3. “Режа” методи талабаларда улар томонидан ўзлаштирилган назарий билимлар асосида маълум йўналишда педагогик фаолиятни ташкил этишга оид режани ишлаб чиқиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Мазкур методни қўллаш талабалардан ўрганилаётган мавзу мазмунини пухта ўзлаштириш, асосий ғояларни умумлаштириш ва маълум тизимга солиш лаёқатига эга бўлишни тақозо этади. “Режа” методи асосан маънавий-маърифий ишларни ташкил этишга йўналтирилган педагогик фаолиятни йўлга қўйишда қўлланилади. Режани ишлаб чиқишда педагогик вазият, таълим олувчиларнинг ёш, психологик хусусиятлари, маънавий-маърифий ишнинг йўналиши, мазмуни ҳамда самарадорликни таъминлаш имкониятига эгалиги инобатга олинади.
9-10-мавзулар: Илмий дунёқарашни шакллантириш ва ўқувчиларни ақлий тарбиялаш. Фуқаролик тарбияси Машғулот учун материаллар
I. Талабалар учун топшириқ. Ўқувчиларда илмий дунёқараш ва тафаккурни шакллантиришга оид саволларга жавоб қайтаринг.
Бу ўринда талабалар қуйидаги саволларга жавоб қайтарадилар:
1. “Дунёқараш” ва “илмий дунёқараш” деганда нимани тушунасиз?
2. Ақлий тарбияни ташкил этишда қандай вазифалар ҳал қилинади?
3. Сиз қандай фикрдасиз, шахс тафаккури даражасини аниқлаш мумкинми?
4. Сизнингча, иқтисодий муносабатларни ташкил эта олиш учун илмий дунёқарашга эга бўлиш талаб қилинадими?
5. Иқтисодий тарбия жараёнида қандай вазифалар ҳал қилинади?
6. Экологик тарбиянинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?
7. Ўқувчиларни фуқаролик руҳида тарбиялашда давлат рамзлари қандай аҳамиятга эга?
8. Сизнингча, ватанпарвар шахс қандай сифатларга эга бўлиши лозим?
9. Ўқувчиларни байналмилаллик руҳида тарбиялашда нималарга эътибор қаратиш лозим?
10. Ҳуқуқий тарбия жараёнида қандай вазифалар ҳал қилинади?
II. Талабалар учун топшириқ Ақлий тарбиянинг ўқувчиларда маънавий-ахлоқий, экологик ва иқтисодий маданият элементларини шакллантиришдаги аҳамиятини ёритинг.
Бу ўринда талабалар кичик гуруҳлар таркидида “Инсерт” методи воситасида қуйидаги тарбия йўналишларини ташкил этишда илмий дунёқарашнинг қай даражада аҳамиятга эгалиги хусусида ўзаро баҳслашадилар:
1. Иқтисодий тарбия.
2. Экологик тарбия.
3. Ҳуқуқий тарбия.
4. Фуқаролик тарбияси.
Гуруҳлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ёзув тахтасида қайд этиб борилади. Барча гуруҳлар йўналишлар бўйича фикр билдирганларидан сўнг ҳар бир гуруҳдан билдирилган мулоҳазаларнинг энг муҳим иккитаси танлаб олинади. Шундан сўнг ўқитувчи гуруҳларга матн тарқатади. Ушбу матнларда қайд этилган йўналишларда тарбияни ташкил этишда илмий дунёқарашга эга бўлишнинг аҳамияти ёритилади. Гуруҳлар ўзлари билдирган мулоҳазалар билан матн ғоялари ўртасида мувофиқлик бор-йўқлигини аниқлайдилар. Мавжуд ҳолатни махсус белгилар ёрдамида қайд этадилар.
Топшириқни бажариш жараёнида талабаларнинг эътиборларига қуйидаги жадвал тақдим этилади:
№
Ижтимоий тарбия йўналишлари
Гуруҳлар
фикри
Билдириладиган фикрларнинг аҳамиятлилик даражаси
Z
S
?
1.
Иқтисодий тарбия
2.
Экологик тарбия
3.
Ҳуқуқий тарбия
4.
Фуқаролик тарбияси
Изоҳ: махсус белгилар қуйидаги маъноларни англатади:
Z – матнда гуруҳлар томонидан билдирилган фикрлар ўз аксини топган бўлса;
S – матнда гуруҳлар томонидан билдирилган фикрлар ўз аксини топмаган бўлса;
? – матн билан танишиш чоғида саволлар туғилса