Индивиднинг ижтимоий мавжудот сифатида шахсга айланишида ирсият, ижтимоий муҳит ва тарбия муҳим аҳамият касб этади. Улар таъсиридагина индивид шахс сифатида ривожланиб боради.
Ривожланишнинг ўзи нима?
Ривожланиш манбаи қарама-қарашликлар ўртасидаги кураш саналади.
Бола шахсининг ривожланиши шахс ижтимоий мавжудотдир деган фалсафий таълимотга асосланади. Айни вақтда инсон тирик биологик мавжудот ҳамдир.
Шахс бир бутун мавжудот сифатида баҳоланар экан, унинг ривожланишига биологик (табиий) ва ижтимоий қонуниятлар биргадек таъсир этади, шу боис уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Шахснинг ривожланишига унинг фаолияти, ҳаёт тарзи, ёши, билими, турмуш тажрибаси, ҳатто фожиали вазиятлар, турли касалликлар ҳам таъсир этади.
Инсон ҳаёти давомида доимо ўзгариб боради. У ҳам ижтимоий, ҳам психик жиҳатдан камолга етади, бунда болага берилаётган тарбия мақсадга мувофиқ бўлса, у жамият аъзоси сифатида камол топиб, мураккаб ижтимоий муносабатлар тизимида ўзига муносиб ўрин эгаллайди. Зеро, ривожланиш тарбия таъсири остида боради. Шу сабабли шахсга хос фазилатларни тўғри ва объектив баҳолаш учун уни турли муносабатлар жараёнида кузатиш лозим. Шахсни ривожлантириш вазифасини тўғри ҳал этиш учун унинг хулқига таъсир этувчи омиллар ва шахс хусусиятларини яхши билиш зарур.
Таълим муассасаларида ташкил этиладиган тарбия жараёнида унинг шахс ривожланишига самарали таъсир кўрсата олиши учун таълим олувчининг ўсиши ва ривожланишига хос хусусиятлардан хабардор бўлиш ва инобатга олиш мақсадга мувофиқ. Бинобарин, ривожланиш ва тарбия ўртасида икки томонлама алоқа мавжуд.
Шахс тарбиясига таъсир этувчи омиллар. Педагогика, психология ва фаосафа фанларида индивиднинг шахс сифатида ривожланишига ирсият (биологик омиллар), муҳит (ижтимоий омиллар) ҳамда тарбия каби омилларнинг таъсири ўртасидаги муносабатни белгилашга оид мунозара кўпдан буён давом этади.
Инсоннинг шахс сифатида ривожланишида ижтимоий ҳодисаларнинг таъсири кучли бўладими ёки биологик (табиий) омиллар етакчи ўрин тутадими? Балки тарбиянинг таъсири юқоридир?
Ўз даврида улуғ мутафаккир Абу Райҳон Беруний илк бор илгари инсон камолатида уч нарса – ирсият, муҳит ҳамда тарбия муҳим рол ўйнайди деган қарашни илгари сурган бўлса, Аристотел, Платонлар табиий-биологик омилларни юқори қўяди. Улар туғма хусусиятлар, тақдир, толе ҳар кимнинг ҳаётдаги ўрнини белгилаб берган, дейдилар.
Биологик оқимга қарши фалсафий оқим вакиллари шахс ривожланишини ижтимоий омил билан белгилайдилар. Бу оқим вакиллари бола шахсининг жисмоний, руҳий ривожланиши у яшайдиган муҳитга боғлиқ деб кўрсатадилар. Муҳит деганда одам яшайдиган шароитдаги барча ташқи таъсир тушунилади. Шу нуқтаи назардан тарбия туфайли болани ўзи яшайдиган ижтимоий шароитга мослаштириш мумкин, деган хулоса келиб чиқади. Улар ижтимоий муҳитнинг ролини ҳал қилувчи омил деб ҳисоблайдилар. Демак, одам боласининг шахс сифатида ривожланиб, тараққий этиб бориши, унинг шахс бўлиб камолга етишида насл (биологик омил), ижтимоий муҳит (бола яшайдиган шароит), шунингдек, мақсадга мувофиқ амалга ошадиган тарбия ҳам бирдек аҳамиятга эга. Бу омилларнинг таъсирини аниқлашда илғор педагогик олимлар, психолог ва файласуфлар таълимотига суянилади.
Шахс меҳнат фаолияти заминида ривожланади, камолга етади. Инсон шароитни, шароит эса шахсни яратади. Бу эса ўз навбатида инсон фаоллигини намоён этади. Шахс маълум ижтимоий тузум маҳсулидир.
Файласуфлар шахсни табиатнинг бир бўлаги деб баҳолайдилар. Бу инсондаги лаёқат куртаклари бўлиб, унинг ривожланиши учун тарбия керак, деган ғояни ифодалайди. Жамият тараққиёти шахс ривожланиши учун кенг имкониятларни яратади. Демак, шахс ва жамият ўртасида узвий алоқа мавжуд.
Шундай қилиб, шахснинг жамиятдаги ривожланиши табиат, муҳит ва инсон ўртасидаги мураккаб алоқа таъсири остида рўй беради; инсон уларга фаол таъсир этади ва шу йўл билан ҳаёти ва ўз табиатини ўзгартиради.
Шахс ривожланишини таъминлашда ижтимоий муҳит томонидан кўрсатиладиган таъсири тарбия тизими орқали амалга оширилади. Яъни: 1) тарбия таъсирида муҳит бера олмаган билим, маълумот эгалланади, меҳнат ва техник фаолият билан боғлиқ кўникма ва малакалар ҳосил бўлади; 2) тарбия туфайли туғма камчиликлар ҳам ўзгартирилиб, шахс камолга етади; 3) тарбия ёрдамида муҳитнинг салбий таъсирини ҳам йўқотиш мумкин; 4) тарбия келажакка қаратилган мақсадни белгилайди.
Шахснинг шаклланишида қуйидаги омилларнинг таъсир катта:
Демак, тарбия билан ривожланиш ўзаро алоқадор бўлиб, шахснинг ривожланишида тарбия доимий ва узлуксиз характер касб этади. Бола шахсининг ривожланишида тарбия ҳам етакчи ўринга эга бўлиб, тарбия туфайли насл-насаби, оила муҳити, ижтимоий муҳит таъсирида ҳар томонлама ривожланишга қодир, деган хулосани чиқариш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |