www.ziyouz.com kutubxonasi
26
Бу хабарни эшиткучи Кумушбибининг қора кўзлари жиқ ёшға тўлиб, кипраклари ёш билан
беландилар.
— Йиғлама бекачим, — деди Тўйбека, — биз би-ламиз сизнинг кўз ёшларингизнинг нимага
эканин: эрлар сўйинганда кулсалар, сизга ўхшаш қизлар йиғлайдирлар; сизнинг йиғлағанингиз
— қувонғанингиз... Мени эрга берганларида сенга ўхшаш мен ҳам йиғлаған эдим, аммо
ичимдан никоҳ кунининг тезроқ келишини кута-кута ўлган эдим.
— Тоқатим тугади, опа, — деди Кумуш, — ортиқ сўзламангиз.
— Сўзламайман, — деди Тўйбека, — лекин сирасини сўзлайман... Оҳ, кўрсанг эди бир
куявни. Қандай чиройлик, қандай ақллик эканини билар эдинг, бекачим. Юлдузингиз нах бир-
бирингизга тўғри тушкан экан, ик-кингизнинг ҳам бир-биравингиздан камлигингиз йўқ.
Кумушбиби ортиқ чидалмади, қўрқунч бир товуш билан ҳайқирди:
— Оҳ, ўламан, кўб сўзлама!
Кумушнинг бу товшига Офтоб ойим билан Ойша кампир уйдан югуришиб чиқдилар:
— Нима бўлди, нима бўлди?
Кумушбиби онаси билан бибисининг уйдан чиқишлари ила бошини сандалнинг кўрпасига
буркаб, ётиб олди. Тўйбека жуда қўрққан эди:
— Қаллиғи тўғрисида сўз очқан эдим, мен билан уришди.
Офтоб ойим Тўйбекани қарғаб берди:
— Сен ақлсиз ўлгур, Кумушни уялтирғансан! Тинч юрсанг сени бирав бир нима қиладими?
Бор, ишингга бор!
Оналар Кумушнинг бу ҳайқириғини уялғанга йўйдилар-да, яна уйга кириб бисот кавлашка,
тўй ҳозирлигини кўришка машғул бўлдилар.
Кумушбиби бир неча фурсаткача шу кўйи бурканиб ётди. Сўнгра ўрнидан туриб ташқари
ҳавлига қараб кетди. Кўб йиғлағанлиқдан кўзлари қизарған, қовоқ-лари шишкан, юзлар
бўрткан эди. Аммо бу ўзгаришлар унинг ҳуснини, латофатини бир зарра ҳам камитмай балки,
ўн қайта оширған эдилар. Ташқариға чиқғандан кейин айвоннинг тумшуғига келиб ўлтурди ва
ўнг қўлининг кафтига юзини олиб фикрга толди. Шу ҳолда узоқ қолди. Шундан кейин ул
қўлини юзидан бўшатди-да, энтикиб дам олди ва кимнидир излагандек, кимнидир кутгандек
теварагига қараб қўйди...
— Ариқ бўйи, сирлик ариқ бўйи.
Ёшлиқ кўзлар ариқ бўйиға тушиб, нозик оёқлар ариқ бўйи томонға ҳаракатландилар. Ул
ариқ бўйиға еткач, маълум ўринга сакраб ўтди-да, чўнқайди. Бир ҳовуч сув олиб юзидан тўкиб
туширди ва оҳистагина йўлак томонға қараб олғандан кейин сувнинг оқишиға кўзини тикди.
Кумушнинг дардини ҳеч ким билмас, унинг хаёлига ҳеч ким тушунмас, магар шу ариқ бўйи
тушунгандек, билгандек... Сирлик ариқ бўйи унга нималарнидир сўзлар, ундан нималарнидир
тинглар, бунга четдан ҳеч ким воқиф бўла олмайдир-да, бўлмоғи ҳам мумкин эмас.
Кўзларидан оққан марварид томчиларини шу сирлик ариқ суви билан ювди, бир
мартабагина ювди эмас — қайталаб-қайталаб ювди. Бояғи аччиғидан бир мунча тинчланиб, кўз
қизиллиқлари кеткан ҳолда битта-битта босиб ичкарига қайтди.
Do'stlaringiz bilan baham: |