ягона манба ҳисобланади. Ундан кейин Шайх Аҳмад Т а р о з и й нинг дастлабки туркий
тазкираси—«Фунуни балоға» (XIV аср) юзага келди.
Кейинчалик Абдураҳмон Жомий, Давлатшоҳ Самарқандий, Алишер Навоий, Нисорий, Лутф
Алибек кабилар ҳам тазкиралар ёзишган. Тазкиралар адабий манба сифатида қадимдан қадрланиб
келган. Тазкиранинг манбашунослик учун аҳамияти шундан иборатки, улардаги ҳар бир мақола—
«ф и қ р а» да алоҳида бир арбоб (шоир, адиб, мутафаккир ва ҳ.к.)нинг исми, тахаллуси, қаерлик
экани, ижоди соҳаси, муҳим асарлари, табиати, муаллифнинг унга муносабати, ижодидан бир
шингил, арбоб умрининг ниҳояси, дафн этилган жойи ва ҳ.к.лар бериладики, улар ўрта аср
китобдорларининг ўз хазиналарини нималар билан тўлдиришлари мумкинлиги ҳақида қимматли
маълумотлар берган. Бунинг устига, мумтоз адабиётдан кўпгина намояндаларнинг ижодий ҳасби
ҳолини тиклашда тадқиқотчилар у ҳақида маълумотни биринчи навбатда тазкиралардан
қидирадилар. Тазкиранависликнинг манбашуносликдаги ўрнини белгилашда бу турдаги китоблар
ҳақида олиб борилган тадқиқотларнинг хизматлари катта (қ.:Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи,
289-б.).
Маноқиб, ҳолот, ҳасби ҳол
каби асарларда машҳур кишиларнинг ҳаёт йўли билан
таништириш асносида улар ёзган асарлар ҳақидаги маълумотлар ҳам келтирилади. Бундай асарлар
одатда бу шахсларни таниган ёки уларга маслакдош бўлган кишилар томонидан ёзилгани учун
улардаги маълумотлар юқори баҳоланади. Маънавий меросимиз орасида бу руҳдаги асарлар кўп
учрайди. Чунончи, Алишер Навоийнинг «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон
Муҳаммад», «Хамсат ул-мутаҳаййирин»; Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ»; Муаллифи
номаълум «Маноқиби Машраб», «Маноқиб ул-орифин», «Маноқиб уш-шуаро» (КВР, АН
ТаджССР, IV т.); Али Муҳаммад Мухлиснинг «Ҳолнома» асарлари шулар жумласидандир.
Адабий манбашунослик учун муҳим тасдиқловчи маълумотлар бера олиши мумкин бўлган
китоб турларидан яна бири
баёз
лардир. Баёзлар ўнлаб шоирларнинг шеърларини ўз ичига олиши,
уларнинг номлари ва шеърларидан намуналар берилиши билан манбашунослик фанида муҳим
ўрин тутади. Бу китобларнинг дастлабки намуналари араб мумтоз адабиётида IX асрга мансуб
(шоир Абу Таммом тузган). Марказий Осиёда ҳозирча 1442 йилда тузилган баёз энг қадимий
ҳисобланади. Унда 22 та Эрон, Ҳинд ва Марказий осиёлик шоирларнинг шеърлари берилган.
Бу турдаги китоблар қаторига «мажмуа», «качкул», «гулчин» деб аталган китобларни ҳам
қўшиш мумкин. Бу хилдаги китоблар юзасидан таниқли олимлар Ё. Исҳоқов ва М. Ҳамидовалар
тадқиқот олиб боришган.
***
Адабий манбашуносликнинг айниқса, адабиёт тарихи ва матншунослик учун аҳамияти
беқиёсдир. Манбашунослик соҳаси ўтмиш адабиёт намуналарини нашрга тайёрлаб, чоп этишда
матншунослик ишлари учун материал етказиб беради. Бунинг учун мазкур материалларни ўз
ичига олган манбаларни йиғиш, тартибга солиш, улар ҳақида атрофлича
тавсифларни
яратиш
лозим.
Асарларнинг матнлари билан бир қаторда, улар ҳақидаги фикрлар қайд этилган китоблар
ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Бу манбаларга суяниб тил тарихи, адабиёт тарихи ҳамда
адабиёт назариясига оид тадқиқотлар олиб борилади, хулосалар чиқарилади. Натижада маълум
тарихий давр учун адабиётнинг тил ва услуб хусусиятлари, жанрлар тараққиёти, ҳаётни бадиий
акс эттириш мезонлари очила боради.
***
Do'stlaringiz bilan baham: