Ўткан кунлар (роман). Абдулла Қодирий
www.ziyouz.com kutubxonasi
27
Ичкарида хотинлар мажлиси: оналарча айтканда, улар қум-тупроқдек кўб, бироқ
мажлиснинг боришида тартиб йўқ, ҳавли юзи ва уйлар хотинлар билан тўлған, қайси ҳавли
юзида бир товоқ ошни еб ўлтурадир, ким йиғлаған боласини овитиш билан овора, бирав ёр-ёр
ўқуб, тағин биттасининг қувончи ичига сиғмай хахолаб дунёни бузади, хуллас бағ-буғ етти қат
кўкдан ошадир...
Офтоб ойим қайғулироқ, туси бир оз синиққансумон... Меҳмон кутиб чарчағаниданми,
нимадан бўлса ҳам
жуда калавлаган, баъзан қиладирған ишидан ҳам янглишиб кеткани,
масалан, уйга кирмакчи бўлиб таванхо-нага кириб қолғани кўриладир. Тўйга
келган
хотинларнинг «Тўйлар муборак, куяв ўғул муборак!» деб сўрашлариға ҳам ишончсиз бир
оҳангда «Қутлуғ бўлсин», дейдир.
Офтоб ойим донхонанинг эшигидан туриб хотинлар орасидан кимнидир ўз ёниға чақирди.
Ёши эллидан ошқан, кулгуси ичига тўлиб тошқан бир хотинни дувурданчиқиб, ўзига қараб
юрганини кўргандан кейин донхонаға кирди. Хотин ҳам ичкарига киргач, Офтоб ойим эшикни
қия беклади-да, қайғулиқ бир боқиш билан хотинға қаради.
— Нега қайғулиқ кўринасан, Офтоб?
Офтоб ойим узоқ тин олиб эшикка қаради ва ярим товуш билан:
— Шу чоқда ичимга чароғ ёқсалар ҳам ёримайдирда, эгачи, — деди ва кўзига жиқ ёш олди.
— Нега?
— Қизим тўғрисидан...
— Қизингга нима бўлди?
— Унашилғаниға бу кун еттинчи кун, — деди Офтоб ойим, — шундан бери Кумушингиз тун
ҳам йиғлайди, кун ҳам, сабабини сўрасам
сира жавоб бермайдир-да, дўлонадек кўз ёшисини
оқиза берадир. Бу кун тағин йиғиси ошиб тушди. Ҳайтовур ялиниб, ялпоғланиб аранг ҳаммомга
юбордиқ.
Хотин Офтоб ойимнинг бу гапидан ҳайрон бўлди ва ўйлаб сўради:
— Нимабало, куявинг кўрксизми?
— Ўзим кўрмадим, — деди Офтоб ойим, — аммо кўргучиларнинг сўзларига қарағанда
ўхшашсиз кўркам, тенгсиз ақлли бир йигит эмиш... Отасининг ўзи йигитни яхши кўриб куяв
қилған эди.
— Кумушнинг ўзи йигит тўғрисидан ҳеч нарса билмайдирми?
— Биладир, — деди ойим, унинг олдида биз жўрттага куявни махташамиз,
лекин бу
махтовларни эшитгуси келмай, қайтаға йиғисиниғина ортдирадир.
Хотиннинг ҳам бу гапдан ҳайрати ортди ва бундан қандай сир борлиғига ақли етмади.
Офтоб ойимни юпатиш учун ўткан-кеткандан ва бошда йиғлаб эрга теккан қизларнинг
чимилдиқда йигит билан апоқ-чапоқ бўли-шиб кетканларидан ҳикоя қилди:
— Қайғирма, Офтоб, — деди, — куявинг бунчалик сулув бўлса, гап-сўзда тенгги бўлмаса,
ҳали чимилдиқда қизингнинг печак гулдек бўлиб эрига чирмашқанини кўрармиз.
— Оҳ, опажон, — деди умидсизча ойим, — маним бунга кўнглим чопмайдир.
— Чопсин, Офтоб. Мен бундай йиғлоқ қизларнинг кўпини кўрдим, шундай қизларнинг
уялмай-суялмай чимилдиқда ҳатто йигитдан ҳам ортдириб ҳаракат қилганларини ҳам кўрдим,
сенинг қизинг ҳам шуларнинг биттаси, қайғирма Офтоб.
— Илоҳи шундай бўлсин-да.
— Бўлади-бўлади, — деди кулиб хотин, — шошмачи, Офтоб. Агар қизинг
мен айткандек
ўзгариб кетса менга нима берар эдинг?
— Сизга бош-оёғ кийим.
— Сўзингдан қайтма, Офтоб. Печак гулдек бўлиб эрига чирмашқанини кўрармиз ҳали, худо
кўрсатса, бор, ўйнаб-кулиб меҳмонларингни кут!..
Шундан кейин икави донхонадан чиқиб хотинлар орасиға кирди.
Do'stlaringiz bilan baham: