II БЎЛИМ. ЯГОНА ПЕДАГОГИК ЖАРАЁН
1-ҚИСМ. ДИДИКТИКА
(ТАЪЛИМ НАЗАРИЯСИ)
ДИДАКТИКА – ТАЪЛИМ НАЗАРИЯСИ СИФАТИДА.
ТАЪЛИМ ПАРАДИГМАЛАРИ
Дидактика ҳақида тушунча. Дидактиканинг предмети ва вазифалари. Дидактиканинг ташкил топиши ва ривожланиши. Инсоннинг фаолиятида ўқитиш ҳар доим жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Таълим тасодифий, интуитив хусусиятга эга бўлганда ҳам ва асосан тасодифан ахборотларни бериш ҳамда тақлид қилишдан иборат бўлганда ҳам шундай бўлган; кейинчалик ҳам, таълим мақсадга мувофиқ мунтазам ва режалаштирилган жараёнга айланганда, мактаб пайдо бўлганида ҳам шундай бўлган. Бироқ узоқ вақт давомида таълимни назарий таҳлил қилиш ва ўрганиш ишлари олиб борилмади, шунинг учун ўз назариясига эга бўлмади. Фақатгина ХVII аср бу соҳада муҳим ўзгаришлар олиб келди: айнан ўша пайтда таълим алоҳида ном олди ва тарихда биринчи дидактик фаолиятнинг илмий асосланган тизимига асос солинди.
Дидактика (таълим назарияси: юнонча «didaktikos» “ўргатувчи”, «didasko» эса – “ўрганувчи” маъносини билдиради) таълимнинг назарий жиҳатлари (таълим жараёнининг моҳияти, тамойиллари, қонуниятлари, ўқитувчи ва ўқувчи фаолияти мазмуни, таълим мақсади, шакл, метод, воситалари, натижаси, таълим жараёнини такомиллаштириш йўллари ва ҳоказо муаммолар)ни ўрганувчи фан.
Бу тушунчани буюк чех педагоги Ян Амос Коменский (1592-1670 йиллар) “Буюк дидактика” (1657 йил) номли машҳур асарида тилга олади. Лекин Коменский “дидактика бу фақат таълимгина эмас, балки тарбиялаш ҳам”, деб таъкидлайди. Мазкур асарда олим таълим назариясининг муҳим масалалари: таълим мазмуни, таълимнинг кўргазмалилиги, кетма-кетлиги каби тамойиллари, синф-дарс тизими борасида сўз юритади.
Дидактиканинг предмети, функциялари ва вазифаси. Педагогика фани таълим ва тарбия жараёнини уларнинг яхлитлиги ва бирлиги асосида ўрганади. Икки фаолиятнинг ҳар бирининг моҳиятини аниқ баён этиш учун дидактика (таълим назарияси) ва тарбия назариясини ажратиб кўрсатадилар.
Ҳозирги даврда дидактика ўқитишнинг мазмуни, методлари ва ташкилий шаклларини илмий асослаб берувчи педагогика соҳаси сифатида тушунилади.
Умумий дидактикадан ташқари хусусий дидактикалар ёки алоҳида фанлар бўйича таълим методикаси деб аталувчи дидактикалар ҳам мавжуд.
Уларнинг мазмуни таълимнинг маълум босқичларида у ёки бу фанларни ўрганиш ва таълим беришнинг назарий асосларини белгилайди. Ҳар бир ўқитувчи дидактика асосларини пухта билиши ва уларга таянган ҳолда фаолиятни ташкил этиши зарур.
Дидактика предметини аниқлаш бўйича турли қарашлар илгари сурилган. Қарашларнинг турлича бўлиши дидактиканинг методологик категорияларини аниқ ажратилмаганлиги билан боғлиқ.
Кўпчилик олимлар таълим объект деб ўқитиш жараёнининг мақсади, мазмуни, қонуниятлари, методлари ва тамойилларини кўрсатадилар.
Дидактика таълимни ижтимоий тажрибани бериш воситаси сифатида эътироф этади. Таълим ёрдамида ёшларни ҳаётга тайёрлаш амалга оширилади. Таълимий фаолиятини ташкил этишда ўқитувчи - ўқувчи, ўқувчи – ўқув материали, ўқувчи - бошқа ўқувчилар ўртасидаги муносабатлар юзага келади.
Педагогик адабиётларда улардан қайси бири дидактика учун асосий ҳисобланиши кераклиги борасида ҳам турли фикрлар келтирилади ҳамда ўқувчининг ўқув материалига бўлган муносабати, яъни, билимларни ўрганиш муносабатини асосий деб эътироф этувчи қарашлар сони нисбатан кўп.
Дарҳақиқат, ўқиш, ўрганиши таълим жараёнининг ажралмас хусусиятидир. Таълимга психология нуқтаи назаридан ёндашилса, ушбу муносабатнинг устуворлигига шубҳа қолмайди. Бироқ, таълимга педагогик, яъни, ижтимоий тажрибани бериш, ўргатиш нуқтаи назаридан қаралса фаолият учун асосий саналувчи муносабат – икки шахс (ўқувчи ва ўқитувчи) ўртасидаги муносабатлар етакчи ўрин эгаллаши лозим эканлиги англанади.
Дидактика предметини моҳиятини очишга хизмат қилувчи яна бир қараш таълим-тарбия жараёнини яхлит ўрганиш зарурлигини илгари суради. Таълимнинг тарбиявий вазифалари ўқувчининг билимни ўзлаштиришларини таъминлабгина қолмай, шахс хусусияти, унинг ривожланиши, маълум маънавий-ахлоқий сифатларни ўзлаштириши, феъл-атвори, хулқини тарбиялаш учун зарур шарт-шароитни яратишдан иборат.
Дидактикага таълимнинг мазмунли ва жараёнли жиҳатларини биргаликда ўрганиш хосдир. Амалиётни қайта ташкил этиш ва такомиллаштириш масалаларини назарда тутган ҳолда дидактика таълимни фақатгина ўрганиш объекти сифатидагина эмас, балки илмий асосланган лойиҳалаштириш объекти сифатида қарайди.
Умумий дидактиканинг предмети дарс ўтиш (ўқитувчи фаолияти) ва билим олиш (ўқувчининг ўрганиш фаолияти)нинг ўзаро боғлиқлиги ва алоқадорлиги ҳисобланади.
Дидактиканинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- таълим жараёнлари ва уларни амалга ошириш шартларини таърифлаш ва тушунтириш;
- таълим жараёнини янада мукаммал ташкил этиш, яъни, таълим тизимлари ва технологияларини ишлаб чиқиш;
- таълим жараёни учун хос бўлган умумий қонуниятларни аниқлаш, омилларини таҳлил қилиш ва таърифлаш.
Дидактика назарий ва бир вақтнинг ўзида меъёрий-амалий фан. Дидактиканинг илмий-назарий вазифаси таълимнинг мавжуд жараёнларини ўрганиш, унинг турли жиҳатлари ўртасидаги боғлиқликлар, уларнинг моҳиятини очиб бериш, ривожланиш тенденциялари ва келажагини аниқлашдан иборатдир.
Ўзлаштирилган назарий билимлар таълим амалиётини йўналтириш, таълимини жамият томонидан қўйилаётган ижтимоий талабларга мувофиқ такомиллаштиришга имкон беради. Таълим мазмунини англаб олиш, таълим тамойиллари, таълим метод ва воситаларини қўллаш меъёрларини аниқлаш асосида дидактика амалий-меъёрий ҳамда ташкилий-технологик вазифани бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |