Билимларни ўзлаштириш жараёнининг тузилиши. Ўқувчилар ўқув идрок этиш фаолиятларини бошқаришга ўрганиб олиш учун билимларни ўзлаштириш жараёни тузилишини яхши тасаввур этиш, ўқувчилар томонидан билимларнинг эгаллаш босқичларини билиши зарур: идрок этиш, ўқув материалини англаб етиш, мустаҳкамлаш, амалий фаолиятида билимларини қўллаш.
Биринчи босқич идрок этиш ҳисобланади. Психологиядан маълумки, идрок этиш аниқ мақсадга йўналтирилган англаш жараёни бўлиб, у танлаш хусусиятига эга. Шунинг учун биринчи навбатда ўқувчиларга мавзуни, яъни, уларнинг нимани ўрганишлари (масалани қўйиш)ни тушунтириб бериш керак. Шу асосида ўқув материали билан дастлабки танишиш амалга оширилади. У ҳақиқий мавжуд ёки ҳаёлий предмет, ҳодиса, вазиятларни кузатиш, мумкин бўлган тажрибаларни ўтказишдан иборат бўлади. Биринчи босқич ўқувчи қайси ҳодиса ва воқеаларни, предметларни ўрганиш ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлганида ва ўқув масаласини тушуниб етганда якунланади.
Иккинчи босқич – ўқув материалини англаб етиш. У маълумотларнинг назарий жиҳатларини ажратиб олиш ва анализ қилишдан иборат. Бунда асосий мазмунни топиш, тушунчани ажратиб олиш, уларнинг белгиларини асослаб бериш, тушунтириш материалини хусусиятини аниқлаб олиш, мисоллар ва тушунтирувчи далиллар тўпламини ўрганиб чиқиш керак. Бу вазиятда билимлар ўртасидаги тизимлилик муҳим аҳамиятга эга. Унда ўқувчи энг асосий, иккинчи даражали ҳамда қўшимча, тушунтирувчи элементларни ажратиб кўрсатсин. Ўқувчи ўқув масаласини ечиш усулини тушунса, билимлар ўртасидаги тизимни англаб етса ушбу босқич якунланган саналади.
Учинчи босқич – эслаб қолиш ва мустаҳкамлаш. Бу босқич ўзлаштирилган билимларини узоқ вақт давомида сақлаб қолишдан иборат. Унда идрок этиш фаолияти кўпроқ машқлар, мустақил репродуктив ва ижодий масалалар хусусиятига эга бўлади. Назарий материал, тушунча, қоида, исботлар турли хил машқларда такрорланади. Ўқитувчи ўқувчилар топшириқларни тушуниб бажаришларини кузатиб бориши керак. Улар матнларни механик кўчириб олишлари, топшириқларни бажаришлари, қоида ва тушунчаларни чуқур англаб етмай бажаришлари мумкин. Босқич якунида ўқувчилар назарий материалларни биладилар ва улардан машқларни бажариш, масалани ечиш, теоремани исботлашда фойдаланишни биладилар. Уларда ўқув малакалари ва кўникмалари шакллантирилган бўлади.
Тўртинчи босқич билим, кўникма ва малакаларни амалий фаолиятда қўллашдан иборат бўлади. Билимларини қўллаш ўрганилаётган материалнинг мазмуни хусусиятига қараб фаолият турли шакллари ва кўринишларида амалга оширилиши мумкин. Бу ўқув машқлари, лаборатория ишлари, тадқиқот топшириқлари, мактаб ер майдонидаги ишлар бўлиши мумкин. Билимларни эгаллаб олиш босқичлари схематик кўриниши қуйидагичадир:
Do'stlaringiz bilan baham: |