www.ziyouz.com кутубхонаси
37
Жамол КАМОЛ
«ҚИЗИЛ, СОРИҒ, ЯШИЛ...»
Хилъатин то айламиш жонон қизил, сориғ, яшил,
Шуълайи оҳим эсар ҳар ён қизил, сориғ, яшил.
Гулшан этдим ишқ саҳросин, самуми оҳдин,
Ким эсар ул дашт аро ҳар он қизил, сориғ, яшил.
Орази, холинг оила хаттинг хаёлидин эрур,
Кўзларимнинг олдида даврон қизил, сориғ, яшил.
Шишадек кўнглимдадир гулзори ҳуснинг ёдидин
Тобадонинг аксидек алвон қизил, сориғ, яшил...
Лаългун май тутқил олтин жом бирлан сабзада,
Ким булардин яхши йўқ имкон қизил, сориғ, яшил:
Фақр аро беранглик душвор эрур беҳад, валек,
Ҳирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил.
Эй, Навоий, олтину шингарфу зангор истама,
Бўлди назминг рангидин девон қизил, сориғ, яшил...
Алишер Навоий ғазаллари – гўзаллик мулкининг мангу сўлмас чечакларидир. Уларда ишқ
бор, дард бор, фараҳ бор... Беором, оташин қалбнинг буюк талпинишлари, юксак, олийжаноб
руҳнинг бетакрор сувратлари, манзаралари...
Маъно ва тафаккур, хаёл ва тасаввурнинг авж пардалари, учқур парвозлари, сўнгсиз
жилвалари, демакдир... Уларни баҳолаш, талқин этиш учун биз, фақирларга Навоий етуклиги
даражасига кўтарилиш йўл бўлсин, лекин, ҳарҳолда ҳазратнинг маънавий дунёсига яқинлашиш,
унинг камолига эргашиш шарт. Шу маънода Навоий ижоди буюк бир кўзгудирким, ҳар кимса
унга кўз солиб, унда кўзи илғаганча кўрар, у бир хазинадирким, ҳар киши унга қўл чўзиб, ундан
қурби етганича олар... Навоийнинг ҳар битта байти замирида бир, уч, беш ёки ўнлаб маъно ва
мазмунлар яширин, инчунин, уларнинг изоҳи учун бир, уч, беш ёки ўнлаб талқинлар туғилиши
муқаррар. Уларнинг қирралари, чизғилари, товланишлари, рамзу ишоралари беҳисоб. Бир йўла
қамраб олиб бўлмайди. Дунёни бир қарашда қамраб ёки битта талқинга сигдириб бўлмагандек...
Лекин Навоий дунёқарашининг бош устуни бор. У шоир дунёсини, унинг осмондек азамат
гумбазини бошида тикка кўтариб туради. Бу - тасаввуф таълимоти, нақшбандийлик тариқати.
Шоир фалсафаси ана шу таълимот, ана шу тариқатга суянади. Бу таълимот ва тариқатнинг
қисқача мазмуни шундай: оламдан мақсад – одамдан мақсад – худо, худодан мақсад – камолот,
камолотнинг эса йўли чексиз. Бу йўлга чиққанлар «ҳақиқат йўлчилари» аталиб, ишқ-муҳаббат
уларга раҳиамо бўлади... Алишер Навоий олам ва одамни ана шу нуқтаи назардан кузатади ва
идрок этади, бошқача айтганда, у олам марказида одамни, одам сиймосида оламни кўради, олам
ва одам бирлигида эса «ҳусни мутлақ», «меҳри мутлақ» қуёшнинг ранг-баранг шуълаларини
кўриб, ҳайрат ва ҳаяжонга тушади. Унииг ғазаллари ҳақ-ҳақиқатнинг ана шу чексиз шуълалари
қаршисидаги чексиз ҳайрат ва ҳаяжонларнинг сўнгсиз нидолари, садоларидирлар. Ўқиймиз, илк
манзара — илк ҳайрат:
Алишер Навоий ғазалларига шарҳлар
Do'stlaringiz bilan baham: |