ҳақидаги назария, таълимот.
Ижтимоий тараққиёт тарихида инсоннинг атроф-муҳитни билиши умумий тузилишига ва босқичларига турлича ёндошишлар маълум. Ана шу ёндошишлар ўқув жараёнини қуриш ва таълим мазмунини тушуниш мантиқини белгилаб беради.
Муҳаммад ал-Хоразмий (IХ аср) билиш назарияси ривожланишига катта ҳиссасини қўшган. У биринчи бўлиб коинот объектларининг ҳаракатлари ҳамда ердаги нуқталарининг жойлашишини жадвал кўринишида акс эттириб, тажриба-кузатиш ва тадқиқотлар методларини илмий жиҳатдан асослаб берди, ягоналикнинг бирлиги тамойили, шунингдек, алоҳида ва умумий, индукция ва дедукцияларнинг моҳиятини аниқлаштирди; математик масалаларни ечишнинг алгоритмик методини ишлаб чиқди. Бу методдан бугунги кунда ҳам фойдаланиб келинмоқда.
Ал-Киндий (IХ аср) илмий билишнинг уч босқичли концепциясини илгари суради. Аллома инсоннинг билишини: сезгига оид ва рационал билиш тарзида иккига ажратади. Сезиб билишнинг предмети ва объекти барча жисм ва моддий нарсалар ҳисобланади. Киндийнинг фикрича, сезиб билиш ақл учун муҳим материални беради.
Фақатгина ақл ташқи дунё ҳақида ҳақиқий билим ва тушунчани ишлаб чиқишга қодир, - деб ҳисоблайди Киндий.
Абу Наср Форобий (Х аср) Киндий ғояларининг моҳиятини аниқлаштиради. Бирор нарсани билишга интилган инсон аввало унинг маълум ҳолатини ўрганади, ўзлаштирганларини ўзлаштирилиши зарур бўлган билимларга йўналтиради. Аллома фанлар классификацияси, шунингдек, билиш фаолиятини ташкил этишга оид тавсияларни ишлаб чиқади. Яхши назариётчи бўлиш учун дейди, - Абу Наср Форобий, - қайси фан билан шуғулланишидан қатъий назар қуйидаги учта шартга амал қилиш керак:
фан асосида ётувчи барча тамойилларни яхши билиши;
ушбу тамойил ва маълумотлар асосида зарур хулосани чиқариши, яъни, мулоҳаза юритиш қоидаларини билиши керак;
хато назарияларни исботлаб бериш ва бошқа муаллифлар фикрларини таҳлил қилишни, шунингдек, ҳақиқатни ёлғондан ажратиш ва хатони тузатишни билиши зарур.
Абу Райҳон Беруний Беруний (ХI аср) билишни узлуксиз, тўхтовсиз давом этадиган жараён сифатида тушунади. Алломанинг фикрича, инсоният борлиқнинг ҳақиқий моҳияти, ҳозирча номаълум бўлган жиҳатларини келажакда билиб олади.
Абу Али ибн Синонинг (ХI аср) билиш назариясида сабаб ҳақидаги таълимот алоҳида ўрин олади. У сабабларни аниқ, сезиш асосида англанадиган ва яширин, ташқи ҳолатларини таҳлил этиш асосида тушуниладиган сабабларга ажратади ва ҳодисанинг моҳияти унинг юзага келиш сабабларини аниқлаш йўли билан англаниши мумкин деб ҳисоблайди. Аллома ушбу гносеологик қоидани ўзининг табиблик амалиёти, касалликларни уларнинг симптомлари бўйича ва дорилар таъсирини кузатиш асосида аниқлаган.
Чех педагоги Я.А.Коменский ХVII асрда таълим жараёнининг моҳиятини илмий асослашга уринди. Аллома томонидан илгари сурилган таълимнинг табиийлиги ғояси таълим жараёни, унинг тузилиши, тамойил ва методлари табиат қонунларига мувофиқ белгиланишини таъкидлайди.
Я.А.Коменскийниннг табиатга боғлиқлиги ҳақидаги ғояси – ғарб олимларининг таълим жараёнининг гносеологик асосларини очиб бериш, моддий дунё қонунларининг ўқув жараёнига таъсирини кўрсатиб беришга уринишларидан биридир.
ХVIII асрда француз олими Жан Жак Руссо ҳам инсоннинг табиат ва жамиятдаги ўрни ҳақидаги фалсафий дунёқарашлар асосида таълим моҳиятини очиб беришга уриниб кўрган. Олимнинг фикрича, таълим жараёнининг моҳияти боланинг атроф-муҳитни билиши табиатидан келиб чиқади. Бола табиат қўйнида, қишлоқ жойларда ривожланиши керак.
Боланинг атроф-муҳит моҳиятини тез англаши хусусиятини ҳисобга олиб экзистенциолизм (юнонча «existetia» - мавжудлик) вакиллари таълим моҳиятини қуйидагича ифода этадилар: мактабнинг асосий мақсади интеллектини ривожлантириш эмас, балки болани эмоционал тарбиялашдир.
Экзистенциализм рационал билишни рад этади, таълим фандан кўра санъатга яқинроқ деб ҳисоблайди, шунингдек, борлиқни бевосита билиш методини илгари суради.
Таълим мазмуни масалаларига бошқа бир ёндошиш “Прагматизм педагогикаси” ёки прогрессивизм АҚШда, алоҳида ривожланди. Унинг етакчиси Джон Дьюи мазкур таълимотни ифодалашда прагматизмнинг фалсафий ғояларини асос қилиб олди. Прагматизм (юнонча pragma – иш, ҳаракат, фалсафий амал) замонавий Америка фалсафасида идеалистик оқим. Бу оқим ҳақиқатнинг объективлигини рад этади, ҳақиқат бу объектив борлиққа мос келмайди, балки амалий фойдали натижалар беради.
Д.Дьюи фикрича, билиш ва билим инсон ўз ҳаётида дуч келадиган турли муаммо ёки қийинчиликларни енгиш воситаси ҳисобланади. Билим яшаш учун кураш воситаси ва шахснинг ривожланиш даражасини кўрсатувчи омил ҳисобланади. Биз фақатгина муаммони ҳал этаётганимизда фикрлаймиз, бунинг бошланиш йўли ҳар доим қийинчиликни ҳис этиш ҳисобланади.
“Ҳаракатлар педагогикаси” концепцияси кўп жиҳатдан Дж.Дьюининг фалсафий (прагматизм) ва психологик қарашларининг оқибати ҳисобланади. Унинг муаллифи, реформаторлардан бири немис педагоги Вильгелм Август Лай (1862-1926 йиллар) билим олиш жараёнида кўзга ташланувчи қуйидаги уч босқични кўрсатади: идрок этиш, қайта ишлаб чиқиш, ифода этиш.
Бугунги кунда ҳам таълим моҳиятини тушунишга нисбатан турлича ёндошишлар мавжуд. Хусусан:
1. Социологик ёндошиш. Унга кўра таълимнинг моҳияти ижтимоий тажрибаларни ёшларга етказишдан иборат. Ўқувчилар инсониятнинг ижтимоий-тарихий тажрибаси натижалари бўлган билимларни ўрганадилар. Таълимнинг мазмуни ўқувчиларнинг аждодлар тажрибасини ўзлаштиришга хизмат қилувчи жараёнини ташкил этишдан иборат. Бу фалсафий қоида ижтимоий-тарихий тараққиётнинг муҳим омили - шахс камолотини тушунишга илмий ёндашишни англатади. Таълимга бундай ёндашиш ижтимоий жараён ҳисобланади.
Бошқа бир ёндашишни хусусий педагогик ёки дидактик ёндашиш деб аташ мумкин. Бу ёндашиш яхлит таълим жараёнининг боришини белгилаб берувчи билим олиш босқичлари (ўқув материалини ўрганишни, уни англаб етиш, мустаҳкамлаш, амалий фаолиятда билимларини қўллаш)ни ифодалайди. Мазкур ёндашувга кўра таълим мазмуни ўқувчилар томонидан билим эгаллаш босқичларининг кетма-кетлигига амал қилиш асосида фаолиятни ташкил этишдан иборат.
Концепция тарафдорлари билиш йўлини қуйидагича формула асосида ифодалайдилар: жонли мушоҳададан абстракт фикрлашга ва абстракт фикрлашдан амалиётга.
Таълим мазмунини тушунишга нисбатан психологик ёндашиш билимларни ўзлаштириш ва инсон ривожланиши борасидаги психологик назарияда илгари сурилган ғояларга таянади.
Бу концепциянинг келиб чиқиши Л.С.Вўготскийнинг (1896-1934 йиллар) таълимнинг шахс ривожланишида асосий омил бўлиши ҳақидаги “яқин ривожланиш зонаси” деб юритилувчи қарашининг яратилиши билан боғлиқ. Унга кўра, таълим фақат яқин зонада қурилганда, ҳали тўла шаклланмаган, лекин ўқув жараёнини қуришга асос бўла оладиган механик ҳаракатлар асослангандагина мазмунга эга бўлади.
Психологик тадқиқотлар педагогик назарияни сўзсиз бойитади. Билим олиш жараёнида шахс ривожланишининг кечиш жараёни моҳиятини очиб беради. Аммо фақат психологик ғоялар асосида таълим моҳиятини ёритиш педагогик жараённи бир томонлама талқин этишга олиб келади.
ХIХ асрнинг 40-йилларида диалектик материализм назарияси асосланди. Диалектик материализм табиат, жамият ва фикрлашнинг ҳаракатланиши ҳамда ривожланиши борасидаги умумий қонунларни ёритувчи фалсафий таълимотдир. Бу таълимотда Феербахнинг материализми ва Гегелнинг диалектикаси узвий равишда бирлашади. Бу таълимот таълим жараёни инсон онгининг борлиқни акс эттира олишига имкон бериши зарур деган ғояни илгари суради. Ҳақиқатни билиш мураккаб жараён. Диалектик назария ғоясига кўра ривожланишнинг асоси қарама-қаршилик ҳисобланади. Ривожланиш қарама-қарши кучлар курашидир.
Диалектик ёндошишга биноан таълим жараёнининг асосий қарама-қаршиликларини қуйидагилар саналади:
1. Ижтимоий-тарихий (илмий) билимлар ҳажми ва ўқувчи ўзлаштирган билимлар ҳажми ўртасидаги қарама-қаршилик. Бу қарама-қаршилик таълим жараёнини ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланади. У таълим мазмунини доимий такомиллаштиришга олиб келади. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ижтимоий-техник тараққиёт даражасига яқинлаштириш зарурияти таълим мазмунини тубдан янгилаш, уни янги тамойил, шакл, метод ва воситаларини излашни муҳим ижтимоий вазифа қилиб қўймоқда.
2. Ўқувчи томонидан ўзлаштирилган ўрганишнинг амалий жиҳатлари (шакл, метод ва воситалари)нинг даражаси билан ижтимоий-тарихий билиш (ўрганишнинг ўқувчи эгаллаб олиши керак бўлган шакл, метод ва воситалари) даражаси ўртасидаги қарама-қаршилик. Бу қарама-қаршиликни ҳал этиш ўқувчининг интеллектуал ривожланиши суръати ва даражасига боғлиқ. Бир хил мазмун ва ҳажмдаги ўқув материали ақлий ривожланишнинг турли кўрсаткичларига намоён этиши мумкин.
3. Ўқувчининг мавжуд ривожланиш даражаси билан ижтимоий буюртмада кўзда тутилувчи ривожланиш даражаси ўртасидаги қарама-қаршилик. Агарда ижтимоий талаб боланинг идрок этиш имкониятидан юқори бўлса, унда жиддий қийинчилик юзага келади.
ХХ асрнинг 80-90-йилларида педагогик ҳодисалар, шу жумладан, таълим муаммоларини ҳам ўрганишда МДҲ давлатларида аксиологик ёндашув кўзга ташлана бошлади. Аксиология (юнонча «axios» – қимматли, логия - фан) – қадриятлар ҳақидаги фалсафий таълимот бўлиб, у ХIХ асрнинг охири ХХ аср бошларида шаклланган.
Россиялик баъзи олимлар (В.А.Сластенин, И.Ф.Исаев, Е.Н.Шиянов) мазкур ёндашувни таълимнинг янги фалсафаси асоси ҳамда замонавий педагогиканинг методологияси сифатида тушунишни таклиф этадилар1.
Ҳаёт, соғлиқ, муҳаббат, оила, таълим, меҳнат, тинчлик, ишонч, гўзаллик, ижод ва шу каби қадриятлар ҳамма даврларда ҳам инсон ҳаёти учун ўзига хос аҳамият касб этган. Инсонпарварлик ғояси асосини ташкил этувчи ушбу қадриятлар тарихий тараққиёт жараёнида вақт синовидан ўтган. Ўзбекистон Республикасида кечаётган демократик ўзгаришлар мазкур қадриятларни қайта тиклаш ва баҳолаш заруриятини кун тартибига олиб чиқмоқда.
Инсонпарварлик ғояси марказида шахсни ҳар томонлама камол топтириш масаласи ётади. Шахсни ривожлантирувчи таълим назарияси асосчилари ушбу масалани назария учун қилиб олганлар. Ривожлантирувчи таълим назариясининг ғоялари ХХ асрнинг 80-йилларида, педагогикага муқобил сифатида юзага келган ҳамкорлик педагогикасида ўз аксини топди.
Ҳамкорлик педагогикасини новатор-педагоглар (Ш.А.Амонашвили, С.Н.Лисенко, И.П.Волков, В.Ф.Шаталов, Е.Н.Ильин ва бошқалар) педагогик жараён иштирокчилари (ўқитувчи ва ўқувчилар) ўртасида инсонпарварлик тамойилига асосланган ўзаро муносабатлари ташкил этишини таъкидлаб ўтадилар. Ҳамкорлик педагогикаси учун концептуал аҳамиятга эга қоидалари - А.Авлоний, /./улом, К.Д.Ушинский, А.С.Макаренко, В.А.Сухомлинский, Ж.Ж.Руссо, Я.Корчак, К.Роджерс ва бошқаларнинг педагогик қарашларида ўз ифодасини топган. Педагогик ҳамкорлик ғоялари бугунги кунда педагогик технологиялар мазмунига сингдирилган ва “ХХI аср таълими Концепцияси” асосини ташкил этади.
Педагогик ҳамкорлик мазмуни ва методикаси хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
Болага инсонпарварлик асосида шахсий ёндашув мактаб таълими тизимида бола шахси, унинг ҳали ривожланмаган қобилиятлари, «мен»лиги устувор ўрин тутади. Мактабнинг мақсади мавжуд қобилиятларни ривожлантириш, шахсни ижтимоий фаолиятга жалб этиш, уни эркин ривожлантиришдан иборат.
Шахсга йўналтирилган (ривожлантирувчи) технологиялар асосида қуйидаги ғоялар муҳим ўрин тутади:
1. Шахсга таълимнинг мақсади сифатида янгича қараш: бола мактабда – тўла ҳуқуқли шахс, педагогик жараёнда субъект; шахснинг ривожланиши – таълим тизимининг мақсади; ҳар бир эркин, ўз фикрини мустақил ифодаловчи, баркамол шахсни тарбиялаш таълим мақсадининг асоси каби ғояларларни акс эттиради.
2. Педагогик муносабатларни инсонпарварлаштириш ва демократлаштириш болаларга нисбатан муҳаббатли бўлиш, уларнинг тақдири билан қизиқиш; болага ўз кучи ва иқтидорига ишонтириш; педагогик муносабатлар жараёнида у билан ҳамкорликка эришиш, ўқитувчи ва ўқувчининг ҳуқуқ жиҳатлдан тенглиги; боланинг эркин танлаш ҳуқуқи; хато қилиш ҳуқуқи; ўз шахсий нуқтаи назарига эга бўлиш каби ҳолатларни ифодалайди. Аксинча, тўғридан-тўғри мажбурлаш инкор этилади.
3. Индивидуал ёндошишнинг янги талқини. Унинг мазмуни ўқув фанини ўқувчига эмас, балки болани ўқув фанига йўналтиришдан иборат. Индивидуал ёндашиш қуйидагиларни ўз ичига олади: материални ўртача ўзлаштирувчи ўқувчиларга мўлжаллашдан четланиш, шахснинг ижобий сифатларини кўра билиш, шахсни психологик-педагогик диагностика қилиш.
4. Шахснинг ижобий «Мен-концепцияси»ни шакллантириш. Мен-концепцияси – бу шахснинг ўзи ҳақидаги тасаввурлари асосида шахсий ҳулқини шакллантирувчи тизим бўлиб, ижобий Мен-концепцияси (Мен ўзимга ёқаман, Мен ҳар ишга қодирман, Мен ҳамма нарсани биламан) шахсни муваффақиятларга рағбатлантириб, шахсниннг ижобий намоён бўлишига ёрдам беради. Салбий Мен-концепцияси (Мен ўзимга ёқмайман, Мен ҳеч нарсани бажара олмайман, Мен ҳеч кимга керак эмасман) унинг турли фаолият йўналишларида муваффақиятга эришишига ҳалақит беради, ўқиш натижаларини ёмонлаштиради, шахсда салбий сифатларнинг шаклланишига олиб келади. Ўқитувчининг вазифаси ҳар бир ўқувчи тимсолида комил шахсни кўриш, уни тушуниш, қабул қилиш ва унга ишонишдан иборат («Ҳамма болалар истеъдодли» тарзида).
5. “Нимага?” ва “қандай таълим?” масаласини ҳал этишга янгича ёндашиш. Унинг моҳияти таълим мазмунини шахс ривожланишининг воситаси сифатида тушунишдан иборат.
6. Замонавий мактабда тарбиялаш концепцияси. Ҳамкорлик педагогикаси қуйидаги муҳим ғояларни акс эттиради: билимлар мактабини тарбия мактабига айлантириш, ўқувчи шахсини яхлит тарбия тизимининг марказига қўйиш, тарбиянинг инсонпарварлик хусусиятига эгалиги, умуминсоний ва миллий қадриятларнинг шаклланиши, боланинг ижодий қобилияти ҳамда унинг индивидуаллигини ривожлантириш, индивидуал ва жамоавий тарбияни уйғунликда олиб бориш.
Педагогик ҳамкорлик юқорида қайд этилган ғоялар асосида шахсга йўналтирилувчи (ривожлантирувчи) технология яратилади. Таълим технологиясининг моҳияти шахсни ривожлантириш, таълим назариясини асослаш учун назарий шарт-шароит яратиш, фалсафаси эса инсонни шакллантиришдан эмас, балки унга ўзи ўзини тарбиялашга ёрдам беришдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |